Таяммум боби (2)

0

Ўттиз еттинчи ҳадис

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رضي الله عنهما قَالَ: ((بَعَثَنِي النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – فِي حَاجَةٍ فَأَجْنَبْتُ فَلَمْ أَجِدِ الْمَاءَ فَتَمَرَّغْتُ فِي الصَّعِيدِ كَمَا تَمَرَّغُ الدَّابَّةُ ثُمَّ أَتَيْتُ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لَهُ فَقَالَ: إنَّمَا يَكْفِيَكَ أَنْ تَقُولَ بِيَدَيْكَ هَكَذَا – ثُمَّ ضَرَبَ بِيَدَيْهِ الأَرْضَ ضَرْبَةً وَاحِدَةً ثُمَّ مَسَحَ الشِّمَالَ عَلَى الْيَمِينِ وَظَاهِرَ كَفَّيْهِ وَوَجْهَهُ)) .

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени иш билан бир ерга юбордилар. Мен жунуб бўлиб қолдим. Сув топа олмагач, ҳайвон тупроққа ағанаганидек, тупроққа ағанадим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, ушбу ишим ҳақида хабар бердим. У зот: “Қўлларинг билан мана бундай қилсанг кифоя қиларди”, дея қўллари билан ерга бир марта урдилар, сўнг чап қўлларини ўнг қўлларига (бир ривоятда икки қўлларини бир-бирига), кафтларининг устига ва юзларига суртдилар” [Бухорий: 347 ва Муслим: 368].

Шарҳ:

Сафарларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор ибн Ёсирни юмуш билан бир ерга жўнатади. Ўшанда у жунуб бўлиб қолади ва ювинишга сув топа олмайди. У кичик бетаҳоратликдан таяммум қилиш мумкинлигини билар, аммо жанобатдан покланиш учун таяммум қилиш жоизлигини билмасди. Шу боис ижтиҳод қилади ва сувга қиёслаб, кичик бетаҳоратликдан покланиш учун таяммум қилинганда баъзи таҳорат аъзоларига тупроқ суртилгани каби, жанобатдан покланиш учун ҳам бутун баданни тупроққа белаш керак, деб ўйлайди ва ерга ағанаб бутун баданини тупроққа белаб, сўнг намоз ўқийди. Бироқ ўз ижтиҳодига биноан қилган бу амалидан кўнгли хижил бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келгач бу ҳақда у зотга хабар беради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бутун баданингни тупроққа белашинг ўрнига икки қўлингни бир марта ерга уриб, сўнг чап қўлинг билан ўнг қўлинг устини ва икки кафтинг ҳамда юзингни суртишинг кифоя қиларди, деган мазмунда кўрсатма берадилар.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар таяммумда юз ва икки кафт учун қўлни ерга бир марта уриш кифоями ё икки марта уриш керакми, шунингдек, қўлларни тирсаккача суртиш шартми ёки йўқми, деб ихтилоф қилишган.

Баъзи уламолар, жумаладан, имом Шофеий таяммум қилишда қўлни ерга икки марта уриш лозим: биринчиси юз учун бўлса, иккинчиси қўлларни тирсаккача суртиш учун, деган фикрни билдирган. Улар ўз фикрларига бир қанча ҳадсиларни далил қилиб келтиришган. Имом Дорақутний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадис шулар жумласидан: “Таяммум икки марта уриш биландир. Бири юзга, иккинчиси кўлларни тирсаккача суртиш учун” [Табароний “Мўъжамул кабир”, (13366)да, Дорақутний: (1/180) ва Байҳақий “Сунан”, (941) да ривоят қилган].

Жумҳур уламолар, жумладан, Имом Аҳмад, Авзоий, Исҳоқ (Ибн Роҳуя) ва муҳаддис уламоларнинг фикрича, таяммумда қўл ерга бир марта урилади ва юз билан кафтларгагина масҳ тортилади. Мазкур фикр эглари ҳам бир қанча саҳиҳ ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Ушбу Аммор розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам шулар қаторидан.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ атади: “Аммор розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонидан кейин шундай (таяммумда қўлни бир марта ерга уриш ва қўлларни кафтларгача суртиш кифоя қилади деб) фатво берар эди. Ҳадиснинг ровийси ҳадисдан кўзланган мақсадни бошқаларга қараганда яхшироқ билади”.
Шунингдек, мазкур фикр эгалари, таяммумда қўлни ерга икки марта уруш ва тирсаккача масҳ тортиш кераклиги айтилган барча ҳадисларнинг санади заифликдан холи эмас, деб жавоб беришган. Дарҳақиқат, бундай заиф ҳадисларни очиқ саҳиҳ ҳадисларга тенглаштириб бўлмайди.
Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аммор таяммум ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисларнинг аксарида қўлни ерга бир марта уриш айтилган. Икки марта уриш айтилган ҳадисларнинг барчаси музтариб, яъни заиф”.
Ибн Дақиқ Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Таяммумда қўлни ерга икки марта уриш ҳақида ҳадис келган. Бири юз учун, иккинчиси икки қўл учун. Бироқ у саҳиҳликда бу ҳадисга тенг келолмайди ”.
Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир гуруҳ уламолар, таяммумда юз ҳамда кафтлар учун қўлни ерга бир марта урилади, деган фикрни бидиришган. Мазкур фикрга далолат қилувчи ҳадис ривоят жиҳатидан саҳиҳроқдир”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Жанобатдан покланишда ғуслнинг ўрнига таяммум қилиш жоиз.
2 – Таяммум қилишдан олдин сув излаш лозим.
3 – Таяммум қилишнинг кўриниши: қўлни бир марта ерга урилади, сўнг юзга ва икки қўлни тирсакларигача масҳ тортилади. Ибн Рушд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қўл деганда кафт ва билаклардан кўра, кафтнинг ўзи кўпроқ тушунилади”.
4 – Санъоний роҳимаҳуллоҳ зикр қилишича, ушбу ҳадиснинг баъзи ривоятларида сўз ёки жумлани бир-бирига боғловчи ҳарфлар мутлақ атфни ифода этувчи “вов” ҳарфи билан келган, баъзиларида эса тартибни ифода этувчи “фа” ва “сумма” боғловчи ҳарфлари билан келган. Бу, яъни “фа” ва “сумма” боғловчи ҳарфлари билан келган ривоятда мутлақ атфни ифода этадиган “вов” боғловчиси билан келган ривоятда зикр қилинмаган қўшимча ҳукм бор. Ҳолбуки, “адл” ишончли кишининг қўшимчаси қабул қилинади. Шунга биноан “Саҳиҳайн”да мутлақни ифода этувчи “вов” боғловчиси билан келган ривоятлар тартибни билдирувчи ривоятлар билан изоҳланади. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан олдин икки қўлларига масҳ тортганлари на сўзларида, на амалларида келган.
5 – Катта бетаҳоратликдан таяммум қилиш кўриниши ва ҳукми кичик бетаҳоратники билан бир хил.
6 – Ибодатга доир масалаларда ижтиҳод қилиш жоиз.
7 – Мужтаҳид олим ижтиҳоди натижасида хато қарорга келса ва шунга биноан бирон ибодатни адо қилса, сўнг қилган ижтиҳоди натижаси нотўғри экани аён бўлса, ўша ибодатни қайта бажармайди.

Изоҳ қолдиринг