Орқа авратдан қурт чиқиши таҳоратни бузадими?

0

Савол:

Агар бир киши таҳорат олиб келганидан сўнг орқа авратидан гижжа қурти чиқиб турса, у киши узрлик ҳисобланадими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Уламолар орқа авратдан чиққан қурт таҳоратни бузиши ёки бузмаслиги хусусида ихтилоф қилганлар. Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрича, орқа авратдан қурт чиқиши таҳоратни бузади. Моликий мазҳаби уламолари билдирган машҳур фикрга кўра, орқа авратдан қурт чиқиши таҳоратни бузмайди.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ “Муғний”да шундай дейди: “Орқа ва олд авратдан чиқадиган иккинчи тур нарсалар нодир учрайдиган нарсалардир. Улар қон, қурт, тош ва тук каби нарсалар бўлиб, уларнинг чиқиши ҳам таҳоратни бузади. Бу фикрни (Суфён) Саврий, Шофеий, Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ) ва асҳоби раъй айтганлар. Шунингдек, Ато, Ҳасан (Басрий), Абу Мижлаз, Ҳакам, Ҳаммод, Авзоий ва Ибн Мубораклар орқа авратдан чиққан қурт сабабли таҳорат олиш лозим деганлар. Имом Молик эса бу тур нарсалар сабабли таҳорат олишни шарт қилмаган. Чунки бундай нарсалар олд ва орқа авратдан камдан-кам чиққани боис тананинг бошқа жойларидан чиққан  нарсаларга ўхшайди. Бизнингча, мазкур нарсалар авратдан чиқяпти ва у мазийга ўхшайди. Қолаверса, бу нарсалар унга ёпишган ҳўл нажосатдан холи бўлмайди ва шу сабаб таҳоратни бузади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам истиҳоза қони кўрган аёлни ҳар намоз вақти учун таҳорат олишга буюрганлар. Ҳолбуки, истиҳоза қони ҳам камдан-кам учрайдиган одатдан ташқари ҳолат”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, орқа авратдан қурт чиқса таҳорат бузилади. Бироқ қурт тез-тез чиқиб турса ва давомли қурт чиқиши сабаб инсон бир намоз вақтида комил таҳорат билан намоз ўқишга етарли вақт топа олмаса, у ҳолда пешобини тутиб туролмайдиган киши сингари узрли саналади. Бинобарин, ҳар намоз вақти кирганда янги таҳорат олиб, истаганча фарз ёки нафл намозлар ўқиши жоиз, валлоҳу аълам.

(Фатвони тайёрлашда Isiamweb саҳифасидан фойдаланди)

Изоҳ қолдиринг