Ҳайз боби (4)

0

Қирқ иккинчи ҳадис

 

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يَتَّكِئُ فِي حِجْرِي فَيَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَأَنَا حَائِضٌ)) .

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз ҳолатимда менинг бағримга суянган (бир ривоятда: бошларини қўйган) ҳолларида Қуръон ўқир эдилар” [Бухорий: 297 ва Муслим: 301].

Шарҳ:

Ойша розияллоҳу анҳо ҳайз бўла туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бағрига бошларини қўйганларича Қуръон ўқишларини зикр қилмоқда. Бу ҳайз кўрган аёлнинг бадани пок бўлиб, ҳайз сабабли нажосатга айланиб қолмаслигига далолат қилади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Ҳайз пайтидаги аёлнинг бадани ва кийими пок санланади. Бинобарин, унинг бағрида Қуръон ўқиш жоиз.

2 – Аёл ҳайз ҳолатида Қуръон ўқиши ҳаром. Ибн Дақилул Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ойша розияллоҳу анҳо “ҳайз ҳолатимда”, деган қайдни “бу ҳолатда аёл кишининг бағрида Қуръон ўқиш жоизмас”, деган тушунчани даф қилиш учун зикр қилган. Бундан аёл киши ҳайз ҳолатида Қуръон ўқиши жоизмаслиги тушунилади”.

Изоҳ қолдиринг