Иккинчи ҳадис: (17) тақдирнинг учинчи босқичи: хоҳиш

0

Тақдирнинг учинчи босқичи: хоҳиш

Учинчидан: хоҳиш босқичи

Қадарнинг хоҳиш босқичи маъноси:

Бу босқичнинг маъноси шундан иборатки, борлиқдаги ҳар бир мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки йўқ бўлиши ёлғиз Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошади. Масалан, ёмғир ёғиши, қурғоқчилик, ўсимликларнинг ўсиши, бирон мавжудотнинг ўлиши ёки тирилиши ва ҳоказо ишларнинг барчаси Аллоҳнинг хоҳиши билан амалга ошади ва бунда шак-шубҳа йўқ.  Зеро, бу Аллоҳ азза ва жалла Ўзига оид ишларни Ўз хоҳишидан келиб чиқиб бажаришини ифода этади. Шунингдек, бандаларга оид ишлар ҳам Аллоҳнинг хоҳишидан келиб чиқиб содир бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “У (Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз, бутун оламлар учун — сизларнинг орангиздаги Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар” [Таквир: 27-29]. Яна Аллоҳ таоло айтади: “…Агар Аллоҳ хоҳлаганда у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар.  Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас,  уларнинг орасида мўминлар ҳам бор,  кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади [Бақара: 253].   Қолаверса, мусулмонлар “Аллоҳ нимани хоҳласа, бўлади. Аллоҳ хоҳламаган нарса бўлмайди”, деган сўз мазмунига ижмо-иттифоқ қилганлар.

Демак, банданинг иши Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ экан.

Шу ўринда чигал бир савол туғилади: агар банданинг хатти-ҳаракати Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ бўлса, у ҳолда банда бажараётган ишларида мажбурланган бўлиб қолмайдими? Чунки Аллоҳ нени хоҳласа бўлиб, хоҳламагани бўлмаса?! Бу эътиқод ўз ўрнида жабарийлар тоифасининг йўлига олиб бормайдими?

Жавоб: Маълумки, жабарийлик эътиқоди бу жаҳмийлар тутган йўлдир. Жаҳмийлар фирқасига оид учта “ж” ҳарфлик эътиқод мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси бузуқ эътиқодлардир.

Бу эътиқодларнинг биринчиси, Аллоҳнинг сифатларига тааллуқли бўлган “жаҳм” этиқоди, иккинчиси, қадарга тааллуқли бўлган “жабр” эътиқоди ва ниҳоят учинчиси, иймон моҳиятига тааллуқли бўлган “иржо” эътиқоди. Учта “ж” ҳарфининг биронтасида яхшилик йўқ!

Шу боис, “агар барча ишлар Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ва азалда битган ёзуви ила бўлса, унда биз қилган ишларимизни мажбурий тарзда қиламиз”, деган сўзнинг бузуқ экани махфий эмас. Негаки, инсон мажбурланган ҳолда бирон ишни бажарса-ю, сўнг мажбурлаган кимса тарафидан шу ишни қилгани учун жазоланса, мазлум саналади. Шунинг учун биров бошқа бирига бир ишни мажбурдан қилдириб, сўнг бу қилмиши учун азобласа, одамлар бу адолатсизликдан норозилик билдирган бўлур эдилар. Энди шу ишни яратган зот Аллоҳ қилса қандоқ бўлади, У зотга ярашадими бу?!

Демак, “бандалар мажбуран хатти-ҳаракат қиладилар” деган эътиқод батамом ботил эътиқоддир. Ҳолбуки, биз бирон ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам мажбурланмаётганимизни, балки ўз ихтиёримиз билан ҳаракат қилаётганимизни ҳис қиламиз.

Мазкур хулоса орқали юқорида зикр қилинган, салафи солиҳлар давридан кейин пайдо бўлган бидъат савол: “инсон мажбурий тарзда бошқариб қўйилганми ёки ўз ихтиёридан келиб чиқиб ҳаракатланадими?”, деган саволнинг ботил ва ўринсиз савол экани маълум бўлади.

Аслида бундай савол пайдо бўлмаслиги керак. Борди-ю, бирон кимсада шундай савол пайдо бўлса, у ҳолда “мени бирон кимса шу саволни беришга мажбурладими?”, деб ўзидан сўраши лозим. Барчага маълумки, инсон ўз ихтиёри билан ҳаракатланади, уни ҳеч кимса мажбурламайди. Айтайлик, мен уйдан масжидга келсам, бирон киши шундай қилишга мажбурлаётганини ҳис қиламанми?! Албатта, йўқ. Шунингдек, кеч қолсам ҳам ўз ихтиёрим билан кеч қоламан, мени бирон кимса мажбурламайди. Шак-шубҳасиз, инсон ихтиёрий равишда ҳаракат қилади. Бироқ шундай бўлсада, биламизки, инсон бажарадиган ишлар олдиндан ёзиб қўйилган. Аммо Аллоҳ таоло бизнинг муайян хатти-ҳаракатларимизни ёзиб қўйгани, хоҳлагани ва яратганини мазкур хатти-ҳакатларимиз содир бўлгандан кейингина биламиз. Бу хатти-ҳаракатлар содир бўлишидан олдин улар тўғрисида ҳеч нарса билмаймиз. Аллоҳ таоло айтади: “Бирон жон эртага нима қилишини билмас. Бирон жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” [Луқмон: 34].

Агар Аллоҳнинг хоҳиши шундай бўлса: барча нарса Унинг хоҳишига боғлиқ бўлса-ю, бироқ бандаларни мажбурламаса ва улар ўз ихтиёрлари билан иш қилсалар, демак, зулм йўқ. Шу боис, бандадан бехосдан – беихтиёр бирон иш содир бўлса, гуноҳ бўлмайди. Шунингдек, банда билмасдан, мажбуран ёки унутган ҳолда бирон иш қилса ҳам, уни ихтиёрсиз қилгани сабаб гуноҳкор бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлардан ҳар бирингизнинг жаннатдаги ва дўзахдаги ўрни аниқ ёзиб қўйилган”. Саҳобалар айтишди: “Эй Расулуллоҳ, у ҳолда амал қилмай, ёзилганига таяниб қўявермаймизми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Йўқ, амал қилаверинглар. Зеро, ҳар ким пешонасида ёзилганига йўллаб қўйилади. Саодат аҳли (жаннат аҳли) саодат аҳлининг амалига, бахтиқаро кишилар (яъни дўзахилар) эса бахтиқаро кишиларнинг амалига йўллаб қўйиладилар”. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – сўзларини таъкидлаш ва унга далил сифатида – Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини ўқидилар: “Кимда ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақаларни) берса ва тақво қилса, гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса,  Биз уни осон йўлга йўллаб қўюрмиз. Энди ким бахиллик қилиб, (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса, гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга йўллаб қўюрмиз!” [Лайл: 5-10][1]. Демак, амал қилишимиз лозим.

Худди шундай ризқ ҳам ёзилган ва у ҳам Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. Шунга қарамасдан инсон ризқ учун саъй-ҳаракат қилиши лозим.

Шунингдек, фарзанд кўриш ҳам ёзилган. Шундай бўлсада, инсон ҳаракат қилади ва уйланиш орқали фарзанд умид қилади. Ҳеч кимса: “Тўшакда ухлаб ётавераман, агар Аллоҳ тақдирда менга фарзанд битган бўлса, Ўзи фарзанд беради”, демайди. Борди-ю, бирон кимса шу гапни айтса, одамлар албатта уни тентакка чиқаришади.

Солиҳ амаллар ҳам шундай. Жаннатга кириш учун солиҳ амаллар қилиш лозим. Ҳеч кимса сизни тоат-ибодатдан ман қилмайди ёхуд гуноҳ ишлар қилишга мажбурламайди.

Дарҳақиқат, мушриклар ўз ширкларига тақдирни пеш қилган эдилар. Аллоҳ таоло айтади: “Ширк келтирган кимсалар айтадилар: “Агар Аллоҳ хоҳламаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмаган ва ҳеч нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик” [Анъом: 148].

Бунга жавобан Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улардан аввалгилар ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончига чиқарган эдилар” [Анъом: 148].  Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло мушрикларнинг бу баҳонасини қабул қилмади. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишини “ёлғончига чиқариш” деб номлаб, унга жазо (“…то азобимизни тотгунларича”) ҳам белгилади.

Шу ўринда инсон эътироз билдириб айтиши мумкин: “Ахир қўлимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тақдирни баҳона қилган кишининг ишини маъқуллаганлари тўғрисида ҳадис борку?!”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мусо  Одам (алайҳимассалом)га эътироз билдириб шундай деди: “Эй Одам, сен бизнинг отамизсан. Сен бизни зиён ва маҳрумликка дучор қилдинг. Ўзингни ҳам, бизни ҳам жаннатдан чиқардинг!”. “Аллоҳ мени яратишдан олдин (тақдири азалийда) пешонамга битган иш сабаб мени маломат қилмоқчимисан?”, – деди Одам. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “(Шундай қилиб), Одам (далил билан) Мусога ғолиб келди“, дея икки ёки уч бор айтдилар[2]. Одам алайҳиссалом жаннатда ейиш тақиқланган дарахт мевасидан егани сабаб жаннатдан чиқарилган эди. Гуноҳ ишларни қилганига тақдирни баҳона қиладиган инсонлар мазкур ҳадисни ҳужжат қиладилар. Хўш, имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган бу ҳадисни қандай изоҳлаш мумкин?

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ бу ҳадисдаги чигалликка бир жавоб берган бўлса, унинг шогирди Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ бошқа бир жавоб билан изоҳлайди.

Шайхулисломнинг айтишича, Одам алайҳиссалом гуноҳ ишга қўл урди ва бу унинг жаннатдан чиқишига сабаб бўлди. Бироқ у бу гуноҳдан тавба қилди. Тавбасидан сўнг Аллоҳ уни танлаб олиб, тавбасини қабул қилди ва ҳидоят қилди. Маълумки, гуноҳидан тавба қилган кимса гуноҳсиз билан баробар. Даъват йўлида қаттиқ азиятлар чеккан улул-азм пайғамбарлардан бири бўлмиш Мусо алайҳиссалом ўз отасини тавба қилган, тавбасидан сўнг Аллоҳ уни танлаб олиб, тавбасини қабул қилиб ва ҳидоятлаган иши учун маломат қилиши амри маҳолдир. Аксинча, Мусо алайҳиссалом Одам алайҳиссаломни қилмиши ортидан келиб чиққан мусибат туфайли маломат қилди. Бу мусибат ўзи ва бўлажак зурриёдининг жаннатдан чиқарилиши эди. Зеро,  Одамнинг гуноҳи жаннатдан чиқарилишга сабаб бўлган эди. Қолаверса, Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқиш учун бу гуноҳни қилмаган. Шундай экан, нега маломат қилинсин, нега Мусо алайҳиссалом уни маломат қилсин?!

Маълум бўлдики, Мусо алайҳиссалом гуноҳ сабабли Одамни маломат қилмаган, балки Аллоҳ тақдир қилган мусибат туфайли маломат қилган. Бинобарин, гуноҳ ишлари учун тақдирни пеш қилган кишилар учун ҳадисда ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Негаки, Мусо алайҳиссалом жаннатдан чиқарилишдан иборат мусибат учун Одам билан талашди. Шу боис, “Раббингга осийлик қилдинг” демасдан, балки “Ўзингни ҳам, бизни ҳам жаннатдан чиқардинг!”, деди. Демак, гарчи Одамнинг қилмиши сабаб бўлсада, бу ерда Мусо алайҳиссалом отаси Одам алайҳиссалом билан юз берган мусибат – жаннатдан чиқарилиш тўғрисида тортишган.

Шайхулислом шогирди Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ эса бу чигалликка бошқачароқ жавоб берган. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳидан тавба қилган  кишини маломат қилиш нотўғри. Инсон гуноҳдан тавба қилгач тақдирни пеш қилиши дуруст. Айтайлик, бир инсон ароқ ичган бўлса ва сиз уни маломат қилсангиз, ҳолбуки, у бу қилмишидан чинакам тавба қилган бўлиб, “бу пешонамга ёзилган иш экан, аслида ароқ ичадиган одамлардан эмас эдим”, деса ва чиндан ҳам унинг қилган гуноҳи учун қаттиқ қайғу ва надоматда эканига гувоҳ бўлсангиз, бу ҳолатда тақдирни пеш қилишнинг зиёни йўқ.

Гуноҳ иш учун тақдирни пеш қилиб бўлмаслиги худди мушрикларнинг ҳолати сингари гуноҳ ишда давом этавериш мақсадида тақдирни баҳона қилишга тааллуқлидир. Бироқ инсон ўзгалар уни маломат қилмаслиги учун тақдирни ҳужжат қилишининг зиёни йўқ. Зотан, гуноҳдан тавба қилиш билан маломат ҳам кетади”.

Гарчи шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ зикр қилган жавоб тўғрироқ ва асослироқ бўлса ҳам мазкур жавоб ҳам инсон тасаввур қилиши осон бўлган очиқ бир жавобдир. Бу жавоб билан ҳам чигалликни изоҳлаш мумкин, албатта.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бунга ўхшаш яна бир воқеа: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда қизлари Фотима ва амакиваччаси Али розияллоҳу анҳумонинг уйларига борган вақтларида улар уйқуда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарата: “Намоз ўқимайсизларми?!”, дедилар. У зот бу сўз билан уларни койиган бўлдилар. Яъни, “таҳажжуд намозига турсанглар бўлмайдими?”, деган маънода айтдилар. Шунда Али розияллоҳу анҳу деди: “Эй Расулуллоҳ, албатта, жонларимиз Аллоҳ азза ва жалланинг қўлида. Агар У бизни уйғотишни хоҳласа, уйғотади”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (қўллари билан) сонларига урганча: “Албатта, инсон жуда кўп талашиб-тортишувчидир” [Каҳф: 54] оятини  ўқиган ҳолда уйдан чиқдилар”[3]. Зеро, Али розияллоҳу анҳу юз берган ва тугаб кетган иш билан ўзини оқлашга уринди”.

Агар бир инсон гуноҳ иш қилса-ю, биз уни жазоламоқчи, яъни унга ҳад ёки таъзир қўлламоқчи бўлсак. Айтайлик, у зино қилган. Шунда у: “Бу мени пешонамга ёзилган экан, менда нима айб?”, деса. Биз: “Унга юз дарра уриб, бир йил юртидан сургун қилинглар”, десак. Шунда у деса: “Шошманглар, ахир бу  тақдиримда ёзилган нарса-ку?! Ё буни инкор этасизларми?!”. Биз унга айтамиз: “Йўқ, инкор этмаймиз”. “Ундай бўлса, мени маломат қилишга ҳаққингиз йўқ”, дейди у. Биз айтамиз: “Йўқ, биз сени дарралаймиз ва “бу иш тақдиримизда ёзилган иш экан”, деймиз.

Айтишларича, бир ўғрининг иши амирулмўминин Умар ибн Хаттобга оширилибди. Халифа унинг қўлини кесишга буюрибди. Шунда ҳалиги ўғри айтибди: “Шошманг, эй амирулмўминин, Аллоҳга қасамки, мен бор-йўғи Унинг тақдири билан ўғирлик қилдим”. Албатта, бу тўғри жавоб. Шунда Умар розияллоҳу анҳу айтибди: “Биз ҳам сенинг қўлингни Аллоҳнинг тақдири билан кесамиз, холос!”. Умар розияллоҳу анҳу шу тариқа уни мот қилибди. Яна ҳам тўғрироғи, биз ўғрининг қўлини Аллоҳнинг тақдири ва шариати билан кесамиз. Зеро, ўғри Аллоҳнинг тақдири билан ўғирлик қилган, шариати билан эмас. Биз бўлсак, унинг қўлини Аллоҳнинг қадари ва шариати билан кесамиз. Бироқ Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг шариатини зикр қилмади, чунки мақсади ўғрига ўзининг ҳужжати билан қарши чиқиш эди.

Юқоридаги сўзлардан маълум бўладики, гуноҳ ишларда тақдирни пеш қилиш ботил экан. Шунингдек, шариат талаб қилган ишларни қилмай ўтказиб юборишга ҳам тақдирни ҳужжат қилиш ботил. Ҳозирги кунда одамларни кўрамизки, ҳукумат корхоналаридаги ишлаш ва мансабларга ўтириш учун қаттиқ ҳаракат қиладилар, имкони бўлса қўлдан бой бермайдилар. Борди-ю, бир инсон имкони бўлганда ана шундай фурсатга шошилмай ўтказиб юборгўдек бўлса, одамлар уни маломат қиладилар. Демак, бу шуни очиқ кўрсатадики, инсон ўз хоҳиш ва ихтиёрига эга.

Шундай қилиб, осий банданинг Аллоҳга осийлик қилишда тақдирни ҳужжат қилиши нотўғри. Биз унга айтамиз: “Сенинг айтишингча, Аллоҳ сенга осийликни тақдир қилган экан, осий бўлибсан. Худди шундай, Аллоҳ тоат-ибодатни ҳам тақдир қилган экан, тоат-ибодат қиляпман, десанг бўлмайдими?! Негаки, тақдир, бу яширин сир, уни Аллоҳдан ўзга билмайди. Биз бандалар Аллоҳ азалда тақдир қилган ва ҳукм қилган ишни содир бўлгандан сўнггина билишимиз мумкин. Агар гуноҳ ишга қўл урган бўлсанг, нега тоат-ибодатга ҳам қадам қўйиб, “Аллоҳ шуни пешонамга ёзган экан”, демайсан?!”.

Аллоҳга ҳамд-сано бўлсинки, бу масала тушунарли ва ойдин масала. Агар Аллоҳнинг қазо ва қадари тўғрисидаги айрим шубҳалар бўлмаганида аслида бу хусусда баҳс юритишга ҳам ҳожат қолмас эди. Чунки масала равшан: гуноҳ ишларни қилишга ва фарзларни тарк қилишга тақдирни ҳужжат қилиш ярамайди.

[1] Бухорий (4945) ва Муслим (2647) ривоят қилишган.
[2] Бухорий (4738) ва Муслим (2652) ривоят қилганлар.
[3] Бухорий (1075) ва Муслим (775, 206) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг