Намоз вақтлари ҳақидаги боб (1)

1

Бу бобда фарз ва бошқа намозларни адо қилиш учун белгиланган вақтлар ҳақида сўз юритилади. Албатта, тайинланган вақтнинг кириши намознинг иккинчи шарти саналади.

Қирқ тўртинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي عَمْرٍو الشَّيْبَانِيِّ وَاسْمُهُ سَعْدُ بْنُ إيَاسٍ – قَالَ: حَدَّثَنِي صَاحِبُ هَذِهِ الدَّارِ – وَأَشَارَ بِيَدِهِ إلَى دَارِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ – رضي الله عنه – قَالَ: ((سَأَلْتُ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم -: أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إلَى اللَّهِ؟ قَالَ: الصَّلاةُ عَلَى وَقْتِهَا. قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: بِرُّ الْوَالِدَيْنِ ، قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ، قَالَ: حَدَّثَنِي بِهِنَّ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – وَلَوْ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِي)) .

Абу Амр Шайбоний (исми Саъд ибн Иёс) роҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳовлисига қўли билан ишора қилиб, шундай дейди: “Менга ушбу ҳовли эгаси қуйидагиларни айтганди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳга энг суюкли амал қайси?, деб сўрадим. У зот:Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Сўнг қайсиниси?”, дедим.Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Кейинчи?”, дедим.Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, дедилар. Менга буларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар. Агар яна (навбатдаги энг афзал амаллар тўғрисида) сўраганимда, албатта унга ҳам жавоб берган бўлардилар” [Бухорий: 527 ва Муслим: 139].

Шарҳ:

Вақтида ўқилган намоз”, яъни вақтида ўқилган фарз намоз. Чунки намоз сўзи бирон қайдсиз айтилганда фарз намоз тушунилади.

 Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тоат-ибодатларнинг Аллоҳ таолога энг суюклиси қай бири экани тўғрисида сўради. Зеро, тоат-ибодат қанчалик Аллоҳга суюкли бўлса, шунчалик унинг савоби улкан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тоат-ибодатларнинг Аллоҳга энг суюклиси шариатда белгиланган вақтда ўқилган фарз намозидир”, деб баён қилдилар. Негаки, фарз намозни вақтида ўқиш Аллоҳ таолонинг чақириғига шошилиш, буйруғига бўйсуниш ва ушбу буюк фарз амалга эътибор қаратиш саналади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яхшиликка бўлган интилиши кучлилигидан бу жавоб билангина чекланиб қолмай, балки Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган навбатдаги амал ҳақида сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онага яхшилик қилиш”, деб жавоб берадилар. Зеро, биринчи амал холис Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлса, иккинчи амал эса холис ота-онанинг ҳаққи ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг ҳаққидан кейинги ўринда ота-онанинг ҳаққи туради. Ҳатто, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ота-онанини улуғлаб, Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида уларнинг ҳаққини ва уларга яхшилик қилишни тавҳид билан бир қаторда зикр қилган. Шубҳасиз, ота-онанинг ўталиши фарз бўлган ҳақ-ҳуқуқлари бор. Сизни дунёга келишингизга сабаб бўлган, тарбиялашга ва еб-ичиришга бор кучларини сарфлаган ҳамда меҳр-мурувват кўрсатган ота-онангизга яхшилик қилишингиз билан уларнинг баъзи ҳақларинигина адо қилган бўласиз.

Сўнг Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу олийжаноб зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан афзал амалларнинг учинчиси ҳақида сўрайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, деб жавоб қайтарадилар. Дарҳақиқат, жиҳод ислом динининг энг буюк мартабали амалларидан ва суянадиган устуни саналади. У сабабли Аллоҳнинг калимаси (дини) олий бўлади ва ёйилади. Уни тарк қилиш эса – Аллоҳ сақласин – ислом динининг вайрон бўлиши, мусулмонларнинг қадр-қиммати йўқолиши, куч-қувватлари кетиши, мол-мулклари талон-тарож қилиниши, ҳукумронликлари йўқолиб, давлатлари завол топишига сабаб бўлади. Жиҳод ҳар бир мусулмон зиммасида лозим бўлган фарз амалдир. Ким жиҳод қилмаса ва жиҳод қилишни кўнглига ҳам тугмай кўз юмса, қалбида нифоқнинг бир бўлаги билан вафот этибди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Аллоҳ таолога энг суюкли амал ўз вақтида ўқилган намоз, кейин ота-онага яхшилик қилиш, кейин Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш. Албатта, булар негиз ва асос бўлмиш иймон ҳосил бўлгандан кейинги мартабалар. Зеро, иймон асос ва тана бўлса, ибодатлар унинг шохларидир.
2 – Ибн Масъуднинг саволида жисмоний ибодатлар назарда тутилган. Бунга жавобда намоз, ота-онага яхшилик қилиш ва жиҳод қилиш каби жисмоний ибодатларгина зикр қилингани далолат қилади. Қолаверса, саволда ҳам, жавобда ҳам қалб амалларига оид бирор амал зикр қилинмади. Зеро, қалб амалларининг энг олийси иймон саналади.
3 – Амалларнинг мартабаси бирдек эмас, балки айримлари бошқаларидан афзал саналади. Улар ўртасидаги фарқ Аллоҳга суюкли бўлиши, фойдасига ва манфаатига қараб турлича бўлади. Шу сабабдан Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қай бирини дастлаб қилиш лозимлиги ҳақида сўради.
4 – Аллоҳ таоло амални қай даражада яхши кўришига қараб, уларнинг афзаллиги ҳам бир биридан фарқли бўлади.
5 – Аллоҳ таолонинг Ўз улуғворлигига лойиқ бўлган яхши кўриш сифати борлигига иймон келтириш.
6 – Илм ҳақида, хусусан, муҳим нарсалар ҳақида сўраш фазилатли амалдир. Қаранг, ушбу савол ортидан қанча катта фойдалар ҳосил бўлди.
7 – Ранжитиш ва сўралувчининг ҳайбатидан қўрқиш каби баъзи сабабларга кўра, кўп савол сўрашдан тийилиш.

Фойда:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг афзал амал қайси экани ҳақида бир неча бор сўралганлар. У зот ўрнига ва сўровчининг ҳолатига муносиб шаклда жавоб берардилар. Шунинг учун гоҳида: “Энг афзал амал аввалги вақтида ўқилган намоз”, десалар, гоҳо: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, бошқа бир ўринда эса: “Садақа бериш”, дея сўровчининг ҳолатига қараб, унга муносиб жавоб берар эдилар.

Шубҳасиз, бу ҳикматли ва тўғри жавоб бўлиб, амал қилиниши ва умумий манфаатни кўзлаган одамнинг фатвосидир. Ислом ҳукм ва амалларида воқеликка мос дин. Шу боис амаллар ўртасидаги тафовут ушбу асосга биноан қурилиши лозим. Негаки, ҳар бир инсоннинг ўзига мос ва эплай оладиган амали бўлади. Уни шу амалга йўналтириш лозим. Шунингдек, замоннинг ҳам аҳамияти бор. Баъзан очарчилик ва эҳтиёж бўлган вақтларда садақа бериш қолган амаллардан афзал саналади. Гоҳида эса шаръий илм олиш энг фойдали амал бўлиши мумкин. Кундалик вазифалар ҳам худди шундай. Айрим вақтларда истиғфор айтиш ва дуо қилиш Қуръон ўқишдан афзал бўлса, бошқа бир вақтда намоз ўқиш афзал саналади ва ҳоказо.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. أبو عبد الله

    السلام عليكم ورحمة الله وبركاته

    Alloh uchun qilayotgan ishlaringizni Alloh barokotli va foydali qilsin, Alloh sizlarni chiroyli mukofotlasin, Shayx Sodiq jon Domlamizni audio formatidagi darsliklarini qayerdan topsam boladi?

    بارك الله فيكم جميعا

Изоҳ қолдиринг