Намоз китоби (1)

0

Намоз араб тилида “солат” деб аталади. “Солат” сўзининг луғавий маъноси дуодир. Қози Иёз айтади: “Бу аксар тилшунос ва фуқаҳоларнинг фикри”.

Дуони “солат” деб номлаш араблар орасида кенг тарқалган. Дуо ва намоз сўзлари ўртасида жузъий боғлиқлик бор. Негаки, дуо намознинг бир қисми бўлиб, намозда дуо ҳам қилинади.

Шариатда намоз деганда такбир билан бошланиб, салом билан тугайдиган, маълум сўз ва хатти-ҳаракатлар воситасида Аллоҳга ибодат қилиш тушунилади.

Беш маҳал намоз ислом дини рукнларидан, ҳатто “шаҳодатайн”[1]дан кейинги энг улуғ рукн ҳисобланади. Намознинг фарз экани Қуръон, суннат ва уммат ижмоси ила собит бўлган. Ким намозни инкор қилса кофир бўлади. Намознинг фарз қилинишида диний, дунёвий, тиббий, ижтимоий, сиёсий жиҳатдан, шунингдек, тартиб-интизомга тегишли талай фойдалар бор. Агар инсон намознинг фойдаларини бирма-бир, батафсил санамоқчи бўлса, узундан узоқ гапиришга тўғри келади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло энг ҳикматли Зот бўлиб, Ўз ҳикмати ила уни фарз қилган. Намозни адо қилиш сабабли банданинг дунё ва охирати обод бўлади. Намознинг шарт ва рукнлари, фарз ва тўлдирувчи амаллари, шунингдек, уни бузувчи ва ноқис қилувчи амаллари мавжуд.

Намоз шартларининг бири таҳорат бўлиб, у ҳақда юқорида сўзлаб ўтдик. Келгуси ҳадисларда намозга тааллуқли қолган ҳукмларни баён қиламиз, иншааллоҳ.

[1] “Шаҳодатайн”, (икки шаҳодат): Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг пайғамбари, деб гувоҳлик беришдир.

Изоҳ қолдиринг