Жангнинг зиммийлик аҳдномаси билан ниҳоясига етиши

0

Тўртинчидан: жангнинг зиммийлик аҳдномаси билан ниҳоясига етиши:

 “Зиммат” (зиммийлик) сўзи луғавий жиҳатдан “аҳдлашув” маъносини билдиради. Аллоҳ таоло айтади: “Улар бирон мўмин хусусида на қариндош-уруғчиликка ва на аҳдга қарайдилар (риоя қиладилар)” [Тавба: 10].

Шариат истилоҳида зиммийлик аҳдномаси деганда кофирларнинг таслим бўлиши ва жизя тўлаш эвазига мусулмон ўлкаларида яшаб қолиши ҳамда ислом давлати томонидан уларни ҳимоя қилиш назарда тутилади. Шуни таъкидлаш лозимки, зиммийлик аҳдномаси абадий аҳдномадир. Жумҳур уламолар фикрича, бу аҳдномани халифа ёки унинг ноибигина бериши мумкин.

Зиммийлик аҳдномаси беришдан ҳикмат мусулмон бўлмаган кофирлар учун ислом дини ҳақиқатлари ва эътиқоди билан танишишга имкон яратиш.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Зиммийлик аҳдномаси фақат аҳли китоблар (яҳуд ва насоролар) ёки мажусийлар билан тузилади. Мажусийларга бундай имконият берилишига сабаб уларда ҳам аҳли китоблик шубҳаси борлигидир. Зиммийлик аҳдномаси тузиш жоизлигига далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: “Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ (яъни ислом) динига эътиқод қилмайдиган аҳли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан жизя тўламагунларича жанг қилингиз!”  [тавба: 29].

Мажусийлар билан зиммийлик аҳдномаси тузишга далил қуйидаги ҳадисдир: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажар мажусийларидан жизя олдилар[1].

Аҳли китоблар ва мажусийлардан бошқа мушриклардан жизя қабул қилмаймиз. Улар ё исломни қабул қиладилар, ё уларга қарши жанг қилинади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ё сизлар улар билан уришурсизлар ёки улар (жанг-жадалсиз) Исломга кирурлар” [Фатҳ: 16].

Баъзи фуқаҳоларнинг айтишича, ҳар қандай кофир билан зиммийлик аҳдномаси тузиш жоиз. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам амирларга васият қилар эканлар жумладан шундай деганлар: “…Мушриклардан иборат душманга дуч келсанг, уларни уч хислатга даъват қил. Агар бу уч хислатдан бирини танласалар, қабул қил ва уларга қарши урушни тўхтат; аввало уларни исломга даъват қил, агар бош тортсалар, жизя таклиф қил…[2].

Мазкур фикрни, яъни ҳар қандай кофирдан жизя олиш жоиз деган фикрни шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган.

Шунингдек, зиммийлик аҳдномаси тузиш учун аҳдлашувчи муртад бўлмаслиги лозим. Чунки муртаднинг ҳукми, модомики тавба қилмаса қатл қилишдир.

(2) Кофирлар билан зиммийлик аҳдномаси тузилиши билан уруш ниҳоясига етади, унга кўра кофирлар ўз жонлари, мол-мулклари ва ор-номусларини сақлаб қоладилар.

(3) Зиммийлик аҳдномаси мусулмонлар томонидан бирон сабабсиз бузиш жоиз бўлмаган битимлардан саналади. Фуқаҳолар зиммийлик аҳдномасини бузиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилишган. Аммо зиммийларга нисбатан мазкур аҳднома ихтиёрий саналиб, истаган вақтларида уни бекор қилишлари жоиз. Шунингдек, фуқаҳолар иттифоқ қилишича, зиммийлар ислом шариати аҳкомлари (яъни ҳозирги замон истилоҳи билан айтганда фуқаролик ва жиноят кодекси аҳкомлари)га риоя қилишга мажбурлар. Бироқ ибодатга оид аҳкомлар ва ақидавий масалаларда мажбурланмайдилар. Зиммийлар учун янги черковлар қуришга рухсат берилмайди. Балки улар тарафидан мавжуд ибодатхоналарни таъмирлаш учунгина рухсат берилади[3].

(4) Юқорида айтиб ўтганимиздек, зиммийлардан инсон танаси, мол-мулк ва ор-номусга оид шариат аҳкомларига риоя қилиш талаб қилинади. Шунга биноан, зиммийлардан бири одам ўлдирса, қасос тарзида у ҳам ўлдирилади, бировнинг мол-мулкига талофат етказса, ундан товон ундирилади. Шунингдек, мусулмон зиммийнинг мол-мулкига талофат етказса ҳам мусулмондан зиммийга товон ундириб берилади. Мусулмонлар зиммийларга суиқасд қилиши ёки уларни зино билан туҳмат қилиши жоиз эмас. Зиммийлардан бири ўзлари ҳаром деб эътиқод қилган ишни қилиб қўйиб, ўрталарида ҳукм қилишни сўраб бизларга мурожаат қилсалар, гуноҳ учун шариатимизда белгиланган ҳадни ижро этамиз. Масалан, зиммийлардан бири зино қилган бўлса, унга зино учун белгиланган ҳад ижро этилади. Агар бу хусусда бизларга мурожаат қилмасалар, у ҳолда масалани ўзлари ҳал қиладилар. Борди-ю, зиммий ароқ ичиш каби шариатимизда ҳад белгиланган бирон гуноҳга қўл урса, бироқ зиммийлар буни ҳаром деб билмасалар, унга ҳад ижро қилмаймиз. Шундай бўлсада, зиммийлар бу каби ишларни мусулмонлар ўртасида очиқчасига қилмасликлари лозим. Зиммийлардан бири мусулмонлар жамиятида очиқча ароқ ичса, албатта, жазога тортилади.

(5) Жумҳур уламоларнинг фикрича, зиммийлар жизя тўлашдан бош тортсалар, шариатнинг умумий аҳкомларига бўйсунмасалар ёки мусулмонларга қарши урушга бириксалар, зиммийлик аҳдномаси бекор қилинади.

(6) Зиммийларни ҳурмат-эҳтиром қилиб ўриндан туриш, уларни тўрга ўтказиш ёки уларга салом бериш жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Зиммийларга биринчи бўлиб салом бермангиз ва уларни йўлнинг тор жойидан юришга мажбурлангиз (яъни уларга йўл бўшатмангиз)[4]. Агар зиммийлар бизга салом берса, “ва алайкум” дея уларнинг саломига алик олиш вожиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар аҳли китоблар сизларга салом берса, “ва алайкум” деб алик олингиз[5].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, аҳли китоблар билан “Аҳволинг қалай?” ва “Қандай тонг оттирдинг?” каби сўзлар билан сўрашиш жоиз. Чунки бу сўзлар саломлашишдан фарқли ўлароқ, шунчаки ҳол-аҳвол сўрашиш ҳисобланади. Саломлашишда эса уларнинг ҳаққига дуо қилиш бор.

(7) Зиммийларни табриклаш, уларга таъзия изҳор этиш ёки касал бўлса зиёрат қилиш жоизми?[6]

Жавоб: табриклашга келсак, табриклаш икки қисмга бўлинади:

Биринчиси, янги йил ва пасха каби диний байрамлар билан табриклаш. Албатта, кофирларни бундай байрамлар билан табриклаш ҳаром.

Иккинчиси, фарзанд туғилиши ёки йўқолган кишининг топилиши (шунингдек, оила қуриш) каби дунёвий ишлар муносабати билан табриклаш. Бу тур табрикларда зиммийни исломга қизиқтириш ёки унинг бирон хизмати эвазига мукофотлаш каби фойда бўлса, табриклашнинг зиёни йўқ. Аксинча, бу иш ортидан бирон манфаат умид қилинмаса, табриклаш жоиз эмас. Чунки мазкур ҳолатлардаги табрик ҳам қайсидир жиҳатдан уларни иззат-икром қилишни ўз ичига олади.

Кофирларга таъзия билдирилмайди. Чунки таъзия билдириш бошига мусибат тушган инсонни юпатиш, сабрга чорлашдан иборат. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Расулини кофирларга қарата: “Биз эса Аллоҳ сизларга Ўзи томонидан ёки бизларнинг қўлимиз билан бирон азоб етказишини кутиб турамиз” [Тавба: 52], дейишга буюрган бўлса, қандай қилиб кофирларни юпатиш мумкин?!

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Албатта, бу сўзлар “аҳли ҳарб” (яъни мусулмонлар билан уришиб турган кофирлар) тўғрисида айтилган. Зиммийларга келсак, айрим уламоларнинг айтишича, уларнинг қалбларини исломга мойил қилиш учун ёки биз мусулмонларга таъзия билдиришса, яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш бобидан уларга ҳам таъзия билдириш жоиз”[7].

Ҳар қандай ҳолатларда ҳам уларнинг диний удумларида иштирок этиш ва черковларига кириш жоиз эмас.

Касал зиммийни зиёрат қилиш масаласига келсак, бу масаладаги тўғри фикрга кўра, мусулмон бўлишини умид қилиш каби бирон манфаат бўлса, зиёрат қилиш жоиз[8].

[1] Бухорий (3157), Абу Довуд (3043) ва Термизий (1586) ривоят қилишган.
[2] Муслим (1731), Абу Довуд (2612) ва Термизий (1617) ривоят қилишган.
[3] Зиммийларга мавжуд черков ва ибодатхоналарни таъмирлашга рухсат берилади деган фикр заиф фикрдир. Чунки
аксар уламолар зиммийлар тарафидан ҳатто мавжуд ибодатхоналарни таъмирлашга ҳам рухсат берилмайди дейишган. Албатта, мазкур фикр ҳар томонлама тўғри фикрдир. Ахир қандай қилиб Аллоҳга ширк келтириладиган ибодатхоналар таъмирланишига рухсат берилсин?!
[4] Абу Довуд (5205), Термизий (1602) ва Аҳмад (2/263) ривоят қилишган.
[5] Бухорий (6258), Муслим (2163), Абу Довуд (5206) ва Ибн Можа (3697) ривоят қилишган.
[6] Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (3/492).
[7] Доктор Умар ибн Абдулазизнинг “Ислом бағрикенглиги” номли китобидан. Айрим ўзгартиришлар билан.
[8] “Аш-шарҳул мумтеъ” (3/192).

Изоҳ қолдиринг