Намоз вақтлари ҳақидаги боб (3)

0

Қирқ олтинчи ҳадис

 

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنهما قَالَ: ((كَانَ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي الظُّهْرَ بِالْهَاجِرَةِ وَالْعَصْرَ وَالشَّمْسُ نَقِيَّةٌ وَالْمَغْرِبَ إذَا وَجَبَتْ وَالْعِشَاءَ أَحْيَاناً وَأَحْيَاناً إذَا رَآهُمْ اجْتَمَعُوا عَجَّلَ. وَإِذَا رَآهُمْ أَبْطَئُوا أَخَّرَ وَالصُّبْحُ كَانَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّيهَا بِغَلَسٍ)) .

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни кун қаттиқ қизиган (қуёш заволга оққан) вақтда, асрни қуёш тиниқ бўлиб турган вақтда, шомни кун ботганда, хуфтонни гоҳо ундай, гоҳо бундай, агар одамлар (масждига) йиғилганларини кўрсалар эртароқ ўқир, агар кеч йиғилсалар кечроқ ўқир эдилар. Бомдод намозини эса ғира-шира тонг қоронғуси пайтда ўқирдилар” [Бухорий: 560 ва Муслим: 646].

Шарҳ:

Асрни қуёш тиниқ бўлиб турган вақтда”, яъни қизармасдан олдин.

Ушбу ҳадисда беш вақт намознинг афзал вақтлари баён қилинган.

Пешин намози қуёш заволга оққан пайтда, аср намози қуёш қизармай туриб, тиниқ бўлиб турган –  ҳар бир нарсанинг сояси завол пайтидаги соясидан ташқари ўзига баробар бўлган – пайтда ўқилади. Шом қуёш ботганда ўқилади. Хуфтонда эса намозхонларнинг ҳолатига риоя қилинади. Агар улар аввалги вақтида – қизил шафақнинг ғойиб бўлиш пайтида – йиғилсалар ўша вақтда ўқилади. Агар кеч жамлансалар, у ҳолда хуфтонни туннинг аввалги ярмигача кечиктириб ўқиш мумкин. Аслида намозхонларга машаққат бўлмаса, хуфтонни туннинг ярмида ўқиш афзал ҳисобланади. Бомдод намози тонг қоронғусида, яъни тун қоронғуси билан кун ёруқлиги тўқнашган ғира-шира вақтда ўқилади.

Фойда:

Ушбу ҳадисдан пешин намозини ҳар доим дастлабки вақтида ўқиш афзаллиги келиб чиқади. Аммо аслида ундай эмас. Негаки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жазирама иссиқ кунлари пешинни кечиктириб ўқишга буюриб, шундай деганлар: “Агар ҳарорат кучайса, пешинни совутиб ўқинглар. Зеро, жазирама иссиқ жаҳаннамнинг шиддатли алангасидандир” [Муттафақун алайҳ]. Имом Муслим Хаббоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ернинг иссиқлигидан шикоят қилдик. Бироқ у зот шикоятимизни инобатга олмадилар”, яъни саҳобалар пешин намозини ер бироз совуганидан кейин ўқишни сўрадилар, бироқ у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз вақти чиқиб кетишидан хавотирланиб, шикоятларини инобатга олмадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Хуфтондан бошқа намозларни аввалги вақтида ўқишга шошилган афзал.

2 – Хуфтон намозини туннинг ярмигача кечиктириб ўқиш афзал. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар келган. Аммо намозхонлар эртароқ йиғилиб қолишса, уларни куттириб машаққатга қўймаслик учун улар йиғилган вақтда ўқилади.

3 – Имом намозхонларнинг риоясини қилган ҳолда намозни енгиллатиши, уларни малоллантирмайдиган даражада тўкис ва узун ўқиши афзал.

4 – Ҳадис бомдод намози тонг қоронғулигида ўқилишига далолат қилади. Бу эса: “Бомдодни тонг ёришгач ўқиган афзал”, деган уламоларга қарши далил бўлади.

5 – Ҳадисда хуфтон намозини кечиктириб бўлса-да, жамоат билан ўқиш аввалги вақтида якка ҳолда ўқишдан афзал эканига далил бор.

Изоҳ қолдиринг