Бола ортидан тушадиган “йўлдош”ни кўмиш шартми?

0

Савол:

Бола туғилганда унинг ортидан тушган йўлдошини нима қилиш керак? Бу ҳақда шариатда бирон нарса дейилганми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дастлаб шуни айтиш лозимки, уламолар чақалоқнинг киндигига туташ бўладиган ва у туғилганда кесиб ташланадиган йўлдоши хусусида ихтилоф қилганлар. Баъзи уламоларнинг фикрича, у чақалоқнинг бир аъзоси саналади. Қалюбий “Ал-ҳошия”да шундай дейди: “Чақалоқнинг йўлдоши бир аъзога ўхшайди. Чунки у боладан кесиб ташланади. Шу сабаб у инсоннинг бир бўлагидир”.

Шунга кўра, йўлдошни кесиб олиб ташлаганда унга худди инсон аъзоси сифатида қараш лозим. Бинобарин, уни ўтда куйдириш ёки ахлатга ташлаш жоиз эмас. Балки кесилган қўл, оёқ ёки бошқа инсон аъзолари сингари эъзозланиши ва ерга кўмилиши лозим. Аксар замондош уламолар мазкур фикрга мойил бўлганлар. “Илмий изланишлар ва фатво доимий қўмитаси”нинг 8099-сонли фатвоси (21.02.1405 ҳ.), шунингдек, Бирлашган Амирлик исломий масалалар ва вақф умумий ҳайъатининг интернет саҳифасида келтирилган Қувайт вақф вазирлигининг 18510-сонли фатвоси бунга яққол далил.

Бошқа айрим уламоларнинг фикрича, йўлдош инсон танасидан ажралган тирноқ ва сочга ўхшайди. Мазкур фикр шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳга мансуб. IslamQA саҳифасида келишича, Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳдан “йўлдошнинг бирон фойдаси бўлмаса, уни кўмиш вожибми ёки ахлатга ташласа ҳам бўладими?” деган савол сўралади. Шунда шайх шундай жавоб беради: “Тўғрироғи йўлдош тирноқ ва соч қабилидан. Яъни, уни ахлатга ташлаш ҳам ёки кўмиш ҳам жоиз”.

Эҳтимол Ҳишом ибн Урва отасидан, отаси эса Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадис ҳам мазкур фикрга далил бўлиши мумкин. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон танасидан ажралган етти нарса: соч, тирноқ, қон, ҳайз қони, тиш, лахта қон ва йўлдошни дафн қилишга буюрадилар. Кўриб турганингиздек, ҳадисда йўлдош соч, тирноқ ва тиш, шунингдек, инсон танасидан ажраб чиққан қон, ҳайз қони ва лахта қонлар билан бир қаторда зикр қилинган. Мазкур ҳадисда инсонни эъзозлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ундан ажраб чиққан нарсаларни ерга кўмишга буюрилади. Бироқ мазкур ҳадисни шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ “Заифул жомеъ” асарида (4525-ҳадис) заиф деган.

Хулоса қилиб айтганда, йўлдош ва унга ўхшаш инсон танаси чиқиндиларини кўмиш хусусида бирон саҳиҳ далил келмаган. Шундай бўлсада, аксар уламоларнинг фикрига эргашган ҳолда уларни ерга кўмиш афзалдир. Негаки, уларни ерга кўмиш бир жиҳатдан инсонни эъзозлаш бўлса, бошқа бир жиҳатдан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамдир. Қолаверса, айрим уламолар айтишганидек, мазкур нарсаларни ерга кўмиш, уларнинг сеҳр ва жоду қилувчи ёвуз инсонлар қўлига тушишидан сақлайди. Чунки улар бирон кимсани сеҳрламоқчи бўлсалар одатда унинг танасидан ажраган чиқиндилардан фойдаланадилар. Шунга қарамай, йўлдош ёки унга ўхшаш танадан ажралган чиқиндилар ахлатга отилса ҳам инсон гуноҳкор бўлмайди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг