Фарзанд кўпайтирмаслик мақсадида сақланиш жоизми?

0

Савол:

Фарзанд кўпайтирмаслик мақсадида сақланиш, яъни, аёлига спирал ўрнатиш ёки қўшилганда “презерватив” қўллаш жоизми?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ;

Аввало фарзанд кўришни батамом тўхтатиш ёки кечиктириш мақсадида сақланишнинг шариатдаги ҳукмига тўхталиб ўтиш ўринлидир.

Дарҳақиқат, батамом туғишни тўхтатиш мақсадида ҳомиладорликни кесувчи воситаларни қўллаш жоиз эмас. Агар ҳомиладорлик ёки туғиш натижасида аёлга муҳаққақ зарар ва машаққат етадиган бўлсагина ҳомиладорлик олдини оладиган воситалар қўллаш жоиз бўлиб, бу ҳолатда аёл соғлигига зарар етказмайдиган ёки имкон қадар оз миқдорда зарар етказадиган, шунингдек, бирон ношаръий иш содир бўлишига олиб бормайдиган энг муносиб воситалар ихтиёр қилиниши лозим.

Аммо муайян миқдордаги фарзандлар билан кифояланиш ва уларнинг тарбияси билан шуғулланиш ёки фарзандлар кўплиги ва шу каби баҳоналар сабаб буткул ҳомиладорлик олдини олиш жоиз эмас.

Ёш болани яхши парваришлаш мақсадида навбатдаги ҳомиладорликни икки-уч йилга кечиктиришнинг зиёни йўқ. Бу тўғрида Ислом фиқҳи академияси кенгаши томонидан батафсил қарор қабул қилинган.

Мазкур қарорда шундай дейилади:

“Ёлғиз Аллоҳга ҳамд, охирги Пайғамбар, унинг оиласи ва асҳобларига салом ва салавотлар бўлсин! Аммо баъд;

Ислом фиқҳи академияси кенгаши наслни чеклаш ёхуд одамларни алдаш мақсадида “наслни тартибга солиш” деб номланган масалани кўриб чиқиб, бу борадаги муҳокама ва фикр алмашувлардан кейин бир овоздан қуйидагиларни қарор қилади: “Маълумки, Ислом шариати мусулмонлар наслини кўпайтиришга ва уларнинг ер юзида ёйилишига тарғиб қилади. Зурриёд Аллоҳнинг бандаларига ато этган катта ва улуғ неъматидир. Дарҳақиқат, бу ҳақда Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида кўпдан-кўп кўрсатмалар мавжуд. Шаръий кўрсатмалар шуни кўрсатадики, наслни кесиш ва ҳомиладорликни ман қилиш инсон фитратига ҳамда Аллоҳ таоло бандаларига рози бўлган ислом шариатига зиддир. Наслни чеклаш ёки ҳомиладорлик олдини олишга чақирувчилар бу чақириқлари билан аҳоли сонини камайтириш учун умуман олганда омма мусулмонларга ва айниқса, мусулмон араб халқлари, заиф ва ночор халқларга   макр-ҳийла қилишни, аҳоли сони камайиши туфайли бу мамлакатларни мустамлакага айлантиришни, аҳолисини бўйсунтиришни ва ислом ўлкаларининг бойликларини талон-тарож қилишни мақсад қилган бир тоифадир. Наслни чеклашда қайсидир жиҳатдан жоҳилият амалларига ўхшашлик ва Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон гумонга боришлик, шунингдек, инсоний захираларнинг мўл-кўллиги ва уларнинг ҳамжиҳатлигидан ташкил топган ислом биносини зифлаштириш бор. Шу боис, Ислом фиқҳи академияси бир овоздан наслни чеклаш мутлақо жоиз эмаслигини қарор қилади. Шунингдек, фақирликдан қўрқиб ёки бошқа бирон шаръан эътиборга нолойиқ сабаблар  учун ҳам наслни чеклаш жоиз эмас. Чунки Аллоҳ таоло чексиз қудрат соҳиби бўлган ягона Раззоқ – ризқ берувчи зотдир. Ер юзидаги барча мавжудотларнинг ризқи ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. Бироқ аёлнинг табиий равишда туға олмаслиги, балки болани жарроҳлик операцияси орқали чиқариб олишга тўғри келиши каби айрим ҳолатларда онага муҳаққақ зарар етадиган бўлса ёки бошқа бирон шаръий ёхуд ишончли мусулмон табиб тавсияси билан бирон тиббий сабабларга кўра ҳомилани ман қиладиган ёки кечиктирадиган воситаларни қўллаш жоиздир. Агар ишончли мусулмон табиблар томонидан билдирилган тиббий хулоса кўра, ҳомиладорлик ортидан онанинг ҳаётига муҳаққақ зарар етиш хавфи бўлса ҳомиладорликни ман қилиш вожиб бўлади. Аммо юқорида зикр қилинган сабабларга кўра, оммавий равишда ҳомиладорликни ман қилиш ва наслни чеклашга даъват қилиш шариат нуқтаи назаридан жоиз эмас. Катта-катта маблағлар иқтисодий фаровонлик, ободонлаштириш ва халқлар эҳтиёжини қондириш ўрнига оламда ҳукмронлик қилиш ва халқларни вайрон қилиш мақсадида бутунжаҳон қуролланиш пойгаси йўлида сарфланаётган бир пайтда халқларни наслни чеклашга мажбурлаш ва бу ишни уларга зўровонлик йўли билан қонунийлаштириш бундан ҳам катта гуноҳ ва ман қилиш лозим бўлган ишдир”.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Қуръон нозил бўлиб турган ҳолида биз “азл” қилар эдик” [Бухорий (5208) ва Муслим (1440) ривояти]. Эркак киши бола бўлишдан сақланиш учун эркаклик сувини аёл бачадонидан ташқарига тўкишига “азл” дейилади. Уламолар мазкур ҳадисга биноан наслни тартибга солиш, яъни фарзандларни яхши тарбиялаш ва парвариш қилиш учун навбатдаги ҳомиладорлик даврини кечиктириш жоиз деганлар.
Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар аёлнинг фарзандлари кўп бўлса ва шу сабаб уларни исломий тарбиялаш оғир бўлса токи ҳомиласи ўзига ҳам, фарзандларига ҳам зарар бермаслиги учун туғишни тартибга соладиган воситаларни қўллаши жоиз. Зеро, Аллоҳ таоло шу ва шунга ўхшаш манфаатлар учун наслни тартиблашга рухсат берган” [“Фатово нурун алад дарб” (21/394)].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аслида  ҳомиладорликни олдини олиш учун сақланиш жоиз. Чунки саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида сақланганлар ва бу ишдан қайтарилмаганлар. Шундай бўлсада, бу ишни қилмаслик авло ва афзалдир. Негаки, зурриёдларни кўпайтириш шариатда тарғиб қилинган матлуб ишдир” [“Фатово нурун алад дарб” (2/22)].

Умуман олганда наслни чеклаш ёки тартибга солишнинг бир қанча ҳолат ва баҳоналари бор. Уламолар мазкур ҳолат ва баҳоналарни инобатга олиб баъзан бу масалада қаттиқ гапирганлар. Чунки инсонлар наслни тартибга солиш тўғрисидаги фатволарни суистеъмол қиладилар, ноўрин ишлатадилар. Мазкур ҳолатлар қуйидагилардан иборат:

  1. Агар туғишни кечиктириш қарори бутун жамият, давлат ёки уммат миқёсида умумий қарорга айланса, у ҳолда жамиятни вайрон қилувчи хатарли ишга айланади. Бинобарин, туғишни кечиктириш ҳукми ножоиз бўлиб қолади. Негаки, у оддий табиий ҳолатдан зарарли фавқулодда ҳолатга кўчиб ўтади ва шу боис ножўя ишга айланади.

  2. Агар туғишни кечиктиришдан мақсад фарзандларни едириб-ичириш ва боқишдан қўрқиш бўлса, бу дегани биз мусулмонларнинг қазои қадарга, Аллоҳнинг ризқи кенг эканига, Унинг ер юзида саъй-ҳаракат қилган бандаларининг ишларини ўзи ўнглашига бўлган иймонимизга чинакам дарз кетиши демакдир. Шунингдек, бу келажакдан асоссиз қўрқиш, ишлаб чиқариш ва меҳнатдан ўзни олиб қочиш саналади. Шунинг учун уламолар наслни чеклаш ёки кечиктиришдан қайтарганлар ва уни номақбул амал санаб, бу хусусда очиқдан-очиқ фатволар берганлар.

  3. Агар туғишни кечиктириш сабаби эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик бўлса, яъни улардан бири фарзанд кўришни хоҳлаши-ю, бошқаси хоҳламаслиги бўлса, шариатимизда эр-хотиндан бири ўзича буни рад этишга ҳаққи йўқ. Чунки фарзанд кўриш ҳаққи улар ўртасидаги муштарак ҳақдир. Бирон жўяли сабаб ёки узрсиз эр ёки хотиннинг ўзи туғишни олдини олиши ёки кечиктириши жоиз эмас.

  4. Агар туғишни чеклаш ёки кечиктириш сабаби маданий ва маънавий жиҳатдан кофирларга эргашиш ва уларга кўр-кўрона тақлид қилиш бўлса, уларнинг маданияти ва ҳаёт тарзидан лол қолиш ва таъсирланиш бўлса, шак-шубҳа йўқки, бундай ҳолатда ҳам туғишни чеклаш ёки кечиктириш жоиз эмас. Зеро, улуғ шариатимиз мақсад ва ғояларидан бири ўзи иймон келтирган шаръий асослардан келиб чиқиб иш қиладиган, яшаб турган воқелигини чуқур англаган ҳолда фойда ва зарарларни чинакам солиштира оладиган, шунингдек, бугунги кунда барчага аён бўлган моддий кучлар томонидан оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган мавҳум руҳий таъсирлар исканжасига тушмайдиган ёки кофир халқлар хулқ-атвори, урф-одати ва хатти-ҳаракатлари олдида маънавий мағлубиятга учрамайдиган мустақил шахсиятга эга мусулмонларни тарбиялашдир.

  5. Агар туғишни кечиктириш учун буткул наслни қуритадиган дори-дармонлар ёки жарроҳлик операциялари қўлланса ва натижада аёл ёки эр тоабад насл қолдириш хусусиятини йўқотадиган бўлса, у ҳолда бу иш тажовузкорлик, Аллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматга нонкўрлик ва У зот етук ҳикматни кўзлаб уларга берган манфаатни зое кетказиш саналади.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон ўзини ахта қилишидан қайтарганлар. Уламолар бу ишнинг ҳаромлигида ихтилоф қилмаганлар. Зеро, бундай қилиш шариат мақсадларидан муҳим бир мақсадга очиқдан-очиқ қарши чиқиш, ислом дини асраб-авайлашга буюрган беш зарурий қадриятлардан бири бўлмиш наслни асраш қадриятини буткул оёқости қилишдир. Дарвоқе, бу зарурий қадриятлар  дин, жон, номус, мол-мулк ва наслни асрашдан иборат.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бошқа фарзанд кўрмаслик ёхуд фарзандларни камайтириш мақсадида сақланиш жоиз эмас. Бироқ ишончли мусулмон табиб маслаҳатига кўра, ҳомиладорлик аёл ҳаётига жиддий хавф туғдирган кезда наслни чеклаш жоиз. Шунингдек, мавжуд фарзандларни яхши парваришлаш мақсадида маълум муддат навбатдаги туғишни кечиктириш ҳам жоиз. Бироқ бу имкон қадар зарурат даражасида ва якка тартибда бўлиши лозим. Шунингдек, бу мақсадда ҳомиладорлик олдини оладиган воситалар: таблетка, спирал, презерватив ва ҳоказо воситалардан муносибини ишлатиш жоиз, валлоҳу аълам.

(Фатвони тайёрлашда IslamQA  ва IslamWeb саҳифаларидан фойдаланилди)

Изоҳ қолдиринг