“Солатан тунажжийна” салавотини ўқиш мумкинми?

0

Савол:

“Салотун нажот” ёхуд “солатан тунажжийна” салавотини ўқиш мумкинми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ!

Биринчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу кўринишда салавот айтиш бидъат бўлиб, ҳадис ва асарларда келмаган. Бу салавотни “Нузҳатул мажолис ва мунтахабун нафоис” (283-бет) китобининг муаллифи муаррих ва адабиётшунос Абдураҳмон ибн Салом Сафурий (ҳижрий 894 йилда вафот этган) айтган ҳамда моликий мазҳаби фақиҳларидан бири наҳвшунос шайх Умар ибн Али ибн Солим Фокиҳоний (ҳижрий 734 йилда вафот этган) ўзининг “Ал-фажрул мунийр” китобида (31-32 бет) келтириб, шундай деган:

“Менга кўзи ожиз шайх Солиҳ Мусо кемага минганини айтиб берар экан, шундай деди: “Ақлобий номли шамол турди. Бу шамолга дуч келганларнинг деярли ҳаммаси ҳалок бўлган. Одамлар чўкишдан қўрқиб бақира бошлашди. Менинг кўзларим юмилиб, уйқуга кетдим. Тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. У зот менга: “Кемадагиларга айт, “Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га, у зотнинг оила аъзоларига салавотинг бўлсин! Бу салавот билан бизни барча қўрқув ва офатлардан қутқар, барча ҳожатларимизни бажо келтир, барча гуноҳларимиздан покла, бизни ўз ҳузурингда олий мартабага кўтар, ҳаётимизда ҳам, вафотимиздан сўнг ҳам барча эзгу мақсадларга етказ”, деб минг марта салавот айтишсин” – дедилар. Мен уйғониб, кемадагиларга тушимни айтдим. Биз бу салавотни уч юз марта айтган эдик, шамолдан қутулдик…” (иқтибос тугади).

Маълумки, шариатдаги ҳукмлар ва амалларнинг фазилати туш билан собит бўлмайди. Шунга биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу кўринишда салавот айтишнинг афзаллигини исботлашда тушга таяниб бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг шариати комил. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим” – деган (Моида:4) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу динни бизга тўлиқлигича, бирон нарсани беркитмай етказганлар. Шундай экан, мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўллар билан собит бўлган амалларни бажариши етарли, бошқа бир ибодатни пайдо қилиш ёки тушлар воситасида у ибодатни мустаҳаблик даражасига олиб чиқишнинг кераги йўқ.

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига мусибат тушганида, мушкул ишлар вақтида айтган дуолари бор. Бухорий (6345) ва Муслим (2730) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибат вақтида: “Улуғ ва Ҳалим Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, осмонлару Ернинг Парвардигори ва улкан аршнинг Парвардигори бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ” – деб дуо қилганлар.

Бу дуонинг арабча ўқилиши қуйидагича:

Лаа илааҳа иллаллоҳул азиймул ҳалийм, лаа илааҳа иллаллоҳу роббус самааваати вал арзи ва роббул аршил азийм”.

Термизий (3524) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига бирон мусибат тушса: “Ё Ҳай, ё Қайюм, раҳматинг ила мадад сўраймиз” – деб дуо қилар эдилар (Албоний “Саҳиҳи Термизий”да ҳасан деган).

Бу дуонинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Я Ҳаййу я Қойюм бироҳматика астағийс”.

Шундай экан, мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга, динда янги амалларни ихтиро қилмасликка интилсин. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Эргашинглар, янги амаллар ихтиро қилманглар. Диндаги амаллар сизларга етарлидир” – деган (Доримий (205) ривояти). Аллоҳ таолодан яхши сўз ва яхши амалларга йўллашини сўраб қоламиз, валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA саҳифаси

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг