Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бирга бўлгани

0

Али розияллоҳу анҳу саводсиз жоҳилий жамиятда ўқиш-ёзишни биладиган саноқли маккаликлардан бири эди. Бу унинг кичикликдан ўқишга қизиққанига ва илмга муҳаббат қўйганига далолат қилади. Аллоҳ таоло уни болалигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларида ўсиб-улғайишга ва у зотнинг қўлларида тарбияланишга муваффақ қилди. Исломни қабул қилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга эътибори яна ҳам ортди. Башариятнинг буюк муаллими тарбияси унинг шахсиятига таъсир кўрсатди, қобилиятларини сайқаллади, яширин ички имкониятларини юзага чиқарди, нафсини тозалади, қалбини поклади, ақлини мунаввар этди, руҳини тирилтирди. У аввал Маккада, сўнг Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлди, у зотнинг қўлларида муносиб шогирд бўлишга қаттиқ ҳаракат қилди. У зот асҳобларини Қуръони Карим билан тарбия қилардилар, бошқа саҳобалар қатори Али розияллоҳу анҳу ҳам у зотнинг мўл-кўл илмлари чашмасидан тўйиб-тўйиб симирарди. Баъзан Қуръон оятлари бўлиб турган воқеа-ҳодисаларга ечим ўлароқ нозил бўларди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни асҳобларига ўқиб берардилар, улар оятлар маъносидан воқиф бўлиб, уларни яхши англаб, ҳаётларида амал қилардилар. Қуръон таъсири уларнинг нафсларига, ақлларига, қалбларига, руҳларига жуда чуқур кириб борарди. Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида қуръоний тарбия олган, у зотнинг набавий таълимотлари ва йўл-йўриқларидан қониб симирган кишилардан бири бўлди. У исломни қабул қилганидан бошлаб Қуръони Каримни ёд олишга, оятларини тушунишга ва улар ҳақида фикр юритишга аҳамият қаратди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бирга бўлганидан ҳар бир нозил бўлган ояту сурани тўла ёд олди. У зот билан кўп бирга бўлиши баракатидан кўп яхшиликларни қўлга киритди ва кейинчалик хулафои рошидинлардан бирига айланди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазотларда ва ғазотдан бошқа ҳолатларда тутган ишлари ва йўлланмаларини чуқур ўзлаштиришга ҳаракат қилди. Суннати набавия ҳақида чуқур билим соҳибига айланди ва бу унинг шахсияти ва илми юксалишига кўп таъсир кўрсатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан унинг ўртасини кучли муҳаббат боғлаб турарди. Устоз билан шогирд ўртасида муҳаббат бўлиши илм-маърифат ҳосил бўлишида жуда катта омиллардан саналади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаттиқ муҳаббат қўйди. Қалби у зотга маҳкам боғланди, ўзини у зотга ва у зотнинг даъвати йўлида фидо қилишга ҳозир бўлди.

Амирулмўъминин ва пайғамбарлик мақоми:

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари инсу жиндан кимга етиб борган бўлса, барчасига у зотга ва келтирган динларига иймон келтиришни вожиб қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча ўрнида у зотга иймон келтиришни Ўзига иймон келтиришга боғлаб зикр қилди.

Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Пайғамбар): Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга иймон келтиринглар, Унинг Аллоҳга ва Аллоҳнинг китобларига иймон келтирадиган, хат-саводдан бехабар пайғамбари (бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га иймон келтиринглар ва унга эргашинглар, шояд ҳидоят топарсиз” [Аъроф: 158].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу уммат ичидан бирон шахс – яҳудий бўлсин, насроний бўлсин – мени эшитса, сўнг мен олиб келган динга иймон келтирмай ўлса, албатта дўзах аҳлидан бўлади”, дедилар[1].

Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу пайғамбарлик мақомини яхши билган, унинг қадрига етган, унинг нақадар олий мақом эканини ўз сўзлари ва феъллари билан кўрсатиб берган эди. У одамларга ўз илми, амали ва йўл-йўриқлари билан таълим беришга интилар, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга қаттиқ тарғиб қиларди. Унинг шу маънодаги сўзларидан: “Пайғамбарингизнинг йўлига эргашинглар, зеро у энг афзал йўлдир. У зотнинг суннатини маҳкам тутинглар, зеро у энг афзал суннатдир[2].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш, суннатларини маҳкам тутиш зарурлиги:

Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш фарз деган ақидада ўсиб-улғайди. У Аллоҳ таолонинг: “Ким пайғамбарга итоат қилса, у Аллоҳга итоат қилибди” [Нисо: 80], деган сўзларини ўқиган, ёд олган ва яхши англаган кишилардан эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатни Ўзига итоат билан бир ўринга қўйди, пайғамбарига итоат қилган кишини Ўзига итоат қилган деб санади.

Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишда энг пешқадамларидан бўлди. У кишининг сўзларидан:

Мен бирон кишининг сўзини деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини асло ташламайман[3].

Билиб қўйинглар, мен пайғамбар эмасман, менга ваҳий тушмайди. Балки мен қўлимдан келганича Аллоҳнинг Китобига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қиламан[4].

Али розияллоҳу анҳунинг ҳаётдаги барча ишлари ва ҳолатлари айни шу тушунчага, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига изчил эргашиш устига қурилган эди. У суннатга қаттиқ эътибор берар, ҳадис ривоятида ва уни қабул қилишда ўта эҳтиёткор эди.

Али розияллоҳу анҳу айтади: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис айтганимда, қасамки, у зот номларидан ёлғонлашдан кўра осмондан ерга улоқтирилиш мен учун яхшироқдир[5].

Яна айтади: “Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис эшитсам, у билан Аллоҳ мени Ўзи истаганича фойдалантирарди. Қачон бошқа биров менга У зотнинг ҳадисларини ривоят қилса, мен унга қасам ичтирардим, қасам ичсагина унга ишонардим[6].

Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу суннатга зид ҳар қандай ишга қарши қаттиқ курашар эди. Унинг бу хусусдаги сўзларидан: “Агар дин фикр билан бўлганида эди, маҳсининг устидан кўра остига масҳ тортиш лойиқроқ бўларди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни маҳсилари устига масҳ тортганларини кўрганман[7].

Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарликларига далил бўлувчи бир неча аломат ва мўъжизаларини ривоят қилган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  • Дуоларининг баракаси:

Бир марта Али розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб ётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўргани келдилар. Ўшанда у: “Эй Аллоҳ, агар ажалим келган бўлса, мени роҳатлантиргин. Ажалим етмаган бўлса, фаровон ҳаёт бергин. Агар бу мен учун синов бўлса, Ўзинг сабр бергин”, деб дуо қилаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима дединг?”, деб сўрадилар. У дуосини такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, унга шифо бергин. Эй Аллоҳ, унга саломатлик ато этгин”, деб дуо қилдилар. Сўнг унга: “Ўрнингдан тур!”, дедилар. Али айтади: “Мен туриб кетдим ва шундан сўнг ўша оғриқ менга қайтмади”[8].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига Хайбарда қилган дуолари ҳақида сўз ўз ўрнида келади, иншооллоҳ.

  • Аллоҳ таоло пайғамбарига баъзи ғайб ишларни билдиргани ҳақида:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис айтганимда, қасамки, у зот номларидан ёлғонлашдан кўра осмондан ерга улоқтирилиш мен учун яхшироқдир. Агар сизлар билан ўртамизда бўлган бирон сўзни гапирсам, у ҳолда билингларки, уруш алдовдан иборатдир[9]. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман:Охир замонда бир қавм келади, уларнинг ёшлари кичик ва ақллари калта бўлади. Халқларнинг энг яхшисининг сўзларидан гапиришади. Улар исломдан худди камон ўқи ўлжани тешиб чиқиб кетганидек чиқиб кетишади. Иймонлари бўғизларидан ўтмайди. Уларни қаерда учратсангиз, ўлдирингиз! Зеро, уларни ўлдиришда ўлдирган киши учун қиёмат кунида ажр бордир[10].

  • Душманлар қалбидаги қўрқув билан нусратлангани:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Али розияллоҳу анҳу ривоят қилган мўъжизаларидан яна бири қуйидаги ҳадисда баён қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менга ўзимдан илгари ҳеч бир пайғамбарга берилмаган беш хусусият берилди: Бир ойлик масофа ичида (душманларим қалбида) қўрқув билан нусратландим; менга ер хазиналарининг калитлари берилди; мен Аҳмад деб номландим; тупроқ мен учун таҳоратга яроқли пок қилинди; умматим энг яхши уммат қилинди[11].

  • Тоғлар ҳам у зотга салом бергани:

Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Маккада эдим. Бир куни Маккадан четроққа чиққан эдик, йўлларида учраган ҳар бир тоғ ва ҳар бир дарахт у зотга: “Ассалому алайка ё Расулуллоҳ” деб салом берди[12].

[1]Муслим ривояти (1/93).
[2] Бидоя ва ниҳоя (7/319).
[3] Фатҳул Борий (3/421).
[4] Қози Иёз, “Шифо” (2/556).
[5] Фатҳул Борий (6/158).
[6] Сунан Ибн Можа (1395).
[7] Абу Довуд ривояти, “Китобул масҳ” (140).
[8] Муснади Аҳмад (2/151), Аҳмад Шокир таҳқиқи, исноди саҳиҳ.
[9] Фатҳул Борий (6/158).
[10] Бухорий, “Маноқиб” (1/281).
[11] Бухорий (335).
[12]  Сунани Термизий (5/93), Мустадрак (2/620).

Изоҳ қолдиринг