Усмон розияллоҳу анҳу халифаликка сайланиши (1)

0

Умарнинг ўзидан сўнг халифа сайланиши ҳақидаги фикри

Ўта оғир ва ҳалокатли жароҳат алам-оғриқларини бошдан кечириб турганига қарамай, Форуқнинг уммат бирлиги ва келажаги ҳақида қайғуриши ҳаётининг сўнгги лаҳзаларигача давом этди. Ушбу лаҳзалар ҳеч шаксиз мангуликка дахлдор лаҳзалардир. Сабаби, унда Форуқнинг чуқур иймони, ихлоси ва уммат манфаатини ўз шахсий ҳаётидан муқаддам қўйиши яққол кўринди. Шундай оғир лаҳзаларда у янги халифа қандай сайланиши борасида ўзидан илгари ҳеч ким татбиқ этмаган янги бир йўлнинг таклифини ўртага ташлай олди.  Бу  унинг исломий давлат бошқаруви борасидаги жуда чуқур фиқҳига очиқ далил бўлади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан кейин бирон кишини очиқ насс (далил-ҳужжат) билан ўзларига халифа – ўринбосар қилиб қолдирмасдан ўтиб кетгандилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса умрлари сўнггида катта саҳобалар билан маслаҳатлашгач, Умарни ўз ўринларига халифа қилиб қолдиргандилар. Энди Форуқ ўлим тўшагида ётган ҳолида ўзидан кейин бир кишини халифа қилиб қолдириши сўралганида бу ҳақда узоқ ўйланиб, ўша кунги воқеликка мос келадиган бошқача бир йўлни тутишга қарор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёдан ўтган пайтларида ҳамма у зотдан сўнг Абу Бакр энг афзал ва энг пешво зот эканини эътироф этар ва бунга иқрор эди. Бу фикрга қарши чиқиш эҳтимоли жуда нодир эди. Хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни ҳам сўзда, ҳам амалий равишда Абу Бакрни ўзларидан сўнг халифаликка энг муносиб шахс эканига йўллаб қўйгандилар. Сиддиқ эса Умарни халифа қилиб қолдираркан, барча саҳобалар Умарнинг ундан кейин масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин бўлган кишилар ичида энг афзали ва энг кучлиси эканига ишонишларини биларди. Шу боис у катта саҳобалар билан кенгашганидан сўнг уни халифа қилиб қолдирганди. Унинг бу фикрига ҳеч ким қарши чиқмаган ва шу билан Умарга байъат қилинишига ижмоъ (иттифоқ) ҳосил бўлганди[1]. Аммо, энди халифа сайланиши борасида Умар томонидан янги бир таклиф ўртага ташланди. Унга кўра, сайлов Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари ичидан, ҳар бири халифаликка муносиб бўлган, фақат олти кишидан иборат шўрога чекланган бўлиши керак эди. Улар учун сайлаш тариқасини ва муддатини ҳам белгилаб қўйди. Халифа бўлиб сайланиш учун етарли овозлар сонини, шунингдек, овозлар тенг келиб қолганда нима қилиш кераклигини кўрсатиб берди. Мажлис аъзолари устидан бир ҳакамни тайинлади, жамоатга хилоф қилганнинг жазосини белгилади, тартибсизлик келиб чиқиши олдини олдики, мажлис бўлаётган хонага биронта ҳам ортиқча одамнинг кириши мумкин эмас эди. Қуйида бунинг тафсилотини баён қилинади:

  • Шўро аъзолари сони ва исмлари

 Шўро аъзолари олти кишидан иборат бўлиб, улар Али ибн Абу Толиб, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум эдилар. Эътибор берган бўлсангиз, булар тириклик чоғларидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат хушхабарини эшитган энг улуғ ўн саҳобанинг ўша кунда ҳаёт бўлганлари бўлиб, Умар розияллоҳу анҳу улар ичидан фақат Саид ибн Зайдни ўз қабиласи бўлмиш Бани Адийдан бўлгани учун бўлса керак, шўро ҳайъатига киритмади[2]. Зеро, Умар ўз қариндошларини гарчи юқори мансабларга лойиқ инсонлар бўлса ҳам, амирлик ишларидан узоқ тутишга қаттиқ ҳарис эди. Шунинг учун бўлса керак, бу ўринда ҳам у ўз қариндоши Саид ибн Зайдни халифаликка номзодлар ичига киритмади[3].

  • Халифа сайлаш йўли

Уларни ичларидан бир кишининг хонадонида йиғилиб, ўзаро кенгаш ўтказишга буюрди. Улар орасида Абдуллоҳ ибн Умар ҳам ҳозир бўлиши, бироқ у асосий кишилардан бўлмасдан, фақат кузатувчи мақомида бўлиши керак эди. Маслаҳатлашув кечаётган вақт мобайнида одамларга Суҳайб Румий имом бўлиб намоз ўқиб турадиган бўлди. Умар унга: “Шу уч кун мобайнида сен намозга имом бўлиб турасан”, деди. Сабаби, мазкур олти кишидан бирини имомликка кўрсатса, ўша киши халифа Умарнинг бўлажак халифаликка кўрсатган номзоди сифатида кўрилиши эҳтимоли бор эди. Миқдод ибн Асвад билан Абу Талҳа Ансорийни сайлов жараёнини назорат қилиб туришга буюрди.

  • Сайлов ёки маслаҳатлашув муддати

Форуқ бунга уч кун муддат белгилади ва бу етарли муддат эди. Чунки бундан ўтиб кетса, ўртада келишмовчиликлар юзага келиши ва хилоф кенгайиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун уларга: “Тўртинчи куни ҳаргиз амирсиз тонг оттирманглар!”, деди[4].

  • Халифа сайланиши учун етарли овозлар сони

Умар розияллоҳу анҳу Суҳайбга деди: “Уч кун сен одамларга имом бўлиб намоз ўқигин, манави жамоат эса бир уйга йиғилсинлар. Улар бир кишига иттифоқ қилсалар, шундан сўнг уларга хилоф қилган кимсанинг бошига (қилич) уринглар![5]. Зеро, Умар розияллоҳу анҳу ўша олти кишилик жамоатнинг иттифоқига қарши чиқиб, мусулмонларнинг бирлигини бузишга уринган ҳар қандай кишини қуйидаги ҳадис далолатига кўра, қатл қилишга буюрди: “Ишларингиз бир кишининг қўлида жамланиб турган ҳолида биров сизларга келиб бирлигингизга путур етказишни ёки жамоатингизни бўлиб ташлашни истаса, уни ўлдиринглар![6].

Баъзи тарих китобларида шиа-рофизийлар томонидан Умар розияллоҳу анҳунинг шаънини булғаш мақсадида бир қанча асоссиз гаплар келтирилган. Унга кўра, Умар уларни бир жойга йиғилишга ва кенгаш ўтказишга буюрган эмиш ва агар улардан беш киши бир кишининг номзодига иттифоқ қилса-ю, бир киши уларга қарши чиқса, уни ўлдиришга буюрган эмиш. Агар тўрт киши бир кишининг номзодига иттифоқ қилса-ю, икки киши қарши чиқса, ўша икки кишини ўлдиришга буюрган эмиш. Субҳаналлоҳ, бу гап асоссиз ва ўта заиф гап бўлиб, уни асосан шиа ва рофизий Абу Михнаф исмли муаррих келтирган. Бу гап Умар шаънида туҳмат ва куракда турмайдиган бўҳтон сўздир. Ахир Умар уларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан жаннат хушхабарини олган улуғ саҳобалар эканини била туриб, ўзи ҳам фазилатлари ва қадрларини яхши билганидан уларни шу ишга танлаган бўла туриб, қандай қилиб улар ҳақида бундай сўз айтиши мумкин?![7]

  • Келишмовчилик ҳолати юзага келса

Абдуллоҳ ибн Умарни улар билан бирга мажлисда иштирок этишга, бироқ бу ишда унинг ҳеч қандай улуши бўлмаслигига буюрди. Уларга деди: “Агар уч киши бир кишининг номзодига, қолган уч киши бошқа бир кишининг номзодига иттифоқ қилса, улар ўртасида Абдуллоҳ ибн Умарни ҳакам қилинглар! У қайси тарафга ҳукм қилса, ўша тараф ўз ичларидан бир кишини ихтиёр қилсин! Агар Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳукмига рози бўлмасалар, у ҳолда Абдураҳмон ибн Авф қайси тарафда бўлса, ўшалар билан бўлинглар!”, деди. У Абдураҳмон ибн Авфни рушд эгаси ва тўғриликка муваффақ қилинган киши деб атади ва унга қулоқ солишга буюрди[8].

  • Бир гуруҳ Аллоҳнинг лашкарлари сайловни кузатиб, тартибсизликнинг олдини олиб туради

Умар розияллоҳу анҳу Абу Талҳа Ансорийни чақиртириб, унга: “Эй Абу Талҳа, Аллоҳ азза ва жалла исломни сизлар билан азиз қилди. Бас, сен ансорлардан эллик кишини танлаб олгин-да, бу жамоа то ичларидан бир кишини ихтиёр қилгунларича уларни қўриқлаб туринглар”, деди. Миқдод ибн Асвадга: “Мени қабримга қўйганларингдан кейин сен бу кишиларни ўз ораларидан бир кишини ихтиёр қилишлари учун бир уйга йиғасан”, деди.

  • Шўро аҳли олий сиёсий ҳайъат

Умар розияллоҳу анҳу ўз ичларидан халифа сайлашни фақат олти кишилик шўро аҳли ихтиёрига топширди. Шуниси муҳимки, шўро аҳлидан бирор киши Умарнинг бу қарорига эътироз билдирмади. Шунингдек, бошқа саҳобалар томонидан ҳам бунга ҳеч қандай қаршилик бўлмади. Қўлимизда бўлган барча тарихий ҳужжатлар шунга далолат қилади. Биз Умар ҳаётининг сўнгги соатларида ёки вафотидан кейин ҳам унинг бу қарори атрофида эътирозлар бўлганини ёки бошқача фикрлар ўртага ташланганини билмаймиз. Аксинча, барча унинг бу тадбирига рози бўлди ва бунда мусулмонлар жамоаси учун фойда бор деб кўрди. Биз ўшанда Умар розияллоҳу анҳу вазифаси давлат бошлиғи ёки халифа сайлашдан иборат олий сиёсий ҳайъат ташкил қилган, деб бемалол айта оламиз. Умар ихтиро қилган бу янги дастурий тартиб-қоида, хусусан, шўрога тааллуқли жиҳатдан исломнинг асосий негизларига зид келмайди. Чунки, масжидда бўлиб ўтадиган умумий байъат натижа ўлароқ эътиборлидир.

Умар розияллоҳу анҳу ҳаётини ана шу шаклда якунлади, бошига тушган бало ҳам, жон таслим қилиш талвасаси ҳам уни мусулмонларнинг ишини тадбир қилишдан тўсолмади. У шўронинг ўзидан илгари ҳеч ким татбиқ қилмаган бир тизимини ўрнатиб кетди. Шак-шубҳасиз, шўронинг асоси Қуръон ва Суннатда мавжуд бўлиб, Умардан олдин бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам амал қилиб ўтганлар. Умарнинг ўзига хос қилган иши шу бўлдики, у халифа сайлашнинг янгича бир йўлини тайин қилди ва шўро аъзолари сонини маълум ададга чеклади. Умарнинг бу иши ўша кунга энг муносиб ва саҳобаларнинг ҳолатига энг мос келувчи йўл эди[9].

[1] Ғолиб Абдулкофий Қураший, “Авлавиётул форуқ” (122-бет).
[2] Ибн Касир, “Бидоя ва ниҳоя” (4/142).
[3] Холидий, “Хулафои рошидин” (98-бет).
[4] Ибн Саъд, “Табақот” (3/364).
[5] Ибн Саъд, “Табақот” (3/364).
[6] Муслим (3/1480).
[7] Доктор Яҳё Яҳё, “Марвийёт Аби Михнаф фи Тарихи Табарий” (175-бет).
[8] «Тарихи Табарий” (5/225).
[9] Доктор Абдулкофий Қураший, “Авлаётул форуқ” (127-бет).

Изоҳ қолдиринг