Аббосийлар давлати: Иккинчи аббосий халифа Абу Жаъфар Мансур

0

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Мансур

(Халифалик даври 137-158 ҳижрий)

Абу Жаъфар Мансурнинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос бўлиб, ҳижрий 95 йилда Урдунда, Широт минтақасидаги Ҳамима қишлоғида туғилган. У иниси Абул Аббос Саффоҳдан тахминан 10 ёш катта эди. Онаси Саломат Барбария эди.

Отаси Муҳаммад ибн Али вафот этганида Мансур ўттиз ёшдан ўтиб қолганди. У отаси билан бирга кўп катта кишилар билан кўришган. Ҳижрий 118 йилда вафот этган бобоси Али ибн Абдуллоҳни ҳам яхши билган.

У буғдойранг, узун бўйли, озғинроқ ва салобатли киши эди. Қотмадан келган, ориқ юзли, кенг пешонали, қирра бурунли эди. Довюрак ва қўрқмас, ўткир ақлли, ўта зийрак ва қаҳри қаттиқ инсон эди. Мол-дунёга ҳарис, беҳуда ўйин-кулгуни ёқтирмайдиган, фақиҳлар даврасини хуш кўрадиган, илму адабга меҳр қўйган, ибодатли, яхшиликларга бой эди.

У илгари Форс ҳокими Сулаймон ибн Ҳабиб ибн Муҳаллабга тобеъ бир кичикроқ шаҳарда волий ҳам бўлиб турган, кейин ундан бўшатиб юборилган эди.

У умавий халифа Марвон ибн Муҳаммад даврида Кўфада исён кўтарган Абдуллоҳ ибн Муовия ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфарга тарафдор бўлиб, иниси Саффоҳ ва амакилари Абдуллоҳ ибн Али ва Ийсо ибн Али билан бирга Бани Умайяга қарши бош кўтариб чиққанди. Исён бостирилгач, ҳамма ҳар ёққа қочиб яширинди. Мансур Жазирага кетиб, ўша ерда уйланди, кейинроқ Ҳамимага қайтиб, иниси Саффоҳнинг жамоати сафида Кўфага келиб жойлашди. У Саффоҳнинг яқин маслаҳатчиси ва қўллаб-қувватловчиси бўлди.

Абул Аббос Саффоҳ Кўфага келиб жойлашганидан кейин Абу Саламанинг ўзига садоқатидан шубҳа қилиб, унинг аббосийларни иш бошидан четлатиб, улар ўрнига Али авлодини келтириш нияти борлигидан хавфсираб, ўзини ундан тортиб юрди. Ўзининг Нахиладаги лашкаргоҳидан кетиб, Ҳошимия шаҳрига келиб, ундаги амирлик қасрига жойлашди. Унинг Абу Саламага рўйхушлик бермаётгани очиқ билиниб турарди. Сўнг у Абу Муслим Хуросонийга мактуб йўллаб, унга Абу Салама ҳақидаги фикрини ва унинг хиёнатидан хавфсираётганини билдирди. Абу Муслим жавоб мактубида унга агар ҳақиқатан Абу Саламанинг шундай нияти борлигини билган бўлса, уни қатл қилиш маслаҳатини берди. Бироқ Довуд ибн Али халифанинг Абу Саламани қатл эттиришига эътироз билдириб: “Ундай қилманг эй амирулмўъминин, акс ҳолда Абу Муслим ва Хуросон аҳли бу ишингизни ўзингизга қарши ҳужжат қилиб олишади ва керак бўлганда шуни дастак қилиб, сизга қарши чиқишлари мумкин. Яхшиси, сиз бу ишни Абу Муслимнинг ўзига топширинг, унинг ўзи одам юбориб, Абу Саламани қатл қилдирсин”, деб маслаҳат берди. Бу фикр Абул Аббосга ҳам маъқул тушиб, шу ҳақдаги амри битилган мактубни оғаси Абу Жаъфар Мансур билан Абу Муслимга юборди. Абу Жаъфар ушбу сафари ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Мен бироз ҳадик ва қўрқув билан борардим. Райга етганимда унинг ҳокимига Абу Муслимнинг мактуби етиб келган экан. Унда: “Менга етган хабарга кўра, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад келаётган экан. Райга етиб келса, ундан кўз-қулоқ бўл ва тезроқ кузатиб юбор”, дейилган экан. Рай волийси мени Абу Муслимнинг мактуби билан таништирди ва тезроқ йўлга отланишимни тавсия қилди. Шундан сўнг менинг қўрқувим ва хавотирим ортди. Райдан чиқиб, Найсобурга етганимда унинг волийсига ҳам Абу Муслим мактуб юборган экан. Унда: “Абдуллоҳ ибн Муҳаммад етиб келса, унга кўз-қулоқ бўл ва зудлик билан кузатиб юбор. Чунки сенинг ерингда хаворижлар кўп, мен унинг омонлигидан хавотирдаман”, дейилган эди. Шундан сўнг кўнглимга ёруғлик тушди ва Абу Муслим мен ҳақимда қайғуряпти экан, деб хотиржам тортдим. Марвга икки фарсах қолганида Абу Муслим аъёнлари билан мени кутиб олгани чиқди ва қўлимни ўпиб, менга ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Уч кун меҳмон бўлганимдан сўнг тўртинчи куни мендан келишим сабабини сўради. Мен унга Абу Саламанинг ишлари ҳақида гапирдим. Абу Муслим: “Абу Салама шундай қилдими ҳали?! Уни менга қўйиб беринглар”, деди. Сўнг Маррор ибн Анасни ҳузурига чорлаб, унга: “Кўфага бор ва Абу Саламани қаерда топсанг ҳам ўлдир!”, деб буюрди. Маррор Кўфага етиб келиб, Абул Аббоснинг Ҳошимиядаги қароргоҳига келди ва унга келиши сабабини билдирди. Шундан сўнг Абул Аббос жарчига буюриб: “Амирулмўъминин Абу Саламадан рози!” деб жар солдирди. Абу Саламани ҳузурига чорлаб, меҳмон қилди, сарпо кийдирди. Шундан сўнг Абу Салама бир куни тунда бир ўзи халифа ҳузуридан чиқиб, ўз манзили сари бораётган пайтида Маррор ибн Анас бир неча одами билан унинг йўлидан чиқиб, уни ўлдирди. Сўнг Абу Саламани хаворижлар ўлдириб кетибди, деб гап тарқатдилар.

Афтидан, Абу Муслим жуда эҳтиёткор одам эди. Шу боис у Абу Жаъфар унинг ҳузурига келаркан, йўл-йўлакай шаҳарларда тўхтаб, одамлар билан учрашишидан ва бу ўзининг ҳокимиятига путур етказиб қўйишидан хавфсиради. Шунинг учун ҳам унинг бирор шаҳарда туриб қолмаслигини истади. Рай волийсига юборган мактубида бироз эҳтиётсизликка йўл қўйганини сезиб қолиб, Найсобур волийсига йўллаган кейинги мактубида бу хатосини тузатишга уринди. Абу Жаъфар Марвга яқинлашган пайтида Абу Муслим уни жуда катта иззат-икром билан кутиб олди. Шунингдек, у ўзининг ҳокимиятга интилиш борасидаги яширин истакларини ичида сир тутар, мақсади сари йўлида тўғаноқ бўлиши мумкин бўлган аббосийлик даъватининг барча катта даъватчиларидан қутулиш фурсатини асло қўлдан бой бермасди. Абу Саламани қатл эттириш билан у ҳам халифанинг кўнглини олишга, ҳам ўзи учун эҳтимолий рақиблардан биридан қутулишга муваффақ бўлди. Абу Жаъфар ҳам ўта ҳушёр ва кучли фаросат эгаси бўлгани учун Абу Муслим ҳузурига юборилганида ундан бекорга хавфсирамаганди.

Абу Жаъфар Хуросонга иккинчи бор сафар қилишида Абу Муслим билан муносабатлари хийла таранглашди. Ўшанда Абу Салама қатл этилганидан сўнг Абул Аббос акаси Абу Жаъфарни ўттиз киши ҳамроҳлигида Абу Муслим ҳузурига юборганди. Абу Жаъфар Марвга етганида Убайдуллоҳ ибн Ҳусайн Аъраж билан Сулаймон ибн Касир унинг ҳамроҳлари сафида бораётиб, Сулаймон Аъражга: “Сизларнинг ишингиз  (мақсадингиз) тўла амалга ошишини умид қиламиз. Бизни ҳам чорланглар, нима мақсадларингиз бўлса, биз ҳам бирга бўламиз”, деди. Аъраж уни Абу Муслим томонидан айғоқчиликка қўйилган ва ўзидан гап олишга уринаётган одам сифатида қабул қилди ва ўз жонидан хавотирланиб, Абу Муслим ҳузурига келганларидан сўнг Сулаймоннинг сўзларини унга айтиб берди. Сулаймон аббосийлик даъватининг катта обрўга эга бўлган энг дастлабки даъватчиларидан эди. Абу Муслим Сулаймон ибн Касирни ҳузурига чорлаб: “Халифанинг менга айбдор кимсаларни аёвсиз қатл қилишга изн берганларини биласанми?!”, деб сўради. “Ҳа”, деган эди: “Мен сени айбдор деб билдим”, деди. Сулаймон “Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман”, деётган эди: “Аллоҳни ўртага қўймай қўяқол, сен имомга хиёнат қилдинг”, деди ва унинг бошини кестирди. Абу Жаъфарга Сулаймоннинг  ўлдирилгани хабари етгач, у бундан қаттиқ ғазабланди, лекин ғазабини ичига ютди. Сулаймон аббосийлик ҳаракатининг энг кучли вакилларидан ва катта шайхларидан бўлиб, Хуросонга келган ҳар бир даъватчидан, шу жумладан Абу Муслимдан ҳам унинг панд-насиҳатларига қулоқ солиш ва итоат қилиш талаб қилинарди. Абу Жаъфар Кўфага қайтиб келгач, Абул Аббосга: “Агар Абу Муслимни ўлдирмай, шу ҳолда қолдирсанг, сен халифа эмас экансан”, деди. “Нега?”, деган эди, “У кўнглига келган ҳар қандай ишни тап тортмасдан қилмоқда”, деди. Абул Аббос: “Жим бўл, бу гап ўртамизда қолсин!”, деди. Бироқ Абу Жаъфарнинг Абу Муслимга нисбатан тоқати тугаб борар ва уни аббосийларга қарши энг катта таҳдид сифатида қабул қилаётган эди. Унинг қарашича, Хуросонда Абу Муслимга қарши ҳеч нарса қилиб бўлмайдиган ҳолат вужудга келганди. Сабаби, Абу Муслим одамлар ўртасида қаттиқ қўрқув муҳитини яратган, атрофда унинг жосуслари изғиб юрар, ҳар қандай жиноятчини аёвсиз қатл қилиши билан донг таратганди. Боз устига, Абу Муслим қачон бирон донгдор кишини қатл эттирса, уни имомга қарши хиёнатда айблаб ўлдирар, бу иши билан бир тарафдан аббосийларга нақадар содиқлигини ва фақат уларнинг хизматига бел боғлаганини кўрсатар, иккинчи тарафдан эса ўзининг яширин мақсадлари сари йўл очиб борар эди.

Абу Жаъфар Кўфага қайтиб келганидан сўнг Абул Аббос уни Воситга, Ибн Ҳубайрани қамал қилишга юборди. Тақрибан ўн бир ой давом этган қамалдан сўнг Ибн Ҳубайрага умавий халифа Марвон ибн Муҳаммаднинг ўлдирилгани хабари келди. Шундан сўнг у аббосийлардан омонлик ва сулҳ талаб қилди. Ўртада бир қанча ёзишмалар бўлиб ўтганидан сўнг омонлик олган Ибн Ҳубайра Абу Жаъфар хизматига кирди. Абу Жаъфар ҳам Ибн Ҳубайрага берилган аҳдга вафо қилиш ва омонлик шартномасига амал қилиш устида бўлди. Аммо Абул Аббос бу ҳақда Абу Муслимнинг фикрини сўраганида у: “Текис йўлга тўкилган тош йўлни бузади. Ибн Ҳубайрани йўлдаги қиррали тош деб билаверинг”, деди. Шундан сўнг Абул Аббос Абу Жаъфарга мактуб йўллаб, унга Ибн Ҳубайрани қатл қилишни буюрди. Лекин Абу Жаъфар уни бу фикридан қайтариш учун қайта-қайта мурожаат қилди. Охири Абул Аббос: “Қасамки, уни ё ўзинг ўлдиртирасан, ё эса бошқа бировни юбориб, уни сенинг олдингда ўтирган жойидан чиқартириб ўлдиртираман!”, деб ёзиб юборди. Шундан сўнг Абу Жаъфар уни ўлдиртиришга мажбур бўлди.

Абу Жаъфарнинг фикрича, Бани Умайя қўлида ишлаган амалдорларни рози қилиш аббосийларнинг куч-қудрати ошишига сабаб бўларди. Абу Муслим эса аббосийлар сафида кўзга кўринган раҳбарлар кўпайишини ўзининг нуфузига хатар деб кўрар, шунинг учун имкон бўлиши билан улардан халос бўлишга ҳаракат қилар эди. Шундай қилиб, Абу Жаъфарнинг Абу Муслимга нафрати ортиб борди.

Ибн Ҳубайра воқеасидан кўп ўтмай, Абул Аббос оғаси Абу Жаъфарни Жазира, Армения ва Озарбайжонга амир қилиб юборди. У то Абул Аббос вафот этиб, халифалик байъати ўзига берилгунига қадар ўша ерда қолди.

 

Изоҳ қолдиринг