Намозда бел очилиб қолса намоз бузиладими?

0

Савол:

Намозда бел очилиб қолса намоз бузиладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Маълумки, авратни тўсиш намознинг дуруст бўлиш шартларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам болалари, ҳар бир намоз олдидан зийнатланингиз” [Аъроф: 31]. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Оятдаги зийнатдан мақсад намозда либос кийиб авратни тўсишдир” [“Тафсири Табарий (12/391)]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло балоғатга етган хотин-қизларнинг намозини рўмолсиз қабул қилмайди” [Абу Довуд (641), Термизий (377) ривояти. Термизий ҳасан ва Албоний саҳиҳ деган].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Намозда бадан кўринмайдиган даражада авратни тўсиш фарз ва намознинг дуруст бўлиш шартларидан бири. Бу фикр имом Шофеий, шунингдек ҳанафий мазҳабининг фикридир” [“Муғний” (1/336)].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Жумҳур уламолар фикрича, авратни тўсиш намоз шартларидан бири” [“Фатҳул Борий” (1/466)].

Қолаверса, намозхон намозда авратини тўсиши фарз эканига барча мусулмонлар иттифоқ қилишган. Жумҳур уламолар фикрича, эркак кишининг аврати киндик билан тизза ўртасидир. Аёл киши эса намозда юзи ва икки кафтидан ташқари сочи ва бутун баданини тўсиши фарз[1].

Шунга кўра, аёл ёки эркак бўлишидан қатъий назар, намозга киришдан олдин авратини тўлиқ тўсадиган даражада кийим кийиши, аврати очилиб қолиш эҳтимоли бўлган тор ва қисқа кийимлардан четланиш лозим.

Инсон қасддан авратини очиб намоз ўқиши намозни ботил қилади. Бироқ намозда эсдан чиқиб ёки бехосдан аврати очилиб қолиши хусусида уламолар ихтилоф қилишган.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ўзи билмасдан авратининг урфда оз ва енгил саналган жойи ёки миқдори очиқ ҳолида намоз ўқиса, шунингдек, уятли жойлари бехосдан очилиб қолиб, дарҳол тўсиб олса, намози бузилмайди. Масалан, эркак киши ўзи билмаган ҳолда бели ёки сонидан бир қисми, шунингдек, аёл киши бўйни ёки сочидан бир қисми очиқ ҳолда намоз ўқиса, намози дуруст бўлаверади. Шунингдек, аёл ёки эркак кишининг бехосдан кўп миқдорда ёки авратининг уятли жойлари очилиб қолиб, ортиқча ҳаракатсиз дарҳол авратини тўсиб олса ҳам намози бузилмайди, валлоҳу аълам.

[1] Аёл киши қадамини очиб намоз ўқиши хусусида қуйидаги фатвога мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз: http://ixlos.org/?p=4359

Изоҳ қолдиринг