“Дуруди муаззама” дуосини ўқиш жоизми?

0

Савол:

“Дуруди муаззама” дуосини ўқиш бидъатми? Ахир, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтишку?!

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш ибодат бўлиб, у зотнинг исмлари тилга олинган чоғда салавот айтмаслик гуноҳ саналади. Лекин саҳиҳ ҳадисларда собит бўлмаган муайян бир салавотни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, Жаброил алайҳиссаломга, ҳатто Аллоҳ таолога нисбат бериш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг номимдан ёлғон гапирса, дўзахдан жойини ҳозирлаб олаверсин” – деганлар (мутавотир ҳадис). Қолаверса, бу салавотни айтган инсон шунчаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтяпман, деб эътиқод қилмайди. Балки қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига етиш, у зотни тушида кўриш, ҳаж қилган, маълум бир муддат рўза тутган ва ҳоказо савобларга эришиш мақсадида қилади. Бирон саҳиҳ далилга таянмаган ҳолда муайян бир зикрни айтишнинг муайян бир мукофоти бор эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан айтиш, эътиқод қилиш ёки шу зикрга амал қилиш қабул бўлиши у ёқда турсин, ҳаром бўлади.

Шунга биноан, “Дуруди муаззама” номли салавот ва унинг фазли бирон саҳиҳ ҳадисда собит бўлмагани учун уни айтиш, одамларни унга тарғиб қилиш ва тарқатиш ҳаром, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг