Қуръонда илоҳий суннатлар тушунчаси (1)

4

Илоҳий қонун-қоидалар ва унинг воқеликни англашдаги роли

Дарҳақиқат, ҳамду-санонинг барча тури Аллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано айтамиз ва Ундан ёрдам сўраймиз. Аллоҳдан нафсимиз  ёмонликлари ва ёмон амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоятлаган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоятловчи йўқдир.

Ёлғиз ва шериги бўлмаган  Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик берамиз.

Бугунги кунда умуман жаҳонда юз бераётган ва айниқса, ислом уммати бошига тушган ачинарли воқеа-ҳодисалар, фожеали мусибатлар Раббимизнинг Китоби ва Унинг кўрсатмаларидан келиб чиқиб таҳлил қилинса, унинг асло ажабланарли жойи қолмайди. Негаки, кунимизда юз бераётган бу воқеа-ҳодисалар Аллоҳнинг ўзгармас қонун-қоидаларига биноан содир бўлмоқдадир. У шундай илоҳий қонун-қоидаларки, ижро этиш жараёнида ҳеч кимсани аямайди ва бирон жамият ундан қочиб қутулолмайди. Агар куфр, фисқ-фужурда учига чиққан, зулмда унга бас келиб бўлмайдиган киши ҳам борлиқдаги ишларнинг содир бўлиши ва амалга ошиши учун Раббимиз белгилаб қўйган бу қонун-қоидаларга мувофиқ тарзда ҳаракат қилса, ер юзидаги энг иймони мустаҳкам, энг тақводор инсон орзу қилган натижаларга бемалол эришиши мумкин. “(Эй Муҳаммад), Раббингиз ҳеч кимсага зулм қилмайди” [Каҳф: 49].

Негаки, башарият ҳаётида ҳукмрон бўлган ушбу раббоний қонун-қоидалар бениҳоят аниқ, мунтазам, беаёв ва қатъий бўлиб, унга чап бериш, уни айланиб ўтиш имкони йўқ. Бу қонун-қоидалар орзу-ҳавас билан иши йўқ, фақат меҳнат ва саъй-ҳаракатларнигина эътироф этади. Ушбу қонунлар аниқлик, қатъийлик ва жиддийликда Аллоҳнинг кавний (кундалик ҳаётда юз берадиган табиий) қонун-қоидалари билан теппа-тенг.

Уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) ҳақ (Китоб) экани аниқ маълум бўлиши учун, албатта, Биз уларга атроф ўлкалардаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз” [Фуссилат:53].

Бугунги кунда ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган қадр-қийматсизлик иллати – “кўпиклик” иллатига чалиниши-ю, натижада бошқа умматлар учун қулай ўлжага айланиб таҳқирланишининг асосий сабаби мусулмонларнинг шахслар, жамоатлар ва халқлар ҳаёти устидан ҳукмрон бўлган илоҳий қонун-қоидаларни билмаслигидир. “(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир” [Мулк: 3]. Масаланинг туб моҳиятини англаб етмай ушбу хорлик зулматидан чиқиш чорасини ахтарган киши борган сари муаммо ечимидан узоқлашаверади. Аллоҳнинг суннатларини билмай туриб тарихни англаб етиш ва ўз навбатида  давлат барпо этиш, тинчлик ва барқарорликликни таъминлаш, давомийлик ва ҳукмронликни сақлаб қолиш омилларини идрок этиш, шунингдек, емирилиш, қўрқув, вайронагарчилик ва инқироз сабабларини  ўрганиш амри маҳол.

Дарҳақиқат, улкан воқеа-ҳодисалар юз бераётган бугунги кунда Аллоҳнинг илоҳий қонун-қоидаларини эслаш ва одамларга ҳам эслатиш нақадар муҳим ва ўринлидир. Катта воқеалар юз берар экан, ақллар шошиб, қалблар саросимага тушади. Айрим одамлар бу воқеаларга тўғри баҳо беролмай нотўғри иш тутадилар, кимлардир онг-идроки панд бериб, янглиш хулоса чиқарадилар. Ҳа, ҳидоят Аллоҳдан. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Одамлар бир уммат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга жаннат) хушхабарини берувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин  деб Ҳақ китобни (Таврот ва  Инжилни) нозил қилди.  Энди очиқ оятлар келганидан кейин  фақат шу китоб берилган кимсалар ҳадларидан ошиб,  талашиб-тортишдилар. Сўнгра Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни улар (китоб берган кимсалар) ихтилоф қилган ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилади” [Бақара: 213].

Шу ўринда бир савол туғилади: илоҳий суннатлар деганда нима назарда тутилади?

Илоҳий суннатлар деганда башарият ҳаётида ҳукм сурувчи, асло ўзгармайдиган ва барчага бирдай жорий бўладиган  қадарий қонун-қоидалар назарда тутилади. Аллоҳнинг шахсларга оид, халқларга хос ҳамда мусулмонларга алоҳида, кофирларга алоҳида суннатлари мавжуд. Одамлар ҳаётдаги барча хатти-ҳаракатлари ва юриш-туришларида бу суннатларга бўйсунадилар. Бунинг ортидан ғалаба ва мағлубият, саодат ва бахтсизлик, иззат-икром ва хор-зорлик, тараққиёт ва қолоқлик, кучлилик ва заифлик каби ҳеч ўзгармайдиган маълум ўлчов ва миқдордаги натижалар келиб чиқади. “Бас, сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати – қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг айланганини (яъни азобга лойиқ кимсалар қолиб,  ўзгалар азобланганини) кўрмассиз” [Фотир: 43].

Келинг, бу суннатлар билан энг чиройли баён бўлмиш Раббимизнинг китоби орқали танишишга ҳаракат қиламиз. Аллоҳ таоло бандаларидан Ўзининг илоҳий суннатларини англаб етишларини хоҳлагач, уларга бу қонун-қоидалардан ҳидоят рўёбга чиқадиган ишларни баён қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни,  сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг суннатлари – йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни истайди.  Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир” [Нисо: 26]. Шу боис, бу суннатларни тушуниш учун ваҳий нурига мурожаат қилишга зарурат бор. Хўш, Қуръон илоҳий суннатлар тушунчасини қандай изоҳлайди?

Қуръонда илоҳий суннатлар тушунчаси

Қуръони Каримда “Аллоҳнинг суннатлари” ёки “Бизнинг суннатларимиз” иборалари бир қанча ўринларда зикр қилинган.

1. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки,  агар мунофиқлар,  дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз, сўнгра улар (Мадинада) сиз билан бирга тура олмай қолурлар, магар лаънатга дучор бўлган ҳолларида озгина (вақт тура олурлар холос). (У пайтда) улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар. (Бу) илгари ўтган зотлар ҳақидаги Аллоҳнинг суннати-қонунидир. Аллоҳнинг суннатини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз” [Аҳзоб: 60-62].

Мазкур оятларда мунофиқлар учун шундай таҳдид ва жазолар ёд қилинганки, агар уларнинг қалблари бу жазо ва таҳдидларни англаб етса албатта қўрқувдан қинидан чиқиб кетади. Бу мунофиқларга тааллуқли Аллоҳнинг суннатидир. Агар улар нифоқ ва куфрда ҳаддидан ошсалар, ярамас қилмишларидан қайтмасалар Аллоҳ улар устидан иймон аҳлини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар мунофиқларнинг танобини тортадилар.

2. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ахир улар ер юзида сайру саёҳат қилишиб, ўзларидан аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган, кофир) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Улар (Макка мушрикларидан кўра) кўпроқ ҳамда қуч-кувват ва ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. (Аммо) уларга топган молу дунёлари ҳам, куч-қувватлари ҳам асқотгани йўқ. Чунки уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон келтириш ва У зотга бўйинсуниш зарур экани ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтда улар ўзларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар (ва пайғамбарлари огоҳлантирган азобни масхара қилиб кулдилар). Шунда уларни ўзлари масхара қилган азоб ўраб олди. Улар Бизнинг азобимизни кўришгач, “Якка-ю ягона Аллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик”,  дедилар. Лекин Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади. (Бу) – Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган суннати – қонунидир (яъни азоб тушган вақтда келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас). Ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар” [Ғофир: 82-85].

 Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақни тан олмайдиган қайсар кимсаларни ер юзида сайру саёҳат қилиб, ўзларидан олдин яшаб ўтган одамларнинг оқибати хусусида фикр ва мушоҳада юритишга чақиради. Дарҳақиқат, ўтмишда яшаб ўтган айрим қавмлар улардан кўра саноғи кўпроқ, куч-қудрат ва тараққиётда ҳам улардан анча пешқадам эдилар. Бироқ шунга қарамай, Аллоҳнинг азоби келган кезда буларнинг ҳеч бири уларга асқотмади. Негаки, бу одамлар уларни зулматлардан нурга чиқариш учун келган пайғамбарларига иймон келтирмадилар. Аксинча, ўзларидаги дунёвий илм-фан ва моддий тараққиёт билан қувондилар. Оқибат, ўзлари масхара қилишган даҳшатли азоб уларни ўраб олди, уларни қайсарлик ва масхара касофати урди. Муҳаққақ азоб туша бошлаганини кўрган бу одамлар “Яккаю ёлғиз Аллоҳга иймон келтирдик ва Аллоҳга шерик қилган бут-санамларимиздан юз ўгирдик”, дейишди. Бироқ энди кеч бўлган эди. Энди уларнинг тавбаси қабул қилинмас, хато-камчиликлари кечирилмас эди. Зеро, Аллоҳнинг азалдан бандалари ичида жорий бўлиб келган суннати – қонун-қоидаси, бошига азоб тушган вақтда тавбага ошиққан кимсалар ҳақидаги ҳукми азалийси – бундай кимсаларнинг тавбаси қабул бўлмаслигидир. Ана ўшанда кофирлар чинакам зиёнга юз тутдилар!

3. Аллоҳ таоло айтади: “Агар (Макка аҳлидан) кофир бўлган кимсалар (сулҳ тузиш ўрнига) сизлар билан жанг қилганларида, албатта ортларига қараб қочган бўлур эдилар. Сўнгра улар на бир дўст ва на бир ёрдамчи топарлар. Бу, яъни мўминлар зафар топиб, кофирлар мағлуб бўлиши Аллоҳнинг аввалдан жорий бўлиб келган суннати — қонунидир. Аллоҳнинг суннатини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз” [Фатҳ: 22-23].

 Бу Аллоҳнинг иймон аҳлига берган башоратидир. Модомики мўминлар иймонни маҳкам тутар эканлар, Аллоҳ таоло уларга ҳар қандай макон ва ҳар қандай замонда кофирлар устидан ғалаба ва ҳукмронлик насиб этади. Аллоҳнинг Ўзи уларга ёрдам беради ва уларни Ўз муҳаббати ва мадади билан сийлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини мушрикларга қарата: “Аллоҳ бизнинг Мавломиз – бизни суювчи ва ёрдам берувчи хожамиз, сиз мушрикларнинг бирон мавлонгиз йўқдир” – дейишга буюрганларидек, кофирларнинг на бирон ёрдамчиси ва на бирон ҳомийси йўқдир. Шунингдек, бу – ўтмишда яшаб ўтган умматлардаги мўминлар билан кофирлар ўртасида жорий бўлиб келган Аллоҳнинг суннати – қонунидир. Аллоҳнинг суннати ўзгаргани ёки алмашганини кўрмассиз.

4. “Аллоҳ пайғамбарга фарз қилган (яъни ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг суннати – қонунидир. Аллоҳнинг (тақдири азалийда битган) амри иродаси муҳаққақ амалга ошувчидир” [Аҳзоб: 38].

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ “Тафсир”ида Аллоҳ таолонинг “(Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг суннати – қонунидир, деган сўзи ҳақида шундай дейди: “Бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин ўтган пайғамбарлар тўғрисидаги Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳ пайғамбарларни бирон нарсага буюрган бўлса, ўша нарсада уларга бирон машаққат ёки хижолатчилик бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг бу сўзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир пайтлар асранди ўғли бўлган Зайднинг талоқ қилган хотинига уйланишини уят ва камчилик деб ўйлаган мунофиқларга раддия бор[1].

5. “(Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишлари ҳақида жон куйдириб қасам ичгандилар. Бас, қачонки уларга огоҳлантирувчи Пайғамбар келгач, бу уларни янада ҳидоятдан узоқлаштирди, холос. Улар ерда мутакаббирлик қилган ва (пайғамбарга қарши) ёмон макр-ҳийла қилган ҳолларида (ҳидоятдан узоқлашдилар). Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ҳалок қилур. Улар фақат аввалгиларнинг суннатларига кўз тутмоқдалар, холос. Сиз ҳаргиз Аллоҳнинг суннати – қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг алмашганини (яъни азобга ҳақли кимсалар қолиб,  ўзгалар азобланганини) кўрмассиз” [Фотир: 42-43].

Араблар ислом келишидан олдин худди Бани Исроил қавмидан пайғамбарлар чиққани каби улардан ҳам пайғамбарлар бўлишини орзу қилишарди. Вақти келиб уларнинг орзуси ўшалгач, улардан огоҳлантирувчи пайғамбар юборилгач, унга иймон келтиришмади. Улар иймон келтиришдан такаббурлик қилдилар ва ёмон макр-ҳийлаларни ишга солдилар: пайғамбарга кофир бўлиб, сафлари кўпайиши учун заиф ва нотовон кимсаларни ҳам алдаб, иймондан тўсдилар.

Дарҳақиқат, улар ўзларидан олдинги кофирларнинг бошига тушган азоб-уқубатларни кутиб турибдилар, холос. Зеро, кофирларга азоб-уқубат етиши Аллоҳнинг ўзгармас суннати – қонун-қоидасидир. Шунингдек, азобга муносиб ва ҳақли ҳар қандай кимсага ҳам ана шундай азоблар бошига тушажак. Бу суннат – қонунни ҳеч бир кимса ўзгартира олмайди, ўзи ҳақли бўлган азобни бошқаларга буриб юбора олмайди[2].

6. “Улар сизни бу ердан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғатиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос, (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар). (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) сиздан илгари юборган пайғамбарларимиздан қолган суннат – қонундир. Сиз ҳаргиз Бизнинг суннатимиз ўзгарганини кўрмайсиз” [Исро: 76-77].

Мазкур оят ҳақ бирла ботил ўртасидаги кураш суратларидан бирини ёритишга бағишланган мавзу хусусида келган. Бу суратда ботил шунчаки ҳақни ёмон кўриш ва уни хушламаслик босқичидан ҳақ даъватчиларига бўлган адоватни ошкор қилиш, уларга қарши курашиш босқичига кўчиб ўтади. Зеро, ботил ҳақнинг шунчаки унга қарши чиқмаган ҳолда ҳам мавжуд бўлишига рози бўлмайди. Негаки, ботил аниқ биладики, ҳақнинг ўз-ўзидан ҳаракатланувчанлик хусусияти бор, у бир лаҳза ҳам сокин турмайди, балки жадал суратда ёйилиб, кенгайиб бораверади, тезда ён-атрофдагиларга таъсир ўтказади, тарафдорлар ва хайриҳоҳлар орттиради, жамиятда устиворлик ва ҳукмронликни қўлга киритади.

Гарчи маълум муддатдан кейин бўлсада ҳақ ғалаба қозониши Аллоҳнинг суннат – қоидаларидан биридир. Тўғри, бу орада маълум муддат ботилнинг қўли устун келиши мумкин, бироқ бу узоқ давом этмайди, кўп ўтмай ботил саҳнадан кетиб, унинг ўрнига ҳақ қарор топади. Гарчи даъватчилар диёрларидан қувғин қилинсалар  ҳам, қамоққа олинсалар ҳам, балки ҳатто қатл қилинсалар ҳам асло ботил ҳақ ўрнини эгаллай олмайди. Бу – Аллоҳнинг ўзгармас, алмашмас собит суннати!

(Давоми бор)

[1] “Тафсирул Қуръонил Азим” (3/492).
[2] “Тафсири Қуртубий” (14/ 358-360), қисқартириб олинди.

Discussion4 fikr

Изоҳ қолдиринг