Абу Риғол ҳақидаги хабар (8)

0

Абу Риғол ҳақидаги хабар

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажар диёридан ўтар эканлар шундай дедилар: “Мендан оят-мўъжизалар талаб қилмангиз. Дарҳақиқат, Солиҳ алайҳиссалом қавми мўъжиза талаб қилишган ва бу мўъжиза туя бўлган эди. У сув ичиш учун мана бу водийдан келиб, сув ичиб бўлгач мана бу водийдан қайтиб кетар эди. Самуд қавми Парвардигорларининг амридан чиқиб туяни сўйдилар. Туя уларнинг қудуғидан бир кун сув ичар, улар эса бунинг эвазига туянинг сутини ичар эдилар. Улар туяни сўйдилар. Уларни шундай бир қичқириқ тутдики, у сабаб Аллоҳ таоло улардан барча тирик зотни ўлик танага айлантирди. Фақат улардан Аллоҳнинг ҳарамида бўлган бир кишигина тирик қолди”. Саҳобалар: “У ким, эй Расулуллоҳ?”деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:У Абу Риғол эди. У ҳарамдан чиққач, қавми бошига тушган нарса унинг ҳам бошига тушди[1].

Исмоил ибн Умайядан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Риғолнинг қабри ёнидан ўтар эканлар шундай дедилар: “Бу кишининг кимлиги биласизларми?. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқдир”дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бу Самуд қабиласидан бири бўлмиш Абу Риғолнинг қабри. У (азоб келган чоғда) Аллоҳнинг ҳарамида эди. Аллоҳнинг ҳарами уни азобдан сақлаб қолди. У ҳарамдан чиққач, қавмига келган нарса унга ҳам келди ва мана шу ерда дафн қилинди. Унга қўшиб тилла бир новда ҳам кўмилди”. Шунда одамлар шу жойда тўхташиб, қиличлари билан қабрни кавлай бошладилар. Тилла новдани қидириб ва ниҳоят уни чиқариб олдилар”.

Абдурраззоқ деди: “Маъмар деди: “Зуҳрий деди: “Абу Риғол Сақиф қабиласининг отасидир”.

Бу ҳадис бу жиҳатдан “ мурсал”дир.

Мазкур ҳадис бошқа бир жиҳатдан “муттасил” ҳолда  ривоят қилинади: Муҳаммад ибн Исҳоқ “Сийрат” китобида Исмоил ибн Умайядан, у Бужайр ибн Абу Бужайрдан ривоят қилади. Абу Бужайр айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Амрнинг шундай деяётганини эшитдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Тоиф шаҳрига чиқиб, бир қабрнинг ёнидан ўтган чоғимизда у зотнинг шундай деганларини эшитдим: “Мана бу Абу Риғолнинг қабри. У аслида Самуд қабиласидан бўлиб, Сақиф қабиласининг отаси ҳисобланади. У (азоб келган маҳалда) мана шу ҳарамда эди, ҳарам уни азобдан сақлаган эди. Ҳарамдан чиққач, қавмига келган азоб мана шу ерда унга ҳам келди ва шу ерда дафн қилинди. Бунинг (яъни, бу қабр соҳиби Абу Риғол экани ва унинг шу ерда дафн қилинганининг) белгиси шуки, унга қўшиб бир тилла новда ҳам кўмилган. Агар сизлар унинг қабрини кавласангизлар, бу тилла новдани у билан бирга эканини топасизлар”. Одамлар қабрни кавлай кетдилар ва ундан тилла новдани чиқариб олдилар”.

Устозимиз Ҳофиз Абул Ҳажжож Миззий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бу “ҳасан” ва “азиз” ҳадисдир”.

Бироқ бундан олдин зикр қилинган мурсал ҳадисда, шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадисида ҳам охирда зикр қилинган мазкур ҳадис мазмунини қўллаб қувватловчи матнлар бор, валлоҳу аълам.

[1] Саҳиҳ. Абдурраззоқ “Тафсир”да (1/ 2/ 231-232), Аҳмад (3/296, 5/555), Ибн Жарир “Жомеул баён”да  (8/162), Ибн Абу Ҳотим “Тафсир”да (5/1516/ 8685, 8686) ва Ҳоким (2/320, 340-341) Абуз Зубайрнинг ривоят йўлидан ривоят қилганлар.
Дарҳақиқат, Абуз Зубайр Ҳокимнинг асарида ҳадисни бевосита эшитганлигини очиқ айтган. Бироқ бу ҳадисда Абу Риғол қиссасини зикр қилмаган.
Абу Довуд (3088), Байҳақий (4/156) ва Миззий “Таҳзиби камол” китобида ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳадиси  мазкур қисса мазмунини қўллаб-қувватлайди. Бироқ бу ҳадис ровийлар шажараси  Бужайр ибн Абу Бужайрнинг мажҳуллиги боис заифдир. Шундай бўлсада бу ҳадис “эътибор”га лойиқ ҳадисдир. Шундай қилиб, Абу Риғол қиссаси ўз исботини топади. Албатта қаранг: каминанинг “Саҳиҳул азкори ва заийфуҳ” асарим (1/440/485).

Изоҳ қолдиринг