Рўзғорда буюмларнинг синишига аёл жавобгарми?

0

Савол:

Уй-рўзғор буюмларини, масалан, пиёла ёки косаларни болалар синдириб қўйса, бунга она қарамаганлиги учун  айбдор саналадими? Бундай ҳолатларда эридан танбеҳ эшитмаслиги учун (ҳатто шу сабаб эри “талоқ қиламан”, деб таҳдид қилса)  синган нарсаларни ўз пулидан сотиб олиши керакми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Эр киши аёлига меҳр-муҳаббат ва олийжаноблик билан гўзал муомала қилиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:“…Аёлларга яхшилик қилинглар (ёхуд менинг улар ҳақида айтган васиятимни қабул қилинглар). Зеро, улар сизларнинг ҳузурингиздаги асиралардир…[1]. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир. Мен сизларнинг ичингизда аҳли-оиласига энг кўп яхшилик қилувчингизман”, деганлар [Термизий: 3895. Албоний саҳиҳ деган].

Эр киши аҳли-аёли учун саховатли, кечиримли ва одатда рўзғорда учрайдиган камчиликларга нисбатан бепарво бўлиши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мўмин киши мўмина аёлни ёмон кўрмасин. Зеро, унинг бир хислати ёқмаса, бошқаси ёқади” [Муслим (2672)].

Рўзғорда ёш болалар томонидан синдирилган идишлар учун аёлига танбеҳ бериш, ҳатто уни талоқ қилиш билан таҳдид қилиш асло мусулмон эркак – оила бошлиғига ярашмаган иш. Жамиятда идиш-товоқ синмайдиган хонадон бўлмаса керак. Идиш-товоқларнинг ҳам ажали бор, ажали етган куни синмай иложи йўқ. Ҳатто бу ҳақда заиф бўлсада, бироқ маъноси тўғри бир ҳадис ҳам бор. Унда шундай дейилади: “Идишларингизни синдириб қўйгани сабабли чўриларингизни урмангиз. Зеро, одамларнинг ажали бўлганидек, идишларнинг ҳам ажали бор” [Абу Нуайм “Ҳиля”да ривоят қилган. Заиф ҳадис]. Албатта, арзимаган дунё матосини деб аёлни койиш, хонадон осойишталигини бузиш, ҳатто бундан хавотирга тушган аёл ўз пулига янги идиш-товоқлар сотиб олиб келиш тўғрисида ўйлаши, бу албатта ачинарли ҳолат. Биз барча ишларимизда, жумладан аёлларга бўлган муносабатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишга жуда-жуда муҳтожмиз. Бунинг учун у зот ҳаётидан мавзуга тааллуқли биргина воқеани келтириш кифоя. Бу воқеани имом Бухорий, имом Аҳмад, Термизий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Воқеа мазмуни шундан иборатки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳонинг уйида бир гуруҳ саҳобалар билан ўтирар эканлар, хотинларидан бири хизматкоридан идишда таом бериб юборади. Буни кўрган Ойша розияллоҳу анҳо рашк қилиб хизматкорнинг қўлига уради ва натижада қўлидаги идиш ерга тушиб, иккига бўлиниб кетади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккига бўлинган идишни бир-бирига улаб, ерга тўкилган таомни унга сола бошлайдилар ва меҳмонларга қарата: “Онангиз рашк қилди”, дейдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам синиқ идишга солинган таомни меҳмонлар олдига қўйиб, “Қани, енглар”, дейдилар. Меҳмонлар тақдим қилинган таомни ейдилар. Таомни олиб келган хизматкорга Ойша розияллоҳу анҳонинг уйидан бутун идиш бериб жўнатадилар.

Шу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўрнига ўзингизни бир қўйиб кўринг-а! Уйингизга меҳмон келганда таомга қўшилиб, ерга тушиб синган идишни қўятуринг, таомнинг бир неча дақиқаларга кечикиши ёхуд таомда бирон камчилик бўлишини кўтара олмайдиган эркаклар қанча?! Меҳмонлар олдида “йигитлик ғурури”нинг поймол бўлишини-ку асло кечирмаймиз! Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни жуда оддий қабул қилдилар, меҳмонларга Ойша розияллоҳу анҳонинг узрини ҳам баён қилдилар. Зеро, аёл кишидаги рашк ўти алангаланса аксар ҳолатларда ўзини тута олмай қолиши табиий ҳолат эди.

Рўзғорда фарзандлар ёки аёл киши сабаб идишларнинг синиши табиий ҳолат. Мусулмон киши қазо ва қадарга иймон келтиради, биродари, айниқса, ўз жуфти ҳалоли ёки фарзандларини тақдирда битилган мусибатлар сабаб койимайди. Зеро, инсон гуноҳлар учун маломат қилинади, мусибатлар учун эмас. Сўзимиз сўнгида Аллоҳдан мусулмон оилаларга тинч-тотувлик, меҳр-муҳаббат, эркакларга эса саховат ва олийжаноблик ато этишини сўраб қоламиз.

[1] Термизий (1163), Ибн Можа (1851) ва Насоий “Кубро”да (9124) ривоят қилишган. Ҳадисни Термизий ҳасан саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг