Ислом рукнлари

0

Савол:

Бизга ислом рукнларини изоҳлаб берсангиз?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дарҳақиқат, ислом дини беш рукн устига қурилган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қуйидаги сўзларида баён қилиб берганлар: “Ислом беш нарса устига қурилган: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг пайғамбари деб гувоҳлик бериш, намозни адо этиш, закот чиқариш, ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш” [Муттафақун алайҳ. Бухорий: 8].

Ислом шундай эътиқод ва шариатки, унда Аллоҳ ва Расули ҳалол-ҳаромни, одоб-ахлоқни, ибодат ва одамлар ўртасидаги олди-берди ва бошқа муносабатларни, ҳақ-ҳуқуқларни, фарз амалларни ва қиёмат куни содир бўладиган ҳодисаларни баён қилиб берган. Аллоҳ таоло бу динни Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситасида мукаммал қилгач, уни то қиёмат кунигача бутун башарият ҳаёти учун дастур ўлароқ рози бўлди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим” [Моида: 3].

Мана шулар Ислом динининг устун ва асосларидир.

Биринчи рукн: “Шаҳодатайн”, яъни икки шаҳодат:

“Шаҳодатайн”нинг биринчи қисми, яъни Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришнинг маъноси шундан иборатки, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи Раб, Молик (барча нарсанинг Эгаси), оламда якка Ўзи  тасарруф қилувчи, Холиқ (Яратувчи) ва Раззоқ (Ризқ берувчи), деб ишониш, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ва Пайғамбари ҳадиси шарифларида баён қилган Аллоҳнинг гўзал исмлари ва олий сифатларига иймон келтириш, шунингдек, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким ибодатга ҳақли эмас, деб эътиқод қилишдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “У осмонлар ва ерни пайдо қилгувчидир.  Унинг жуфти йўқ-ку, қаёқдан боласи бўлсин! У ҳамма нарсани яратди ва У ҳамма нарсани билгувчидир. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил – муҳофаза қилгувчидир” [Моида: 101-102].

“Шаҳодатайн”нинг иккинчи қисми, яъни Муҳаммад Унинг пайғамбари, деб гувоҳлик беришнинг маъноси шундан иборатки, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар қилиб юборган, унга Қуръонни нозил қилган ва Ислом динини барча одамларга етказишга буюрган, шунингдек, ҳар бир банда Аллоҳ таолони ва Пайғамбарини яхши кўриши ва уларга итоат қилиши фарз, деб эътиқод қилишдир. Аллоҳ таолони яхши кўриш фақатгина Унинг Пайғамбарига эргашиш орқали рўёбга чиқади.

Ҳақ Парвардигор буни баён қилиб шундай деган: “Айтинг (эй Муҳаммад):  “Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир” [Оли-Имрон: 31].

Иккинчи рукн: Намоз

Аллоҳ таоло ҳар бир балоғатга етган ва эс-ҳушли мусулмонга таҳоратли ҳолда бир кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Банда намоз ўқиркан, ҳар куни Раббининг олдида хушуъ билан пок ва бўйсунган ҳолда туради, берган неъматларига шукр қилади, фазлу марҳаматидан сўрайди, гуноҳларига тавба-истиғфор айтади, жаннатга киритишини сўраб, дўзахдан паноҳ беришини илтижо қилади.

Кундалик фарз намозлар беш маҳал бўлиб, улар бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон намозларидир. Бундан ташқари тунги (таҳажжуд), таровеҳ, чошгоҳ каби суннат намозлари ҳам мавжуд.

Фарз ё нафл намоз бўлсин, у барча ишларда Аллоҳ таолога ҳақиқий юзланишни ўзида акс эттиради. Аллоҳ таоло барча мўминларга намозни ўз вақтида жамоат бўлиб ўқишга буюриб шундай дейди: “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!” [Бақара: 238].

Ҳар бир муслим ва муслима бир кунда беш вақт намоз ўқиши фарз. Бу ҳақда Раб таоло шундай дейди: “Албатта, намоз мўминларга вақти тайинланган фарз бўлди” [Нисо: 103].

Намоз ўқимайдиган кишининг исломда улуши йўқ. Ким намозни қасддан тарк қилса кофир бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “(Аллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг динини маҳкам тутинглар) ва У зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар![Рум: 31].

Ислом ўзаро ёрдамлашиш, биродарчилик ва меҳр-муҳаббат устига қурилган бўлиб, Аллоҳ таоло ушбу фазилатли хислатларни рўёбга чиқариш учун намоз ва бошқа муносабатларда йиғилишни жорий қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Жамоат намози якка ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти баробар афзал” [Муслим: 650].

Намоз бандага мусибат ва қийинчиликларни енгиб ўтишда мадад бўлади. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади: “Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, Унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)” [Бақара: 45].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзларида баён қилганларидек, намоз гуноҳларни ўчириб юборади: “Айтингларчи, агар бирингиз эшиги (уйи) олдида дарё бўлса, унда кунига беш маҳал чўмилса, баданида бирор кир қоладими?”, деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ албатта, унда бирор кир қолмайди”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш вақт намоз ҳам худди шундай, Аллоҳ улар сабабли гуноҳларни ўчиради”, дедилар [Муслим: 677].

Намозларни масжидда адо қилиш бандани жаннатга киришига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким эртаю-кеч масжидга қатнаса, Аллоҳ таоло ҳар қатнаганига унинг учун жаннатда зиёфат дастурхони ёзади” [Муслим: 669].

Намоз бандани Холиқига бевосита боғлайди. Шу боис намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларининг қувончи эди. Агар у зотнинг бошларига бирон қийин иш тушса, дарҳол намозга киришар, унда Раббига муножот айлаб, дуолар қилар, тавба-истиғфор айтар ва фазлу марҳаматидан сўрар эдилар.

Хушуъ ва хокисорлик билан ўқилган намоз мусулмон одамни Раббига яқинлаштиради, бузуқлик ва ёмонликлардан қайтаради. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб (Қуръон) оятларини тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур” [Анкабут: 45].

Учинчи рукн: Закот

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло одамларни рангу рўй, одоб-ахлоқ, билим, амал ва ризқда турли хил қилиб яратди. Бойни шукр билан, камбағални сабр билан синаш учун улардан айримларини бой, айримларини камбағал қилиб қўйди.

Мўминлар ўзаро биродардирлар. Ҳолбуки, биродарлик бир-бирига ачиниш, яхшилик қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, раҳмдилликдан иборат. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларга уларнинг бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган закотни фарз қилди. Парвардигор таоло бу ҳақда шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир” [Тавба: 103].

Закот молу давлатни поклайди ва кўпайтиради, нафсларни хасислик ва қурумсоқликдан тозалайди, бой билан камбағал ўртасида муҳаббатни кучайтиради, ҳасад ва нафрат каби ёмон иллатни йўқотади. Оқибатда уммат орасида тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлади ва одамлар бахтли ҳаёт кечиришади.

Дарҳақиқат, нисобга етган ва унга ҳавл айланган[1] мол-мулкка эга ҳар бир мусулмон уларнинг закотини чиқариши фарз қилинган.

Олтин, кумуш, қазилма бойликлар ва савдо молларидан қирқдан бирини закотга чиқаради.

Мева-сабзавотлар агар суғориш ускуналарисиз, (сел ва оқин сувлар билан суғорилган ёки лалми ҳосил) бўлса, ундан ўрим-терим куни ўндан бирини закотга чиқаради, бунга ҳавл айланиши шарт эмас. Аммо қудуқдан сув тортиб ёки бошқа суғориш иншоотлари воситасида меҳнат билан суғорилган мева-сабзавотлар бўлса, ўрим-терим куни унинг йигирмадан бирини беради.

Чорва моллар закотининг миқдори фиқҳ китобларида батафсил ёритилган.

Ким закот берса, берган закотини Аллоҳ таоло унинг гуноҳларига каффорат қилади, мол-мулкига барака беради, шунингдек, қиёмат кунига буюк ажр-савобларни олиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: “Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг! Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Шубҳасиз, Аллоҳ қилган амалларингизни кўриб тургувчидир” [Бақара: 110].

Закотни бермаслик уммат бошига мусибат ва ёмонликларни келтиради. Аллоҳ таоло закот беришдан бош тортган кишига таҳдид қилиб, уни қиёмат куни аламли азобга дучор қилажагини айтиб шундай деган: “Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб “хушхабарини” етказинг! У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: “Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган  нарсаларингизнинг  мазасини  тотиб кўринглар” (дейилур)” [Тавба: 34-35].

Закотни яширинча бериш ошкора беришдан афзал. Ҳақ таоло шундай дейди: “Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда яхши. Агар махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” [Бақара: 271].

Закот Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида зикр қилинган одамларгагина берилиши лозим: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” [Тавба: 60].

Тўртинчи рукн: Рамазон рўзаси

Рўза субҳи содиқдан то қуёш ботгунга қадар рўза ниятида еб-ичиш ва жинсий яқинликдан тийилиш демакдир.

Албатта, сабрнинг иймондаги ўрни бошнинг бадандаги ўрнига ўхшайди. Аллоҳ таоло мусулмонларга йилда бир ой рўза тутишни фарз қилди. Зеро, рўза одамларни тақвога, ҳаромдан четланишга, сабр қилишга, нафсни жиловлашга, сахийлик ва олийжанобликда мусобақалашишга, ўзаро ёрдамлашиб, бир-бирларига хайрихоҳлик қилишга ва меҳр-муҳаббат кўрсатишга ундайди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, тақволи бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди” [Бақара: 183].

Рамазон ойи улуғ ой бўлиб, Аллоҳ таоло унда Қуръонни туширди. Бу ойда яхши амаллар, хайр-эҳсонлар ва ибодатлар савоби бир неча чандон кўпайтириб берилади. Унда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқдир. Унда осмон эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади.

Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутишни ҳар бир балоғатга етган ва эс-ҳушли эркак ва аёл мусулмонга фарз қилди. Бу ҳақда Раб таоло шундай марҳамат қилади: “(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз” [Бақара: 185].

Аллоҳнинг ҳузурида рўзанинг савоби каттадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Одам боласининг ҳар бир амали (нинг савоби) бир неча чандон – ўн баробардан етти юз баробаргача – кўпайтириб берилади. Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Фақат рўза бундан мустасно. У мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман. Зеро, бандам шаҳватини ва емагини мен учун тарк қилади” [Муслим: 2677]

Бешинчи рукн: Ҳаж

Аллоҳ таоло Маккаи Мукаррамадаги “Байтул Атийқ”, (Каъба)ни мусулмонларга қаерда бўлмасинлар намозлари ва дуоларида юзланадиган қибла қилиб берди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад) юзингизни Масжиди Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз!” [Бақара: 144].

Мусулмонларнинг ўлкалари бир-биридан узоқ, ислом эса бирлашиш, ўзаро танишишга, шунингдек, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, ҳаққа чорлашга, Аллоҳга даъват қилишга, диний расм-русмларни эҳтиром қилишга буюради. Шу сабабдан балоғатга етган, эс-ҳушли ва қодир бўлган ҳар бир мусулмонга Қуръон ва суннатда баён қилинган кўринишда “Байтул Атийқ” зиёратига бориб, уни тавоф қилиш ва ҳаж ибодатларини адо қилиш фарз қилинди. Аллоҳ таоло айтади: “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни (Каъбани) ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир” [Оли-Имрон: 97].

Ҳаж шундай мавсумки, унда мусулмонларнинг бирлиги, куч-қуввати, қадр-қиммати намоён бўлади. Зеро, уларнинг Илоҳи бир, китоби бир, Пайғамбари бир, ўзлари бир уммат, шунингдек, ибодатлари ва кийимлари ҳам бир хил кўринишда бўлади.

Ҳажнинг одоб ва шартлари бўлиб, ҳаж қилган одам унга амал қилиши фарз. Улар тил, қулоқ ва кўзни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийиш, ихлос билан бажариш, ҳалол-пок молдан сарфлаш, юксак одоб-ахлоқлар билан хулқланиш ва шу билан бир қаторда жуфтига яқинлашиш, гуноҳ ишлар қилиш, жанжал-сурон кўтариш каби ҳажни бузадиган амаллардан узоқ бўлишдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан олишингиз лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!” [Бақара: 197].

Мусулмон одам ҳаж ибодатини ихлос билан шариатда буюрилганидек бажарса, гуноҳларига каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, беҳаё сўзлар гапирмаса, ножўя ва гуноҳ ишлар қилмаса онаси туққан кундагидек (гуноҳлардан покланиб) қайтади” [Бухорий: 1521].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳимнинг “Ислом дини асослари” китобидан олинди.

Манба: IsalmQA

[1] Ҳавл айланиши деганда, мол-мулк нисобга етгандан кейин роппа-роса бир йил ўтиши назарда тутилади.

Изоҳ қолдиринг