Сиддиқ жиҳод майдонларида (5)

0

 Макка фатҳида (ҳижрий 8 йил):

Ибн Исҳоқ Макка фатҳига йўл олиниши сабабини шундай зикр қилади:

Ҳудайбия сулҳи бандларидан бирига кўра, истаган қабила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иттифоқи ва аҳдига, истаган қабила Қурайшнинг иттифоқи ва аҳдига кира олар эди. Ҳар икки томон иттифоқига кирган қавм-қабила ўша томон вакили ҳисобланар, ушбу қавм-қабилалар тарафидан қилинган ҳар қандай тажовуз ҳам ўша томоннинг тажовузи деб эътибор қилинарди. Мазкур бандга кўра, Хузоа қабиласи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам иттифоқларига кирган, Бану Бакр қабиласи эса Қурайш иттифоқига кирган ва ҳар икки қабила бир-бири билан сулҳ ҳолатига ўтган эди. Улар ўн етти ё ўн саккиз ой шу ҳолда давом этдилар. Сўнг бир куни тун пайтида бир гуруҳ Бану Бакрлик кишилар Макка яқинидаги Ватир деган жойда Хузоа қабиласига босқин уюштириб, бир қанча одамларини ўлдиришди. Ўртада уруш бўлиб, бунда Қурайш ҳам Бану Бакрга қурол-яроғ билан ёрдам берди, тун қоронғилигидан фойдаланиб, унда айрим қурайшликлар ҳам иштирок этдилар. Шундан сўнг Амр ибн Солим Хузоий Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотга ушбу мазмундаги шеър билан мурожаат қилди:

Қавмимизнинг дўсти, улфати
Муҳаммадга бош эгиб келдик.
Қон-қардошлик ҳаққи-ҳурмати
Кўзимиздан ёш тўкиб келдик.

Ёрдамингиз биздан аяманг,
Аллоҳ Ўзи сизга ёр бўлсин.
Мўминларни мададга чорланг,
Душманимиз хору зор бўлсин.

Қурайш аҳдга хиёнат қилиб,
Бузди тузган аҳду паймонин.
Бизни заиф-нотавон билиб,
Ишга солди қилич-камонин.

Бизга ҳужум қилиб Ватирда
Қоронғуда ўлдирди, қирди.
Намоз ўқиб турган ҳолида
Мўминларни қонга ботирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизга мадад берилади, эй Амр ибн Солим”, дедилар[1].

Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан Маккага юришга ҳозирлик кўришга киришдилар, бироқ бу ҳақда овоза қилмадилар. “Эй Парвардигор! Бизларнинг хабаримизни Қурайшдан беркитгин, токи биз улар устига тўсатдан кириб борайлик”, деб Аллоҳга дуо қилдилар. Қурайш бўлиб ўтган ҳодисадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар топган бўлишларидан хавфсираб, Абу Суфённи Мадинага сулҳни янгилаб келишга юборди. Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқиб: “Эй Муҳаммад, битимни янгилайлик ва муддатини узайтирайлик, деб келдим”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шунинг учун келдингми? Сизлар томонингиздан бирор иш содир бўлдими?”, деб сўрадилар. “Худо сақласин! Биз ўз аҳдимиз ва сулҳимиз устида турибмиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бирон нарса деб жавоб айтмадилар. Шундан сўнг Абу Суфён бошқа саҳобалар билан сўзлашиб кўриш умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидан чиқди[2].

Абу Бакр ва Абу Суфён ўртасидаги сўзлашув:

Абу Суфён Абу Бакр розияллоҳу анҳуга йўлиқиб, битимни янгилаш ва муддатини узайтиришда ундан ёрдам сўради. Абу Бакр: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима десалар, шу. Қасамки, агар ўзимга қолса, сизларга қарши урушаётган биргина чумолини топсам ҳам, унга ёрдам берган бўлардим”, деди. Шу ерда Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг зийраклиги ва бой сиёсий тажрибаси яққол кўринади, шунингдек, унинг ўзи эътиқод қўйган ҳаққа бўлган кучли иймони юзага чиқади. Ва Абу Суфёндан зиғирча ҳайиқмасдан, агар заррача баҳона топилса, ўзининг Қурайшга қарши урушга ҳозирлигини эълон қилади.

Абу Бакр ва Ойша розияллоҳу анҳумо ўртасидаги сўзлашув:

Сиддиқ розияллоҳу анҳу қизи Ойшанинг олдига кирганида у сафар озуқаси учун ун элаб ўтирган экан. Абу Бакр: “Эй қизим, нега бу егуликни ҳозирлаяпсан?”, деб сўради. Ойша жавоб бермади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимга айтмасликни буюрган эдилар. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотга чиқмоқчимилар?”, деб сўради. Ойша яна индамади. “Балки, Румга қарши уруш қилмоқчидирлар?”, деган эди, Ойша сукут қилди. “Балки Қурайш устига юриш қилмоқчидирлар?”, деди. Ойша индамай тураверди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб қолдилар. Сиддиқ: “Ё Расулуллоҳ, бирон ёққа юриш қилмоқчига ўхшайсиз”, деган эди, у зот: “Ҳа, шундай”, дедилар. “Румга қарши урушмоқчимисиз?”, деган эди: “Йўқ”, дедилар. “Нажд аҳлига қаршими?”, деган эди: “Йўқ”, дедилар. “Қурайш устига юриш қилмоқчимисиз?”, деган эди: “Ҳа”, дедилар. “Ўртамиздаги сулҳ нима бўлади?!”, деди. “Улар Бани Каъбга нима қилишганини эшитмадингизми?!”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шу гапдан сўнг Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла-тўкис эргашиб, ушбу буюк фатҳ юриши учун ҳозирлик кўришга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага юришларини эълон қилгач, муҳожиру ансорлардан бирортаси ҳам қолмасдан, ҳамма у зот билан йўлга отланди.[3]

Сиддиқ Маккага кириш олдидан:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фатҳ юришида Абу Бакр ҳамроҳлигида Маккага кириб келар эканлар, отларнинг юзларига шапатилаб турган аёлларга кўзлари тушди ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қараб, кулимсираб: “Эй Абу Бакр, Ҳассоннинг шеъри эсингиздами?”, дедилар. Абу Бакр Ҳассон ибн Собитнинг: “Отларимиз чанг-тўзон кўтариб, Кадода юрганини кўрмасанглар, ундай отларнинг боридан йўғи яхши. Учқур тулпорларимиз душман қонига ташна суворийлари билан тезликда камон ўқлари билан беллашиб, жанггоҳда ўқдек учади. Душман жангчилари тумтарақай қочиб, майдонда хотинлар рўмоллари билан отларнинг юзига шапатилайди” деган мазмундаги шеърини ўқиди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Маккага) Ҳассон айтган томондан (яъни Кадодан) кириб боринглар!”, дедилар[4].

Макка фатҳи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу учун яна бир ўта қувончли ҳодиса билан – отаси Абу Қуҳофанинг мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат бериши билан ҳам қадрлидир.

Ҳунайн жангида:

Ҳунайн жанги мусулмонлар учун ўта оғир ва қақшатқич сабоқ бўлди. Улар жангнинг бошидаёқ душман пистирмасига дуч келдилар ва кутилмаган зарбадан довдираб қолиб, пала-партиш равишда ортга чекиндилар. Имом Табарий ривоятида келганидек, ҳеч нарсага қарамай, қоча бошладилар[5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳой одамлар, қаёққа?! Менинг ёнимга келинглар! Мен Расулуллоҳман! Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳман! Эй ансорлар, мен Аллоҳнинг қулиман, мен Аллоҳнинг пайғамбариман!”, дея бошладилар. Сўнг амакилари Аббосни чақирдилар, унинг овози ўткир эди, унга: “Эй Аббос, сиз: “Ҳой ансорлар! Ҳой Самура аҳли!” деб жар солинг”, дедилар[6]. Бу айтиб ўтганимиздек, жангнинг аввалида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида Сиддиқ розияллоҳу анҳу бошчилигида жуда озчилик кишилар матонат билан турган эдилар. Шундан сўнг мусулмонлар ўзларини ўнглаб, ҳамма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга қараб интилди ва Аллоҳ таоло уларга душман устидан улкан ғалаба ато этди.[7]

Ушбу ғазотда Абу Бакр Сиддиқнинг ўзига хос хусусиятларидан баъзилари кўринди. Жумладан:

Сиддиқнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида фатво бергани:

Абу Қатода айтади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайн жангига чиқдик. Душман билан тўқнашиб, жанг пала-партиш тус олган бир пайтда мушриклардан бир киши мусулмонлардан бир кишининг орқасидан чанг солганини кўрдим ва дарҳол ортидан келиб, унинг елкасига қилич солиб, зирҳли кийимини кесиб ташладим. Шунда у менга чанг солиб, қаттиқ бўғиб олди. Ундан ўлимнинг исини туйдим. Кейин бўшашиб, қўйиб юборди ва гуп этиб ерга қулади. Шу орада Умар ибн Хаттобга йўлиқиб қолдим ва ундан: “Одамларга нима бўлди ўзи?!”, деб сўрадим. У: “Аллоҳнинг қазоси!”, деб жавоб берди. Кейин қочганлар орқага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига қайтиб келдилар[8]. (Жангдан сўнг) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мақтулни (ўлдирилган кишини) ўзи ўлдирганига далил-исбот келтирса, асбоб-анжоми ўшанга бўлади”, дедилар. Шунда мен ўрнимдан туриб, уёқ-буёққа қараб, бояги кимсани ўлдирганимга далил-исбот қидириб кўрдим, гувоҳлик берадиган бирон кишига кўзим тушмасдан, қайтиб ўтирдим. Кейин бояги воқеани эслаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердим. Ўша ерда ўтирганлардан бири: “У айтаётган мақтулнинг нарсалари менда, сиз уни бирор нарса билан рози қилиб қўяверинг”, деди. Шунда Абу Бакр: “Йўқ, Аллоҳга қасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ва Расули йўлида жанг қилган Аллоҳнинг шерларидан бир шерни қўйиб, унинг нарсасини қурайшлик бир қушчага асло бермайдилар!”, деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, уларни менга олиб бердилар”[9].

Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ҳалиги одамнинг гапини ўша заҳоти кескин рад қилиши ва қасам ичиб, фатво бериши, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзларини тасдиқлаб, унинг сўзи билан ҳукм қилишлари Абу Бакрнинг бошқа ҳеч кимга насиб бўлмаган алоҳида шарафли мақомига ишора қилади.

[1] Ибн Ҳишом, “Сийра набавия” (4/44).
[2] Табарий (3/43).
[3] Воқидий, “Мағозий” (2/796).
[4] Ҳоким, “Мустадрак”, исноди саҳиҳ, Заҳабий ҳам шунга мувофиқ бўлган (3/72).
[5] Тарихи Табарий (3/74).
[6] Муслим, “Ҳунайн ғазоти ҳақидаги боб” (1775). Самура аҳли – Ҳудайбияда самура дарахти остида байъат берган саҳобаларга ишора.
[7] Мавоқифи сиддиқ маъан набий” (43-бет).
[8] Бухорий (4066, 4067).
[9] Бухорий, “Китобул мағозий” (4322).

Изоҳ қолдиринг