Ислом бегона аёллар билан дўстлашиб юришга қандай қарайди

0

Савол:

Мен Исломга қизиқаман, мусулмон бўлишни истайман. Бироқ қачон шу ҳақда ўйлай бошласам, шу пайтгача кечириб келган ҳаётимдан, хусусан аёллар билан бўлган муносабатларимдан бутунлай воз кечиш хавотири мени исломни қабул қилишдан тўсмоқда. Мени кечиринг, лекин очиғини айтаман, мени ислом динида эркаклар билан аёлларнинг тўла-тўкис аралашиб юришларига ва улар ўртасидаги ишқий муносабатларга рухсат берилмаслигидан тараддуд ва иккиланиш ҳиссиёти чулғаб олган. Шу боис ичимни зиддиятли фикрлар эгаллаб олган ва ички кураш босими остида қолганман. Шу пайтгача менинг ҳаётимда бир талай ишқий муносабатлар ўтган. Энди ўқиб билсам, бундай муносабатлар ислом динида тақиқланган экан. Айтингчи, мен аёлларга муносабат борасида ўз рағбатларим ва диндаги тақиқ ўртасини қандай мувофиқлаштиришим мумкин?

Жавоб:

Алҳамду лиллаҳ;

Аввало, шуни айтишимиз керакки, сизнинг Исломни ҳақ дин сифатида таниб, уни қабул қилишга рағбат билдиришингиз, бунга тўсқинлик қилаётган ички ғалаёнларингиздан қутулишга биздан ёрдам сўрашингиз шак-шубҳасиз, таҳсинга сазовор. Сизнинг тараддудланишингиз ва иккиланишингизга келсак, бундай бўлиши табиий. Чунки бир шахс ҳаром-ҳариш алоқалар ботқоғидан (балчиғидан) чиқиб, пок ва тоза дин бағрига ўзини отишни истаган пайтда албатта яна нафси ҳавосига мағлуб бўлиб қолишдан ва Ислом ундан талаб қиладиган поклик ва иффат талабларига вафо қила олмаслигидан хавф қилади. Шунинг учун биз сизга ҳолатни тўғри тасаввур қилишингизга ва ўзингиз қўрқаётган қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтишингизга ёрдам бериши мумкин бўлган баъзи тавсияларни бермоқчимиз.

Дарҳақиқат, Исломга янги кирган кишида ушбу дин унинг нафсига ва ахлоқига жуда катта таъсир кўрсатади, унинг шахсиятини бутунлай янги қолипга солиб қўяди, ундан бутунлай бошқа янги бир инсонни ясайди, ҳаётини тамомила бошқа бир ўзанга солиб юборади, динсизлик даврида яшаган ҳаётидан бутунлай бошқа бир ҳаётга олиб кириб қўяди. Бу тариқа мукаммал ўзгариш ва бутунлай бошқа ҳаётга тўла кўчиб ўтиш унда илгари мавжуд бўлмаган бошқача қадриятлар ва ахлоқий ўлчовларни пайдо қилади, қалбда илгари ҳис қилинмаган поклик ва иффат туйғуларини уйғотади. Натижада бу янги муслим ўзининг илгариги ҳаётига ва ўтмишда қилиб ўтган қилмишларига нафрат ва жирканч назари билан қарай бошлайди, ён-верида жаҳолат аҳли ҳаётида юз бераётган фаҳш, бузуқчилик, хиёнат, ахлоқсизлик, очиқ-сочиқлик, беҳаёлик ва бошқа ифлосликлардан жирканадиган бўлиб қолади. Шайтон ундан куфр ва фисқу фужурда яшаб турган даврида суғуриб олган фитрат саломатлиги ва қалб поклигини ўзига қайтариб олади. Бу ўзгаришлар унда ушбу ҳақ дин ва пок шариат эгаси бўлмиш Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларига тўла таслим бўлишдан келиб чиқувчи буткул ихтиёрий равишда ва кўнгил розилиги билан рўй беради.

Бу сўзимизга шаръий ва тарихий икки далил келтирамиз.

 Шаръий далил Аллоҳнинг Китобида бир неча оятларда келган.

Аллоҳ таоло айтади: “Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?!” [Анъом: 122].

Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гунохлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, яхши амаллар қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга айлантириб қўйгай. Аллоҳ кечиримли, меҳрибон зотдир” [Фурқон: 68-70].

Муфассирлар “Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга айлантириб қўйгай” ояти ҳақида сўзлаб, улар энди ёмон ишлар ўрнига яхши ишлар қиладиган бўлиб қоладилар, деганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оят ҳақида: “Бу мўминлар ҳақида, улар мўмин бўлишларидан илгари ёмон ишлар қилишарди, кейин Аллоҳ уларнинг кўнглини ёмонликдан совутиб, яхшиликларга буриб қўйди”, дейди.

Ато ибн Абу Рабоҳ деди: “Бу шу дунёда бўлиб, киши қабиҳ сифатларга эга бўлади, кейин Аллоҳ таоло уларни гўзал сифатларга алмаштириб қўяди”.

Саид ибн Жубайр деди: “Аллоҳ уларни бутларга ибодат қилишдан Раҳмонга ибодат қилишга, мусулмонларга қарши урушишдан мушрикларга қарши урушишга, мушрик аёлларга уйланишдан муслималарга уйланишга алмаштириб қўйди”.

Ҳасан Басрий деди: “Аллоҳ уларни ёмон амалларига яхши амалларни алмаштирди, ширкларига ихлосни алмаштирди, фисқу фужурлари ўрнига покликни, куфр ўрнига исломни алмааштирди. Бу Абул Олия, Қатода ва бошқа бир қанча кишиларнинг сўзларидир”. (Ибн Касирнинг “Қуръони Азим тафсири”га қаралсин).

Тарихий далилга келсак, аввал куфрда яшаб, кейин Исломни қабул қилган кишиларнинг қандай ўзгариб кетганлари ва ишлари тўғри изга тушиб кетгани ҳақида бир қанча воқеий ҳикоялар бор. Қуйидаги воқеа ҳам шулардан биридир:

Марсад ибн Аби Марсад исмли бир киши бор эди. У мусулмон асирларга яширинча Маккадан Мадинага қочишларига ёрдам берарди. Маккада унинг дўсти бўлган Аноқ исмли бузуқ аёл яшарди. Бир куни Марсад Маккадаги асирлардан бирига қочишига ёрдам беришни ваъда қилди. Марсад ривоят қилади: “Мен тунда келиб, Маккадаги бир девор соясида турган эдим, ой атрофни ёритиб турган эди. Шу вақт Аноқ ўтиб кетаётган экан, қорамни кўриб, деворга яқинлашди. Яқинимга келгач, мени таниб қолиб: “Марсадмисан?”, деди. Мен: “Ҳа, Марсадман”, дедим. У: “Хуш келибсан! Кел, бизникида тунаб қол”, деди. Мен: “Эй Аноқ, Аллоҳ зинони ҳаром қилган” деган эдим, у мендан ғазабланиб: “Эй чодир эгалари! Мана бу одам асирларингизни қочирмоқда”, деб қичқирди. Мен қочдим, ортимдан саккиз киши қувлади. Қочиб бориб, қандайдир бир ғорга кириб олдим. Аллоҳ мени уларнинг кўзидан яширди”. Ушбу воқеа Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлишига сабаб бўлди: “Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланишга – у билан жуфтлашишга рози бўлади. Зинокор аёл ҳам фақат зинокор эркак ёки мушрикка никоҳланишга – у билан жуфтлашишга рози бўлади. Ва бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир” [Нур: 3]. (Имом Термизий (3101) ривоят қилган).

Қиссадан ҳисса шуки, бир инсоннинг ҳаёти Исломга кирганидан сўнг тамомила ўзгариб кетди ва ўзига таклиф қилинган ҳаром ишдан ҳеч иккиланмай юз ўгира олди.

Бошқа бир воқеада ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат бўлган, фақат буниси Исломда маҳкам турган бир аёл кишида содир бўлган:

Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: “Жоҳилият даврида фоҳиша бўлган бир аёл бор эди. Бир киши унга қўлини узатган эди, у: “Торт қўлингни! Аллоҳ ширкни кетказиб, Исломни келтирди-ку!”, деди. Шундан сўнг ҳалиги киши ундан ўзини тортди”. (Ҳоким ривоят қилган ва Имом Муслим шартига кўра саҳиҳ ҳадис деган).

Хулоса шуки, агар исломни қабул қилсангиз ва муборак шариат кўрсатмаларига тўла амал қилсангиз, Аллоҳга У яхши кўрганидек ибодат қилсангиз, Унинг буйруқларига бўйсуниб, қайтариқларидан тийилсангиз, иншооллоҳ, саволингизда айтган қийинчиликни асло топмайсиз, ички ғалаёнларингиздан тамомила фориғ бўласиз. Қолаверса, сизнинг ихтиёрингизда покликка сабаб бўлувчи ва нафсингизни ҳаромдан тийишга кифоя қилувчи сабаблар мавжуд бўлиб, улардан бири шариат кўрсатмасига мувофиқ уйланишдир. Покиза ва озода йўлга қадам қўйган киши ортиқ ботқоқлик ва балчиқларга эҳтиёжи қолмайди.

Аллоҳдан сизга тезроқ ҳидоят беришини, ишларингизни осон-қулай томонга ўзгартиришини, ёмонликлардан узоқ қилишини сўраб қоламиз.

Аллоҳ пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг