Олдингиларнинг суннати (2)

0

Шунингдек, Қуръони Каримда олдин ўтган умматларда жорий бўлган Аллоҳнинг суннати маъносидаги “олдингиларнинг суннати” ибораси ҳам бир неча ўринларда зикр қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “суннат” сўзини гоҳида Ўзига нисбат бериб “Аллоҳнинг суннати”, деса, баъзан уни умматларга нисбат бериб “олдингиларнинг суннати”, дейди. Негаки, бу суннат – қонун-қоидалар мазкур икки томон: Аллоҳ таоло ва умматларга боғлиқ ишдир. Бу жиҳатдан “суннат” сўзи “ажал” сўзига ўхшаб кетади. Бу сўзни ҳам Аллоҳ таоло гоҳида Ўзига, гоҳо умматга нисбат беради: “Албатта, Аллоҳнинг (мукофот ва жазо учун белгилаган) ажали – вақти шак-шубҳасиз келгувчидир” [Анкабут: 5]. “Ҳар бир уммат учун ажал бордир. Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар” [Аъроф: 34].

  1. (Эй Муҳаммад), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Агар яна (кофирликка) қайтсалар, у ҳолда олдингиларнинг суннатлари (яъни, кўргуликлари) ўтган-ку, (яъни уларнинг ҳам бошларига аввалги кофирларнинг куни тушар)” [Анфол: 38].

Имом Табарий роҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида шундай дейди: “Эй Муҳаммад, қавмингизнинг мушрикларидан бўлмиш кофир кимсаларга айтинг; Агар улар Аллоҳ ва Расулига кофир бўлиш, сиз ва мўминларга қарши курашишдан тийилиб иймонга қайтсалар, у ҳолда иймон келтириб, тавба қилишларидан ҳамда Аллоҳ ва Расулининг тоатига қайтишларидан олдинги гуноҳлари кечирилур. Агар мушриклар Бадр жангида уларнинг бошига тушган мағлубиятдан сўнг яна сизга қарши жангга отлансалар, билиб қўйсинларки, улардан олдингиларга Бадр жангида, шунингдек, ўтмишдаги умматларнинг бошига Менинг суннатим  – азоб-уқубатим тушган. Зеро, олдинги умматлар ҳам ҳаддиларидан ошган, пайғамбарларимни ёлғончига чиқариб, уларнинг панд-насиҳатини қабул қилмаган эдилар. Шунда уларнинг бошига дунё ҳаётидаёқ азоб-уқубатимиз тушган, улардан интиқом олган эдик. Агар мушриклар яна сизга қарши жанг қилишга ва душманлик қилишга ўтсалар, у ҳолда, уларнинг бошига ўтган умматларнинг кунини солурман[1].

Мазкур ояти каримада ҳақни қабул қилмайдиган қайсар кимсалар учун аниқ огоҳлантириш ва таҳдид борки, унга кўра Аллоҳнинг мавжудотлари устидан ҳукмрон бўлган қатъий суннат – қонун-қоида барча инсонлар учун ҳеч қандай муроса ёки юз-хотир қилмасдан баб-баравар татбиқ қилинади. Аллоҳнинг олдинги умматлардаги суннати ўзгармас суннатдир. Аллоҳ таолонинг суннати ҳақ баён қилиниб, одамларга етказилгач пайғамбарларни ёлғончига чиқарган умматларни азоблашни, дўстлари бўлмиш мўминларга эса ғалаба, иззат-икром ва ер юзида ҳукмронликни насиб қилишни тақозо қилади. Бу домий равишда юз бериб келган ўзгармас қонун-қоидадир. Бинобарин, кофир кимсалар йўллар кесишган жойда турар эканлар иззат-икром ёки азоб-уқубат йўлидан бирини танласинлар[2].

  1. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, ширк ёхуд пайғамбарлар устидан кулиш ва уларни ёлғончига чиқариш иллатини) барча жиноятчи — осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз. Улар унга (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки,  олдингиларнинг суннатлари ўтгандир (яъни, аввалги кофирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари нима бўлгани маълумдир)” [Ҳижр: 12-13].

Ушбу ояти карималар ҳеч ўзгармас қатъий ҳақиқат: ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш ва ҳақ эгалари бўлмиш мўминлар қалблари иймон нима билмайдиган баъзи қавмлар томонидан масхара қилиниши ҳамда азоб-уқубатларга дучор бўлиши тўғрисида сўз юритади. Бу ҳақиқат ўзгармас ҳақиқат саналиб, ўтмишдаги умматларда ҳам жорий бўлган, шунингдек, то Аллоҳ таоло Ер ва ундаги барча махлуқотларни мерос қилиб оладиган кун – қиёмат кунига қадар давом этажак. Ушбу оятлар мўминларга хитоб қилар экан, улардан бу шафқатсиз кураш моҳиятига руҳан тайёр туришни талаб қилади. Шу билан бир қаторда собиқ пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминларга юз бергандек, оқибат ва ғалаба уларга насиб этажагини башорат беради. Шунингдек, ушбу оятларда ҳақни қабул этмайдиган қайсар кимсаларга ҳам хитоб қилиниб, ўзларидан олдинги куфр ва туғёнлари сабаб азоб-уқубатга учраган кофир кимсалар йўлидан бормасликка тарғиб қилади, акс ҳолда, уларнинг бошига ҳам ҳалокат тушишидан огоҳлантиради. Зеро, у шундай ўзгармас суннатки, ҳеч кимсага раҳм-шафқат қилмайди ва юз-хотир нима билмайди.

  1. Одамларга ҳидоят келган пайтида, улар иймон келтиришларидан ва Парвардигордан мағфират сўрашларидан фақат уларга олдингиларнинг суннати — ҳалокати келиши ёки очиқ азоб келишини (кутишларигина) тўсди (яъни, улар аввалги кофир кимсаларга тушган ҳалокатга ё азобга лойиқ эканликларигина уларни мўмин бўлишдан ман қилди)” [Каҳф: 55] .

Одамларни иймон келтиришдан нима ман қилди? Ахир уларга ҳидоят топиш учун етарли илм ва баён келмадими?! Ёки улар ҳам олдинги пайғамбарларни ёлғончи деган умматларнинг бошига тушган  ҳалокатни ёхуд уларга очиқдан-очиқ ва ундан қочиб қутулиш имкони йўқлигига аниқ ишонч ҳосил қилинадиган даражада бирон бало келишини истайдиларми?! Билиб қўйингки, ҳалокат ёки азоб юбориш пайғамбарларнинг эмас, балки Аллоҳнинг ишидир. Зотан, пайғамбарларни ёлғончига чиқарган умматларни ҳалок қилиш Аллоҳнинг ўзгармас собит суннати – қонунидир!

(Давоми бор)
[1] “Тафсири Табарий” (13/536), Аҳмад Шокир таҳқиқи.
[2] “Зилолул Қуръон” (3/1508).

Изоҳ қолдиринг