Сиддиқ жиҳод майдонларида (3)

0

Бани Назир ғазотида:

Амр ибн Умайя Бани Омир қабиласидан бўлган икки кишини хатолик билан ўлдириб қўйди. Ушбу қабила билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида тинчлик аҳдномаси бўлиб, Амрнинг бундан хабари йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эди: “Сен ўлдирган иккала киши учун хун пули тўлашим лозим бўпти”, дедилар, сўнг мусулмонлардан ва уларнинг яҳудий иттифоқчиларидан ҳалиги иккаласи учун хун пули йиғишга киришдилар[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча асҳоблари билан Бани Назир яҳудлари ҳузурига хун пули тўлашга ёрдам беришларини сўраб бордилар. Чунки ўртадаги аҳднома бандларига кўра бу уларнинг ҳам бўйнига тушарди. Улар: “Ҳа, албатта йиғиб берамиз эй Абул Қосим, унгача сиз мана бу ерда ўтириб туринг”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни кутиб уйларидан бирининг девори остига келиб ўтирдилар. Абу Бакр, Умар, Али ва бошқа бир қанча саҳобалар ҳам у кишининг ёнларида ўтирдилар. Яҳудлар ёлғиз қолишгач, шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга тил бириктиришди. Улар: “Бу кимсадан қутулиш учун бундан қулай фурсатни ҳаргиз тополмайсизлар”, дейишди. Улардан бири: “Ким мана бу тегирмон тошини томдан унинг бошига ташлаб, бизни ундан қутқаради?”, деган эди, Амр ибн Жаҳҳош ибн Каъб исмли бир кимса: “Мен қиламан”, деди ва бу ишни бажариш учун томга чиқа бошлади. Шунда оламлар Парвардигори ваҳий орқали Ўз пайғамбарини уларнинг бу шум ният ва режаларидан бохабар қилди. У зот дарҳол ўринларидан туриб, Мадинага қараб йўл олдилар. Саҳобалари орқаларидан эргашиб: “Шошилиб туриб кетдингиз, тинчликми?”, деб сўрашганда уларга яҳудларнинг суиқасдлари ҳақида айтиб бердилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаммад ибн Масламани Бану Назир ҳузурига йўллаб, уларни Мадинадан бутунлай чиқиб кетишга буюрдилар ва бу учун уларга ўн кун муҳлат бердилар. Яҳудлар иложсиз, кўчиб кетишга ҳозирлик кўриб турганларида мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай уларни Мадинани ташлаб чиқиб кетмасликка ва маҳкам туришга чорлаб, уларга ҳарбий ёрдам ваъда қилди. Шу билан яҳудларда ўзларига ишонч пайдо бўлиб, жанг қилиш қарорига келдилар ва раислари Ҳуяй ибн Ахтоб мунофиқлар бошлиғининг ваъдаларидан умидвор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Биз диёримиздан чиқмоқчи эмасмиз, қўлингдан келганини қил”, деб одам юборди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар устига қўшин тортиб бориб, уларни қамалга олдилар. Улар ўз қалъаларига кириб, дарвозаларни танбалаб олдилар. Қамал ўн беш кун давом этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хурмозор ва боғларидан келадиган ёрдамдан маҳрум қилиш мақсадида уларни кесиб ва ёқиб юборишга буюрдилар. Мунофиқлар ҳам, бошқа иттифоқчилари ҳам уларга хиёнат қилиб, бирор ёрдам қўлини чўзишга уринмади. Шундан сўнг улар таслим бўлиб, Мадинани ташлаб чиқиб кетишга рози бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бола-чақаларини олиб, қуролларидан ташқари туялари кўтаргудек юклари билан Мадинадан чиқиб кетишга изн бердилар. Улар ҳақида “Ҳашр” сураси нозил бўлди[2].

Бани Мусталиқ ғазотида:

Бани Мусталиқ қабиласи Мадинага ҳужум қилишга ҳозирланаётгани хабари етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни жангга сафарбар қилиб, зудлик билан уларга қарши юриш бошладилар. Уларнинг диёрига етиб келгач, муҳожирлар байроғини Абу Бакр Сиддиққа, ансорлар байроғини Саъд ибн Убодага бердилар. Сўнгра Умар ибн Хаттобга буюрдилар, у: “Эй одамлар, “Ла илаҳа иллаллоҳ” денглар, жонингиз ва молингиз омонда бўлади!”, деб жар солди. Улар бунга кўнмадилар. Шундан сўнг икки тараф бир муддат бир-бирига камондан ўқ узишдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан мусулмонлар шиддатли ҳамла уюштириб, буткул ғалабага эришдилар. Мушриклар мағлуб бўлиб, улардан бирон киши ҳам қочиб қутулмади, ўнтаси ўлдирилиб, қолганлари асир олинди. Мусулмонлардан фақат бир киши ўлдирилди[3].

Хандақ ва Бани Қурайза ғазотида:

Абу Бакр Сиддиқ ҳар икки ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида турди. Хандақ қазилаётган кунлари елкасида тупроқ ташиди, бошқа саҳобалар билан бирга қаттиқ меҳнат қилиб, хандақни кутилган муддатда битиришга ва мушрикларнинг улкан қўшини Мадина ҳудудига етиб келмасидан илгари охирига етказишга муваффақ бўлдилар.

Ҳудайбияда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди Ҳаромни зиёрат қилиш мақсадида ҳижрий олтинчи йил Зул-қаъда ойида 1400 саҳоба ҳамроҳлигида Маккага қараб йўл олдилар. Зул-Ҳулайфага етгач, Маккада қурбонлик қилиш учун ўзлари билан олган жонлиқларига белги тақдилар, уруш учун келмаганларини билдириб, умра ниятида эҳром боғладилар. Олдинроқ хузоалик бир кишини Қурайшнинг хабарини билиб келиш учун юбордилар. У Макка аҳли мусулмонларни Каъбадан тўсиш ва уларга қарши урушиш мақсадида аскар тўплагани ҳақида хабар келтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига маслаҳат солиб: “Нима дейсизлар, менга маслаҳат беринглар эй одамлар”, дедилар. Шунда Абу Бакр деди: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ. Ё Расулуллоҳ, биз фақат умра учун келдик, биров билан урушиш мақсадида келмадик. Лекин кимда-ким бизни Байтуллоҳдан тўсса, у билан жанг қиламиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, кетдик Аллоҳнинг исми билан!”, дедилар.

Қурайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келаётганларидан хабар топгач, кенгаш ўтказиб, унда мусулмонларни қандай қилиб бўлмасин, Каъбадан тўсишга қарор қабул қилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Макка аҳли ўртасида бир неча сўзлашувлар бўлиб ўтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар Маккаликлар қариндошлик алоқаларини сақлаб қоладиган бирон битимга таклиф қилсалар, қабул қилишга қарор қилдилар[4].

Ҳудайбия сўзлашувларида:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сўзлашув олиб бориш учун Қурайш бир неча марта вакиллар юборди. Энг аввал хузоалик Будайл ибн Варқо келди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва мусулмонларнинг мақсадларини ўрганди. Сўнг Маккага қайтиб бориб, Қурайшга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини етказди. Шундан сўнг Қурайш Микраз ибн Ҳафсни жўнатди. Кейин Ҳулайс ибн Алқамани юборди. Кейин Урва ибн Масъуд Сақафийни юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Урва ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувда Абу Бакр ва бошқа бир неча саҳоба иштирок этдилар. Гап орасида Урва: “Эй Муҳаммад, сен қаёқдаги бетайин, қаланғи-қасанғи одамларни атрофингга йиғиб олиб, шулар билан ўз қавмингни қириб битириш қасдида келдингми?! Ахир уни Қурайш деб қўйибдилар! У эркагу аёли, ёшу қарисини сенга қарши олиб чиққан, улар қоплон териларини кийиб олишган, сени ҳеч қачон ўзлари устига зўрлик билан киришингга йўл қўймасликка Аллоҳга аҳд беришган. Аллоҳга қасамки, бир гап бўлса, атрофингдагилар сени ташлаб қочиб кетишлари аниқ”, деди. Шунда Абу Бакр унга: “Лотнинг базрини[5] ялагур! Биз у зотни ташлаб қочарканмизми?!”, деди. “Ким у?”, деди Урва. “Абу Бакр”, дейишди. Урва: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сенинг менга ўтказиб қўйган яхшилигинг бўлмаганда эди, сенга қандай жавоб қилишимни ўзим билардим”, деди. Абу Бакр унга илгари бир яхшилик қилган ва у ўша яхшилигига жавоб қайтаролмаган эди. Ўшанинг риояси учун Урва унинг қўпол гапига жавоб беришдан тийилди. Баъзи уламолар Абу Бакрнинг ушбу сўзларини далил қилиб, эҳтиёж ва манфаат бўлган ўринда авратни очиқ номи билан аташни жоиз дейдилар, тақиқланган фаҳшдан деб санамайдилар[6].

Урва ибн Масъуд мусулмонларни маънавий жиҳатдан мағлуб этиш мақсадида уларга қарши психологик уруш олиб боришга уринди. Шу боис у мушрикларнинг ҳарбий куч-қудратини ошириб-тошириб кўрсатишга, мусулмон лашкари билан унинг қўмондони ўртасига ишончсизлик уруғини экиб, улар сафида беқарорлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилди. Унинг: “Қаёқдаги бетайин, қаланғи-қасанғи одамларни атрофингга йиғиб олибсан, улар сени ташлаб қочиб кетишлари аниқ” деган гапи айни шу мақсадни амалга оширишга хизмат қилиши керак эди. Сиддиқнинг жавоби ўта кескир ва Урвани руҳий томондан эзиб ташлайдиган оғир гап бўлди. Сиддиқнинг бу муносабати Аллоҳ таолонинг: “Эй мўминлар, душманга қарши жанг қилишдан сустлашмангиз ва ўзингизга етган мусибатдан ғамгин бўлмангиз! Ҳақиқий иймон эгалари экансиз, сизлар ғолибсиз ва оқибат сизларнинг фойдангизга бўлгай” [Оли Имрон: 139] оятида айтилган иймоний иззат-шарафни ўзида кўрсатиб берди.

[1] Ибн Ҳишом (2/183–188), Зодул маъод (2/109), Саҳиҳи Бухорий (2/584).
[2] Бухорий (5/217), Мағозий Воқидий (1/363), Бидоя ва ниҳоя (4/86).
[3] Бидоя ва ниҳоя (4/157).
[4] Тарихи даъва илал ислом (136-бет).
[5] Базр – аёллар жинсий аъзоси, клитор.
[6] Муҳаммад Молуллоҳ, “Абу Бакр Сиддиқ” (350-бет).

Изоҳ қолдиринг