Никоҳ шартномаси рукнлари

0

Никоҳ шартномаси

Никоҳ шартномасига тааллуқли бир неча масалалар бор:

Биринчи масала: никоҳ шартномасининг рукнлари:

Никоҳ шартномасининг иккита рукни бор:

  1. Келин-куёв.

Келин-куёв ўртасида насл-насаб, қуда-андачилик ёки эмизиш[1] сабабли оила қуришга тўсқинлик қиладиган омиллар бўлмаслиги керак. Шунингдек, аёл талоқ қилингани ёки эри вафот этгани боис идда сақлаётган бўлмаслиги лозим[2].

  1. Шартнома формаси.

Шартнома формаси “ийжоб” ва “қабул”дан иборат. Ийжоб деганда келиннинг валийси ёки ундан ўринбосар бўлган кишининг “қизимни сенга турмушга бердим”, қабилидаги сўзи, шунингдек, қабул деганда эса куёв ёки ундан ўринбосар бўлган кишининг “тан маҳрамликка қабул қилдим” қабилидаги сўзи назарда тутилади. Ийжоб ва қабул содир бўлиши билан оғзаки шартнома ниҳоясига етади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу шартномани “мийсоқан ғализон”, яъни “оғир битим” деб номлаган.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Никоҳда валий ўрнини босадиган киши унинг вакилидир. Валий унга “қизимни ёки синглимни турмушга беришинг учун сенга ваколат бердим”, дейди. Никоҳда валий ўрнига унинг вакили қатнашган чоғда валий ва унинг қизи номини зикр қилади[3]. Масалан, вакил куёв бўлмишга қарата: “Сенга мени вакил қилган фалончининг қизи фалончини турмушга бердим”, дейди. Келинни исми ёки бирон сифати билан таърифлаш ҳам жоиз. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, вакил ўзининг валий тарафидан вакил эканини билдириб ўтиши лозим.

Шунингдек, куёв бўлмиш ҳам никоҳ шартномасида қатнашиши учун ўзининг ўрнига бирон вакил тайинлаши жоиз. Бу ҳолатда куёвнинг вакили келиннинг валийсига жавобан “қизингиз фалончини мени вакил қилган киши фалончига тан маҳрамлик учун қабул қилдим”, дейди ва куёвнинг исмини зикр қилади.

(2) Баъзи фуқаҳолар никоҳ шартномаси араб тилидаги “турмуш қуриш” маъносини ифода этувчи “никоҳ” ёки “завож” сўзлари билан амалга ошишини шарт қилганлар. Уларнинг фикрича, валий куёвга “завважтука” (яъни “сенга жуфт қилиб бердим”) ёки “анкаҳтука” (яъни “сенга никоҳлаб-қўшиб бердим”) деган сўзларни айтиши шарт бўлиб, никоҳда ундан бошқа сўз билан шартномалашиш дуруст эмас. Бироқ рожиҳ фикрга кўра, никоҳ ўқиш учун фақат мазкур сўзларни ишлатилиши шарт эмас. Балки урфда никоҳга далолат қиладиган, шунингдек, томонлар розилигини ифода этадиган ҳар қандай сўзлар билан никоҳ ўқиш дуруст. Шундай бўлсада, хусусан, араб тилини яхши билган кишилар “никоҳ” ёки “завож” сўзлари билан никоҳ ўқиганлари афзал.

Юқоридаги рожиҳ фикрни қўллаб-қувватлайдиган далиллардан бири Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “Ўзингизга ёққан аёлларга уйланинглар” [Нисо: 2]. Аллоҳ таоло ушбу оятда уйланишни “никоҳ” ёки “завож” сўзларига чекламади. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийя розияллоҳу анҳога уйланиб, маҳр эвазига уни чўриликдан озод қилди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Сени озод қилдим ва озодлигингни маҳр қилиб бердим”, деган сўзлари билан у зот учун жуфти ҳалолга айланди. Мана шу сўзнинг ўзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Сафийя розияллоҳу анҳога уйланганларига далолат қилди[4].

(3) Агар келин-куёв ёки уларнинг вакиллари араб тилини билмасалар, у ҳолда ўз тилларида оила қуришга далолат қиладиган сўзлар билан никоҳ ўқилади. Бу ҳолатда икки гувоҳ нимага гувоҳлик берганларини билишлари учун келин-куёвнинг тилини тушунишлари шарт қилинади.

(4) Агар келиннинг валийси ёки куёв соқов бўлса, тушунарли имо-ишора ёки ёзув сўз ўрнига ўтади. Борди-ю, валий ёзишни билмаса ёки имо-ишоралари тушунарсиз бўлса, у ҳолда валийлик навбатдаги валийга кўчиб ўтади.

(5) Агар шартномадаги сўзлар ўрни ўзгарса, яъни куёв ийжоб қилиб: “Қизингизни менга турмушга беринг”, деса-ю, валий: “Қизимни сенга турмушга бердим”, деса, куёв “қабул қилдим” демаса ҳам рожиҳ фикрга кўра, шартнома дуруст бўлаверади. Айрим уламолар бу фикрга қарши чиқиб, бундай никоҳ дуруст эмас деганлар. Бироқ бундай никоҳнинг дурустлигига “ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаб келган аёл” тўғрисидаги ҳадис далилдир. Ҳадисда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Уни менга хотин қилиб беринг”, дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Маҳрига ёдлаган Қуръонингни ўргатишинг эвазига уни сенга турмушга бердим”, дейдилар. Ҳадисда кишининг “қабул қилдим”, дегани айтилмаган.

(6) Уламолар турмушга чиқиш таклифини тўғридан-тўғри шартномалашиш мажлисида қабул қилишни шарт қилганлар. Шунга кўра, гап бўлиниб, куёв бир муддат машғул бўлиб қолса ёки ўрнидан туриб мажлисни тарк қилиб, сўнг қайтиб келса, шунингдек, таклифни қабул қилишдан олдин ақлдан озса ёки ҳушидан кетса, никоҳ дуруст бўлмайди. Бундай ҳолатларда ийжоб ва қабул бир бирига туташ ва кетма-кет бўлиши учун қайтадан ийжоб қилиш вожибдир.

(7) Баъзи одамлар никоҳ ўқиш асносида айрим ишлардан шумланиб, ирим қиладилар. Никоҳ ўқиш асносида қўлни мушт қилиш, бармоқларни бир бирига кириштириш ёки уларни қисирлатиш келин-куёв ҳаётига салбий таъсир қилади дейишади. Албатта, бундай эътиқод қилиш хато ва жаҳолатдир.

(8) Баъзи мусулмон ўлкаларида никоҳ ўқиш асносида валий билан куёвнинг муайян кўринишда қўл бериб туриши ва қўллар устига рўмолча ташлашга далолат қиладиган бирон далил йўқ. Аксинча, бу ўринда аслида қўл бериб кўришиш ҳам шарт эмас.

(9) Ҳафтанинг ҳар қандай кунида ёки ҳар қандай ойда никоҳ ўқиш ёки биринчи кечада қўшилишни ман қиладиган бирон далил йўқ. Баъзи авом инсонлар эътиқодига кўра, якшанба куни ёки муҳаррам ва рамазон ойларида никоҳ ўқиш ёки қўшилиш жоиз эмас. Шубҳасиз, бу далилсиз ва ботил эътиқоддир.

(10) Шуни яхши билиш лозимки, никоҳ шартномаси оғир битим бўлиб, у билан ўйнашиш, муайян мақсадларни кўзлаб қалбаки суратда ва ёлғондан никоҳ ўқиш ва никоҳ шартномасини тузиш жоиз эмас. Бу ҳолатни бирон бир давлат фуқаролигини қўлга киритиш мақсадида шундай қилган айрим муҳожирлар[5] ёки бўлмаса, кинофильм ва театрларда келин-куёв ролини ўйнаётган актёр ва актрисаларда кўриш мумкин.

(11) Ҳайз ҳолатидаги аёлга никоҳ ўқиш, ҳатто бу ҳолатда тўй қилиш ва келинни куёвнинг олдига киритиш ҳам жоиз. Бироқ бу ҳолатда то ҳайздан покланмагунча унга яқинлик қилиш ҳаром бўлади.

(12) Шаръий одобларга риоя қилган ҳолда масжидда никоҳ ўқиш жоиздир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, масжидда никоҳ ўқиш фазилати тўғрисида бирон далил келмаган. Шунга кўра, масжидда никоҳ ўқиш суннат деган тушунча бидъатдир[6]. Шунингдек, “Никоҳни эълон қилинглар ва уни масжидда ўқинглар[7], деган ҳадис заиф ҳадис.

(13) Ийжобдан олдин қабул қилиш жоизми? Яъни, куёв “бу никоҳни қабул қилдим” ёки “қизингизни менга турмушга беринг”, деса-ю, валий: “Бўлди, қизимни сенга турмушга бердим”, деса, жоизми?

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ бундай никоҳ дуруст бўлишини рожиҳ дейди. Чунки шартномаларда эътиборга лойиқ нарса  ҳар соҳанинг ўзига хос урф-одатидир. Шунингдек, шайх бу фикрига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Маҳрига ёдлаган Қуръонингни ўргатишинг эвазига уни сенга турмушга бердим”, деган сўзларини далил қилган. Ҳадисда кишининг “қабул қилдим”, дегани айтилмаган.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ҳадис далил бўладики, агар мақсад тушунарли бўладиган даражада қабулни олдин айтса, никоҳ дуруст бўлаверади. Айтайлик, куёв бўлмиш буйруқ тарзида “менга турмушга беринг” деса ва унга жавобан валий “турмушга бердим”, деса, никоҳ дуруст бўлади”[8].

(14) Никоҳ дуруст бўлиши учун ийжоб ва қабул, шунингдек, келиннинг шахси тайин бўлиши керак. Агар валий “сенга қизим фалончини турмушга бердим”, деса ва куёв “қабул қилдим”, деса кифоя. Никоҳ ўқиш асносида маҳр миқдорини айтса афзал, бироқ шарт эмас.

(15) Шуни билиш лозимки, никоҳ ўқувчи инсон келин-куёвга гап ўргатиб туриши шарт эмас. Муҳими, томонлар тўғри шаклда ийжоб ва қабул қилишса бўлди. Борди-ю, никоҳ ўқувчи келин-куёвга гап ўргатса ҳам зиёни йўқ.

(16) Юқорида айтилганига кўра, “Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига кўра никоҳладим”, деган сўзлар шарт эмас. Шунга қарамай мазкур сўзларни айтса ҳам зарари йўқ.

(17) Никоҳ ўқиш асносида йўл қўйиладиган хатолардан бири муайян мазҳабга кўра никоҳ ўқилишини шарт қилиш. Зеро, бундай шарт шариатда мавжуд бўлмаган ботил шартдир. Шунга кўра, “муаяйн мазҳабга кўра никоҳ қилдим”, деган шарт қўйилган тақдирда никоҳ дуруст бўлиб, мазкур шарт ботил бўлиб қолаверади.

(18) Никоҳ шартномаларини тегишли ҳукумат ташкилотларида рўйхатга олиш яхши иш саналади. Зеро, бундай қилиш умумий суратда шариатда эътиборга олинган манфаатлар қабилидан бўлиб, бу қуда-андачилик, насл-насаб, мерос, маҳр, нафақа ва бошқа шу каби ҳақ-ҳуқуқларнинг муҳофаза қилинишига олиб боради.

(19) Давлатда никоҳ ўқиш учун мутасадди бўлган шахслар (масжид имомлари) никоҳ шартномалари хусусида ҳокимнинг ноиби ҳисобланадилар. Шу боис, аёлнинг валийси бўлмаса, уни аёлнинг валийси деб эътиборга олиш дуруст бўлади. Никоҳ ўқувчи инсон модомики давлатдан маош олмас экан, хоҳ ўзи талаб қилиб олсин, хоҳ унга ҳадя қилиб берилсин, никоҳ ўқигани учун пул олиши жоиз[9].

(20) “Доимий фатво қўмитаси”нинг фикрича, инсонлар номуси ва обрў-этиборини сақлаш борасидаги эҳтиёткорлик юзасидан телефон орқали никоҳ ўқиш тавсия қилинмайди. Чунки бунда овозларни ўхшатиш орқали кўзбўямачилик ва алдаш ҳолатлари учраши мумкин[10].

Шунга кўра, агар мазкур салбий ҳолатлар юз беришидан хотиржам бўлинса, телефон орқали ўқилган никоҳ дуруст бўлади. Бундай ҳолатда имкон қадар ёлғон ва кўзбўямачилик содир бўлмаслиги учун бирон шубҳа қолдирмайдиган даражада текшириш ва аниқлик киритиш зарур. Яхшиси никоҳ ўқиш борасида бундай воситаларни фақат зарурат ҳолатларидагина қўллаган афзал.

[1] Эркаклар уйланиши ҳаром бўлган аёллар келгусида баён қилинади, иншааллоҳ.
[2] Бу ҳақда собиқ мақолаларимизда айтиб ўтганмиз. Қаранг: “Идда сақлаётган аёлга совчи қўйиш”.
[3] Агар келин валийнинг қизи бўлмай, балки синглиси ёки бошқа бирон қариндоши бўлса, унда қариндошлик даражасини баён қилади.
[4] Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (5/134-135), “Ал-мактабатул исломийя” нашриёти.
[5] “Доимий қўмита фатволари” (18/98), 15722-сонли фатво, Дувайш тартиби.
[6] “Доимий қўмита фатволари” (18/110), 9388, 9903-сонли фатволар.
[7] Бироқ ҳадисдаги “Никоҳни эълон қилинглар”, деган жумла саҳиҳ.
[8] “Аш-шарҳул мумтеъ” (5/137) , “Ал-мактабатул исламийя” нашриёти.
[9] “Доимий қўмита фатволари” (18/89, 106), 1764, 8129- сонли фатволар, Дувайш тартиби.
[10] “Доимий қўмита фатволари” (18/91), 1216- сонли фатво, Дувайш тартиби.

Изоҳ қолдиринг