Энергетик (қувват берувчи) ичимликларни ичиш жоизми?

0

Савол:

Энергетик (қувват берувчи) ичимликларни ичиш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Шариатимизда инсон танасига қувват берадиган табиий ёки кимёвий ичимликларни истеъмол қилиш жоиз. Энергетик ичимликларнинг тури кўп ва ҳар бири ўзига хос таркибга эга эканини эътиборга олган ҳолда бу ичимликларга умумий бир ҳукм айтиб бўлмайди. Уларнинг ҳукми қуйидаги тафсилотга қараб ўзгаради:

1) Бу ичимликларнинг таркиби нопок моддалардан ташкил топган бўлса, унда ичиш ҳаром. Чунки Аллоҳ таоло: “Ва сизларга нопок нарсалар ҳаром қилинди” – деган;

2) Агар бу ичимликларга кўп ичганда инсонни маст қиладиган миқдорда алкогол қўшилган бўлса, ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаром” – деганлар (Абу Довуд (3681) ва Термизий (1865) ривояти);

3) Агар уларнинг таркибида алкогол бўлмаса ёки кўп ичса ҳам маст қилмайдиган миқдорда бўлса, унда ҳалол;

4) Бундай ичимликлар маст қилмаган тақдирда ҳам, инсон соғлигига зарарли экани ўз тасдиғини топса, унда ҳам ҳаром бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зарарланиш ҳам, зарар бериш ҳам мумкин эмас” – деганлар (Ибн Можа (2340) ривояти). Лекин билишимизча, ҳанузгача шифокорлар томонидан мазкур ичимликнинг инсон ҳаёти учун зарарли экани ҳақида расмий баёнот эълон қилинмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, агар бу ичимликларнинг кўп миқдори маст қилмаса, у ҳолда ози ҳам кўпи ҳам ҳалол, агар маст қилса ҳаром бўлади. Бироқ унинг кўпи маст қилмаган тақдирда ҳам, аксар шифокорлар тавсияларига таянган ҳолда бу каби ичимликларни ичмасликни тавсия қиламиз. Унинг ўрнига инсон баданини тетиклаштирадиган даражада ухлаши, спорт билан шуғулланиши ҳам соғлиқ учун фойдали, ҳам шубҳадан йироқ, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг