Бут-санамларни сотиш ҳаромлиги

0

(3) Бут-санамларни сотиш ҳаромлиги

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У Макка фатҳ қилинган йили Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитади: “Албатта Аллоҳ таоло ва Расули  ароқ, ўлимтик, тўнғиз ва бут-санамлар билан савдо-сотиқ қилишни ҳаром қилди…[1]. Мазкур ҳадис бут-санамлар билан савдо-сотиқ қилиш ҳаром эканига далолат қилади.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Жавҳарий айтади: “Санам – бу “васан”дир”. Ундан бошқа (луғатшунос)ларнинг айтишича, жуссали бутга “васан” дейилса, фақат суратдан иборат бутга “санам” дейилади[2].

Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бут-санамларни сотиш ҳаромлигининг иллат-сабабига келсак, баъзи фикрларда айтилишича, бут-санамларда бирон ҳалол манфаат йўқ. Бошқа бир фикрда айтилишча, агар бут-санамларни парчалагандан сўнг бўлакларидан фойдаланиш имкони бўлса, сотиш жоиз. Яхшиси, ҳадисдаги қайтариққа биноан, модомики бут-санам кўринишида бўлса, сотиш жоиз эмас. Парчаланган бут бўлакларини сотиш жоиз, чунки унинг бутлиги қолмаган. Зотан, унинг бўлакларини сотишни тақиқлаш учун бирон асос йўқ[3].

Мавзуга оид мулоҳазалар:
(1) Жонли мавжудотлар сурати бўлган заргарлик буюмлари ва тақинчоқларни сотиш жоиз эмас. Қуш, илон ва ҳоказо жонзотлар сурати туширилган тақинчоқлар шулар жумласидан. Шунингдек, ана шундай буюмларни кўтариб юриш ёки мазкур тақинчоқларни тақиш ҳам жоиз эмас.
(2) Аммо жонли мавжудотлар сурати тушурилган рўзғор буюмлари, модомики ҳурматлаб осиб қўйилмаса, балки оёқ-остида ишлатилса жоиздир. Масалан, ошхона буюмлари, гилам, ёстиқ каби суратли нарсаларни ишлатиш жоиз. Бироқ Доимий фатво қўмитасининг таъкидлашича, сурат чизилган мазкур буюмларни ишлаб чиқиш ёки суратли газламаларни тўқиш ва улардан кийимлар тикиш жоиз эмас[4].

Шундай бўлсада, хоҳ кундалик истеъмолда бўлсин, хоҳ ишлаб чиқаришда бўлсин, сурат чизилган уй-рўзғор буюмлари ва кийим-кечаклардан четланган афзал.

[1] Бухорий (2236, 4633), Муслим (1581), Абу Довуд (3486), Термизий (1297), Насоий (7/309) ва Ибн Можа (2167) ривоят қилишган.
[2] “Фатҳул Борий” (4/495).
Дарҳақиқат, араб луғатшунослари “санам” ва “васан” сўзлари ўртасидаги фарқ хусусида турлича фикр билдирганлар. Ибн Манзур “Лисонул араб” китобида шундай дейди: “Айтишларича, “санам” сўзи “шаман”нинг арабчалаштирилган кўриниши. “Шаман” эса “васан”дир. Ибн Седаҳ айтади: “Санам ёғочдан тарашланиши, кумуш ва мисдан эритиб қуйилиши мумкин. “Санам” сўзининг кўплиги “асном” бўлади”. Ҳадисларда “санам” ва “асном” сўзлари кўп такрорланган бўлиб, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинувчи нарсаларга ишлатилади. Айримлар луғатшуносларнинг айтишича, жисми ва сурати бор нарсаларга санам дейилади. Аксинча, жисм ва суратдан иборат бўлмаса унга “васан” дейилади…
Ибн Арафа айтади: “Араблар илоҳ қилиб олган нарсалар суратсиз бўлса “васан”, суратли бўлса “санам”дир. Яна айтишларича, “васан” билан “санам” ўртасидаги фарқ шундаки, “васан” ёғоч, тош ёки кумушдан ясалса, “санам” эса жуссасиз суратдан иборат сиғиниладиган нарсалардир. Баъзи араблар бирон жойга ўрнатилган “васан”ни ҳам “санам” дейишган” [“Лисонул араб” (12/349-бет, “сод” ҳарфи].
Юқорида зикр қилганимиз, бу икки сўз ўртасидаги луғавий фарқ хусусида эди. Энди масаланинг шаръий жиҳатига келсак, бу икки сўздан Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсаларни тушуниш мумкин. Бинобарин, қандай материалдан ясалиши, шунингдек, ҳайкал, сурат, бюст кўринишида ёхуд хоч, қабр ва ҳоказо нарсалар кўринишида бўлишидан қатъий назар Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган нарсалар бут-санамдир, валлоҳу аълам.
[3] “Субулус-салом” (3/790).
[4] Доимий қўмита фатволари, (13/ 73-74-фатволар), Дувайш тартиби.

Изоҳ қолдиринг