Таяммум боби (1)

0

Араб тилида таяммум сўзи мақсад, ният қилиш деган маъноларни билдиради. Қуйидаги оятда ҳам таяммум сўзи мақсад маъносида қўлланилган: “Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз!” [Моида: 2].
Таяммум қилувчи тупроқ ишлатишни қасд қилгани учун кейинчалик фуқаҳолар истилоҳида таяммум деб юз ва қўлларга тупроқ суртишга ишлатила бошланган. Баъзи уламолар таяммумни: “Сув йўқлигида ёки сув ишлатишга қодир бўлинмаган пайтда юз ва қўлларга тупроқ суртишдан иборат тупроқлик таҳорат”, деб таърифлашган.
Таяммум Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг хусусиятларидан саналади. Аллоҳ таоло у зотнинг шарофати билан бу уммат ишларини осон ва шариатини енгил қилди, уларга ҳар қандай машаққат ва қийинчиликлардан енгиллик ато қилди, шунингдек, уларни ҳиссий ва маънавий нопокликлардан поклади.
Жумладан, сув топа олмаган одамга покликдан бутунлай маҳрум қолмаслиги учун тирикликнинг икки аслидан бири бўлган сув ўрнига иккинчи асл моддаси бўлган тупроқ билан покланишга рухсат берди. Маълумки, сув ҳиссий ва маънавий нопокликлардан тозалайди. Агар ушбу комил поклаш воситаси топилмаса, у ҳолда маънавий поклик воситаси бўлмиш тупроқ билан покланилади.
Албатта, фаҳм-фаросатли ҳар бир инсон бу ишнинг зимнида фойдалар борлигига заррача шубҳа қилмайди. Таяммум ҳукми Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда айтилган. Шунингдек, бутун уммат унинг жоизлигига ижмо қилган. Қолаверса, соғлом ақл шуни тақозо қилади.

Ўттиз олтинчи ҳадис

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ – رضي الله عنه -: ((أَنَّ رَسُولَ اللهِ – صلى الله عليه وسلم – رَأَى رَجُلاً مُعْتَزلاً , لَمْ يُصَلِّ فِي الْقَوْمِ؟ فَقَالَ: يَا فُلانُ , مَا مَنَعَكَ أَنْ تُصَلِّيَ فِي الْقَوْمِ؟ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ أَصَابَتْنِي جَنَابَةٌ , وَلا مَاءَ , فَقَالَ: عَلَيْك بِالصَّعِيدِ , فَإِنَّهُ يَكْفِيَكَ)) .

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан бирга намоз ўқимай, бир четда турган кишига кўзлари тушди ва: “Эй фалончи, сени жамоат билан намоз ўқишдан нима ман қилди?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Ё Расулуллоҳ, жунуб бўлиб қолдим, ювинишга эса сув йўқ”, деди. Шунда у зот: “Тупроқ билан таяммум қил, шу сенга кифоя қилади”, дедилар” [Бухорий: 248].

Шарҳ:

Жамоат билан намоз ўқимаган киши Бадр жангига қатнашаган саҳобалардан бири Халлод ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу эди.
Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бомдод намозини ўқиб бўлгач, улар билан намоз ўқимаган бир кишига кўзлари тушади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам хушмуомала ва Аллоҳ динига гўзал услубда даъват қилар эдилар. Шу боис то ҳалиги киши нима сабабдан жамоат билан намоз ўқимаганини билмагунларича уни маломат қилмадилар. У зот: “Эй фалончи, нега одамларга қўшилиб намоз ўқимадинг?”, деб сўраган эдилар, у – ўз наздида узр деб ҳисоблаган – узрини, яъни жунуб бўлиб қолгани ва ювинишга сув топа олмаганини, шу боис то сув топиб ювингунча намозни кечиктирмоқчи бўлганини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга баён қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Ўз марҳамати ила сен учун покланишда сувнинг ўрнини босадиган нарсани – тупроқни яратиб қўйган. Тупроқ билан таяммум қил, шу сенга сувнинг ўрнига кифоя қилади”, деган мазмунда жавоб берадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Таяммум жанобатдан покланишда ғуслнинг ўрнига ўтади.
2 – Таяммум қилиш сув топа олмаган ёки сув ишлатиш унга зарар етказадиган одам учун жоиз бўлади. Зеро, ҳадисда зикр қилинган саҳобий ҳам сув йўқлигини узр сифатида баён қилганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу узрини ўринли санаб, унга таяммум қилишга изн бердилар.
3 – Бирон амалда камчиликка йўл қўйган кишини кўрган заҳоти то сабабини аниқлаштириб олмагунча уни койиш ва маломат қилишга шошилмаслик керак. Чунки сиз маломат қилаётган кишининг узри бўлиши мумкин.
4 – Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклик чоғларида ҳам баъзи фиқҳий масалаларда ижтиҳод қилишган. Бунга ушбу саҳобийнинг жунуб бўлиб қолган одам то сув топиб ювинмагунича намоз ўқимайди, таяммум ояти эса кичик бетаҳоратликка хос деб ўйлагани далил бўлади.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг