Умар розияллоҳу анҳу жиҳод майдонларида (4)

0

Умар розияллоҳу анҳу: Макка фатҳида

Қурайш Ҳудайбийя сулҳини хиёнаткорона бузганидан сўнг ўзининг бу хиёнати Мадина томонидан жавобсиз қолдирилмаслигига кўзи етгач, Абу Суфённи сулҳни янгилаш ва муддатини узайтириб келиш учун Мадинага юборишга қарор қилди. Абу Суфён Мадинага етиб келиб, қизи Умму Ҳабиба (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари) ҳузурига кирди, бироқ у билан сўзлашиб муддаосига эришолмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига чиқиб бориб, у зотга муддаосини сўзлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳеч қандай жавоб айтмадилар. Кейин у Абу Бакр олдига бориб, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб кўришини илтимос қилди. Абу Бакр унинг илтимосини рад қилди. Кейин у Умар ибн Хаттобга шундай илтимос билан борди. Умар: “Ҳали мен сизлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга воситачилик қиламанми?! Аллоҳга қасамки, зиғирча сабаб топсам, ҳеч иккиланмай сизлар билан жангга кирган бўлардим”, деб жавоб берди[1].

Шундан сўнг Абу Суфён тарвузи қўлтиғидан тушиб, ноумид ҳолда Маккага қайтиб кетди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳи учун юришга ҳозирлик кўриб турган кунларида Ҳотиб ибн Абу Балтаъа исмли саҳобий Қурайшга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни кўзлаб йўлга чиққанлари ҳақида мактуб ёзиб, бир аёл орқали юборди. Бироқ Аллоҳ таоло ваҳий орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳотибнинг қилган бу ишидан хабардор қилди. У зот бу хиёнаткорликни бешигидаёқ бўғишга қарор қилдилар ва Али, Миқдод ва Зубайрни аёлнинг изидан жўнатдилар. Уларга: “Боринглар, Хох деган бир боққа етганларингда бир аёлни топасизлар, унда бир мактуб бор. Ўшани олиб келинглар”, дедилар. Улар от чоптириб, айтилган жойга етиб бордилар ва у ерда бир аёлни топдилар. Уни уловдан тушириб: “Хатни чиқар!”, дедилар. У: “Менда ҳеч қандай хат йўқ”, деди. Улар: “Қасамки, ё ўзинг хатни чиқариб берасан ё биз сени ечинтирамиз”, дедилар. Шундан сўнг аёл соч турмаги орасидан хатни чиқариб берди. Хатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келиб топширдилар. Хат “Ҳотиб ибн Абу Балтаъадан Қурайшга” деб бошланган ва ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар устига юриш қилмоқчи эканлари хабари битилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳотибни чақиртириб: “Бу нимаси эй Ҳотиб?!”, дедилар. Ҳотиб: «Ё Расулуллоҳ, менга (куфр ё муртадлик ҳукмини чиқаришга) шошилманг. Мен Қурайшга келгиндиман, уларнинг аслидан эмасман. Менинг қариндош-уруғим ва аҳли-оилам улар қўли остида. Қурайш ичида уларни ҳимоя қиладиган бирор яқин кишим йўқ. Сизнинг атрофингиздаги бошқа кишиларнинг эса у ерда ҳимоя қиладиган кишилари бор. Шунинг учун мен уларга шу йўл билан яқинларимни ҳимоя қилдиришни истаган эдим. Қасамки, мен бу ишни динимдан муртад бўлиб ё исломдан кейин куфрни ихтиёр этганимдан қилмадим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳақиқатан рост гапирди”, дедилар. Умар ибн Хаттоб: “Ё Расулуллоҳ, изн беринг, бу мунофиқнинг бошини танидан жудо қилай”, деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ахир у Бадрда иштирок этган. Қаердан биласиз эй Умар, балки Аллоҳ Бадр аҳлига боқиб: “Истаган ишингизни қилаверинг, мен сизларни кечирдим” деган бўлса”, дедилар[2]. Шунда Умар йиғлаб: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Умар ибн Хаттоб ўртасида бўлиб ўтган бу сўзлашувдан бир неча дарс ва ибратлар чиқариш мумкин:

  • Жосуснинг ҳукми қатл этилиш экани. Чунки Умар уни қатл этишини айтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни инкор қилмадилар, балки уни муқаррар жазодан фақат Бадрда қатнашганлиги тўсиб қолди.

  • Умарнинг дин ишида ўта қаттиққўл ва жиддий бўлгани. Бу Ҳотибнинг бошини танидан жудо қилишни талаб қилишида кўринади.

  • Гуноҳи кабира кишини диндан чиқармайди. Ҳотибнинг қилган иши – жосуслик – катта гуноҳлардан бўлгани ҳолда, у мўминлигича қолди.

  • Умар Ҳотибни фақат луғавий маънода мунофиқ деб атади, диндаги истилоҳий маъносида эмас. Нифоқ дилда куфрни яшириб, тилда исломни изҳор қилишдир. Умар бу ерда кўзда тутган нарса шуки, Ҳотибнинг қилган бу иши ўзи унинг учун жиҳодга чиққан ва унинг йўлида жонини беришга тайёр бўлган иймонга бутунлай зид иш эди[3].

  • Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавобларидан таъсирланиб, бир зумда Ҳотибга энг оғир жазо беришга чақириб турган ғазабнок кишидан: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ” деб йиғлаб юборган ўта таъсирчан ва кўнгилчан бир инсонга айланди. Чунки унинг ғазаби Аллоҳ ва Расули учун бўлган эди. Энди Аллоҳ ва Расулининг розилиги унинг фикридан бошқа нарсада экани маълум бўлгач, у биродарининг хатосидан кўз юмди ва унинг фазилатини тўғри баҳолаб, унга нисбатан чиройли муомала йўлини тутди.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага юришларида Марруз-заҳрон деган жойда тўхтаганларида Аббос тун қоронғусида атрофни айланиб юрган эди. У бирон киши учраб қолса-ю, Қурайшга хабар етказса, шунда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар устига кириб боришларидан олдин ўзлари у зотдан омонлик сўраб истиқболларига чиқишса, деган илинжда эди. Шу кеча Абу Суфён икки киши ҳамроҳлигида атрофдан хабар олиш учун шаҳар ташқарисига чиққан эди. Аббос айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирларини миниб, айланиб юрган эдим, бирдан қулоғимга Абу Суфён ва Будайл ибн Варқонинг овозлари чалинди. Мен Абу Суфённинг овозини таниб: “Абу Ҳанзаламисан?”, дедим. У ҳам менинг овозимни таниб: “Абул Фазл, сенмисан?”, деди. Мен: “Ҳа”, дедим. “Ўзи нима гап, ота-онам сенга фидо бўлсин?”, деб сўради. Мен: “Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг одамлари, тонг отгач Қурайшнинг ҳолига вой бўлади”, дедим. “Бирон чораси йўқми, ота-онам сенга фидо бўлсин?”, деди у. “Қасамки, агар сени қўлга туширсалар, албатта бошингни олдирадилар. Яхшиси, сен мана бу хачирга мингашгин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб бориб, сенга омонлик олиб берай”, дедим. Шундан сўнг у менинг орқамга мингашди, иккала шериги эса орқага қайтиб кетишди. У билан келарканман, қай бир гулхан ёнидан ўтсам, у ерда ўтирганлар: “Ким бу?”, дейишар, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирлари устида кўришгач: “Ҳа, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, у зотнинг хачирларини миниб олибди”, дейишарди. Умар ибн Хаттобнинг гулхани ёнидан ўтаётганимда у ҳам: “Ким бу?”, деб сўради ва ўрнидан турди. Абу Суфёнга кўзи тушгач: “Бу Аллоҳнинг душмани Абу Суфён-ку?! Ҳеч қандай сулҳсиз ва битимсиз ҳолда сени менинг қўлимга туширган Аллоҳга ҳамд бўлсин!”, деди. Сўнг шошганича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафга қараб юриб кетди. Мен хачирни тезлатиб, ундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кириб бордим. Орқамдан Умар кириб: “Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўз оёғи билан келибди. Уни менга қўйиб беринг, бошини танидан жудо қилай”, деди. Мен: “Ё Расулуллоҳ, мен уни ҳимоямга олдим”, дедим. Умар қайта-қайта гапиравергач: “Бас қил, эй Умар! Аллоҳга қасамки, агар бунинг ўрнида Бани Адий уруғидан бирон киши бўлганида бу гапни айтмаган бўлардинг. Бу Бани Абдуманоф уруғидан бўлгани учунгина шундай деяпсан”, дедим. Шунда Умар: “Ўзингни бос, эй Аббос! Аллоҳга қасамки, исломни қабул қилган кунинг сенинг мусулмон бўлишинг мен учун отам Хаттобнинг – агар у Исломни қабул қилса – мусулмон бўлишидан ҳам суюмлироқ бўлганди. Сабаби, билардимки, сенинг мусулмон бўлишингдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хаттобнинг мусулмон бўлишидан кўра кўпроқ севинардилар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аббос, уни ўзингиз билан олиб кетинг. Эрталаб олдимга олиб келасиз”, дедилар[4]. Умар розияллоҳу анҳу ўзи Аллоҳнинг душмани деб билган кимсанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббоснинг пинжида, юрак ҳовучлаб мусулмон қўшинлари ичидан ўтиб бораётганини кўрган вақтда унга нисбатан муносабати ана шундай бўлди. У Аллоҳнинг душмани бўйнига қилич уришни Аллоҳга ибодат ва Унинг йўлидаги жиҳод тақозоси деб билди. Бироқ Аллоҳ таоло Абу Суфёнга яхшилик истаган экан, унинг дилини исломга очиб қўйди. Шу билан у қони ва жонини сақлаб қолди.

[1] Ибн Ҳишом, “Сийрати набавийя” (2/265).
[2] Бухорий (4274).
[3] Абу Форис, “Сийрати набавийя” (404-бет).
[4]  “Сийрати набавийя” (518, 519-бетлар).

Изоҳ қолдиринг