Жанобатдан ғусл қилиш боби (5)

0

Ўттиз учинчи ҳадис

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((كُنْت أَغْسِلُ الْجَنَابَةَ مِنْ ثَوْبِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَيَخْرُجُ إلَى الصَّلاةِ وَإِنَّ بُقَعَ الْمَاءِ فِي ثَوْبِهِ)) .
وَفِي لَفْظٍ لِمُسْلِمٍ ((لَقَدْ كُنْتُ أَفْرُكُهُ مِنْ ثَوْبِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَرْكاً فَيُصَلِّي فِيهِ)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан маний юқини ювар эдим. Сўнг у зот намозга чиқар эканлар, кийимларининг ювилган жойи ҳўл бўлиб турар эди” [Бухорий: 229].

Муслим ривоятида шундай дейилган: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан манийни ишқалаб ташлардим. Сўнг у зот шу кийимларида намоз ўқир эдилар” [Муслим: 288].

Шарҳ:

   Ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо айтмоқдики, жанобатдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига юққан маний хўл ҳолида бўлса, уни сув билан ювар, сўнг у зот кийимлари қуримаса ҳам унда намозга чиқардилар. Аммо кийимга юққан маний қуриб қолган бўлса, у ҳолда уни қўллари билан ишқалаб ташлар эди.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар маний нажас ёки поклиги борасида ихтилоф қилганлар. Ҳанафий ва моликий мазҳаби уламолари фикрига кўра маний нажосатдир. Бунга улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маний теккан кийимларини аёллари ювгани ҳақида келган ҳадисларни далил қилишган. Мазкур Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси шулар жумласидан.

Имом Шофеий, имом Аҳмад, Ибн Ҳазм, шайхулислом Ибн Таймия, шунингдек, муҳаддис ва муҳаққиқ уламолар наздида маний пок саналади. Улар бунга талай далилларни зикр қилишган. Қуйида уларнинг баъзиларни зикр қиламиз:

1 – Ойша розияллоҳу анҳо қуриб қолган манийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларидан тирноқлари билан ишқалаб тозалагани саҳиҳ ҳадисларда келган. Агар маний нажас бўлганида қолган нажосатлар сингари уни ҳам ювиш фарз бўларди.

2 – Маний инсоннинг асли, негизи ҳисобланади. Инсоннинг асли нопок, ифлос нарса бўлиши мумкин эмас. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни мукаррам ва пок қилиб яратган.

3 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам манийни сийдикни ювгандек ювишга ва ундан сақланишга буюрмаганлар.

4 – Уммулмўъминин Ойша розияллоҳу анҳо у зотнинг маний теккан кийимларини ювганлиги ҳақида келган ҳадисларга қуйидагича жавоб бериш мумкин. Мишиқи, балғам ва тупук каби нопок нарсалар инсон бадани ёки кийимига тегса, уни тозалашга ҳаракат қилади. Ҳолбуки, уларнинг барчаси пок нарсалар ҳисобланади. Бинобарин, маний теккан кийимни ювиш ҳам унинг нажас (нопок)лигига далолат қилмайди. Шариатимиз нажосат ва нопокликларни тозалашга буюрган бўлса, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ювишга рози бўлмасинлар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Маний пок бўлиб, уни бадан ёки кийимдан ювиб ташлаш фарз эмас.

2 – Кийим ва баданга теккан манийни тозалаш мустаҳаб. Агар хўл бўлса ювиб, қуриқ бўлса ишқалаб тозаланади.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг