Жанобатдан ғусл қилиш боби (6)

0

Ўттиз тўртинчи ҳадис

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: ((إذَا جَلَسَ بَيْنَ شُعَبِهَا الأَرْبَعِ ثُمَّ جَهَدَهَا فَقَدْ وَجَبَ الْغُسْلُ)) وَفِي لَفْظٍ لمسلم ((وَإِنْ لَمْ يُنْزِلْ)) .

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар киши у (яъни чўри ёки аёли)нинг тўрт мучаси орасига ўтириб, унга қўшилса ғусл вожиб бўлади” [Бухорий: 291]. Муслим ривоятида: “Маний тўкмаса ҳам”, деган қўшимча зикр қилинган [Муслим: 348].

Шарҳ:

Тўрт мучаси”, яъни икки қўл ва икки оёғи. Бу жинсий яқинликдан киноя тарзида зикр қилинган.

“Унга қўшилса”, киши олатини аёлининг жинсий аъзосига киритса, деган маънодан киноя.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг маъноси шуки, эр аёлининг тўрт мучаси бўлган икки қўл ва икки оёқлари орасига ўтириб, сўнг олатини жуфтининг жинсий аъзосига киритса, гарчи маний чиқармаса ҳам, ҳар иккисига ғусл қилиш фарз бўлади. Чунки, жинсий олатни киргазишнинг ўзи ғуслни фарз қилувчи амаллардан бири ҳисобланади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Гарчи маний тўкмаса ҳам олатни аёлнинг жинсий аъзосига киртиш билан ғусл фарз бўлади.
2 – Ушбу ҳадис Абу Саид розияллоҳу анҳу ривоят қилган: “Сув сув билан фарз бўлади”, яъни ғусл уруғ суви (маний) чиқиши билан фарз бўлади, деган ҳадисни насх қилади, яъни амалдан қолдиради.

Изоҳ қолдиринг