Ҳаж ва умра турлари

0

В.  Ҳаж ва умра турлари

Ҳаж уч турга бўлинади: “қирон”, “таматтуъ” ва “ифрод”.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан “ҳажжатул вадоъ” (“видолашув ҳажжи”) йилида йўлга отландик. Ичимизда баъзилар умрани ният қилиб, баъзилар ҳаж ва умрани ният қилиб, баъзилар эса фақат ҳажни ният қилиб талбия айтиб чиқишган эди…[1] [Муттафақун алайҳи].

Бунинг тафсилоти қўйидагича:

  1. Ҳажжи қирон”:

Қирон ҳажжи дегани инсон бир вақтнинг ўзида ҳаж ва умрага ният қилиб, талбия айтишидир. Ҳажжи қиронни ният қилган киши Маккага етиб боргач, тавоф ва саъй қилади ҳамда умра ва ҳаж ибодатларини тугатмагунча эҳромда қолаверади. Ҳажжи қиронга тегишли тафсилотлар ўрни келганда зикр қилинади.

  1. Ҳажжи таматтуъ”:

Таматтуъ ҳажжи дегани, инсон ҳаж ойларида умрани ният қилиб талбия айтади ва шу йилнинг ўзида ҳаж қилишни ҳам ният қилади. Маккага бориб, умра қилиб бўлгач, соч олдириб ёки қисқартириб эҳромдан чиқади. Энди унга эҳром сабабли тақиқланган барча ишлар ҳалол бўлади. Сўнг “тарвия” куни, яъни зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни ҳаж учун эҳром кийим талбия айта бошлайди.

Шунга кўра, агар инсон рамазон ойида мийқотдан ўтаётиб умра учун эҳром кийиб, умрани шаввол ойида бажарса таматтуъ қилган бўлмайди. Чунки таматтуънинг шарти ҳаж ойларидан бирида мийқотдан умрага атаб эҳром ўрашдир. Шунингдек, ҳаж ойларидан бирида умра учун эҳром боғласа-ю, бироқ келгуси йилда ҳаж қилса ҳам таматтуъ қилган бўлмайди.

  1. Ҳажжи ифрод”:

Ифрод ҳажжи дегани инсон мийқотдан ўтаётиб фақат ҳаж учун эҳром боғлашидир. Бундай инсон то ҳаж ибодатларини тугатмагунча эҳромдан чиқмайди. Ифрод ҳаж қилиш хулафои рошидийнлар: Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлардан собит бўлган. Улар қарийб йигирма тўрт йил давомида бу ҳаж турини ихтиёр қилганлар. Ҳолбуки, саҳобалар (розияллоҳу анҳум) кўп бўлишига қарамасдан биронталари уларнинг ишига эътироз билдирмаганлар.

Жумҳур уламоларнинг фикрича, ҳажжи ифрод қилиш жоиз. Зоҳирийларнинг фикрича, ҳажжи ифрод қилиш насх (бекор) қилинган бўлиб, ботилдир. Жумҳур уламолар ҳажжи ифрод жоиз эканига келтирган далиллардан бири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, (охир замонда Ийсо) ибн Марям (Мадина билан Макка ўртасидаги) Равҳо водийсидан ҳаж қилган ҳолда ёки умра қилган ҳолда ёки ҳар иккисини ният қилган ҳолда талбия айтиб келади” [Муттафақун алайҳ].

Ҳадисдаги “ҳаж қилган ҳолда” деган ибора ҳажжи ифрод жоиз эканига далилдир. Маълумки, Ийсо алайҳиссалом охир замонда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатига эргашган ҳолда ерга тушадилар. Демак, ҳажжи ифрод қилиш то қиёматга қадар давом этадиган ва насх қилинмаган шариат экан.

Мавзуга доир айрим мулоҳазалар:

(1) Мутаматтеъ (ҳажжи таматтуъ қилган киши) Маккага етиб боргач, аввало умра ибодатларини бажаради: тавоф қилади, саъй қилади, сўнг сочини олади ёки қисқартиради. Шундан сўнг одатдаги кийимларини кийим эҳромдан чиқади ва унга эҳром сабабли ҳаром бўлган ишлар ҳалол бўлади. Тарвия куни, яъни зулҳижжа ойининг саккизинчи куни ҳаж учун эҳром кияди.

(2) Қорин ва муфрид (яъни ҳажжи қирон ва ҳажжи ифродни ният қилган кишилар) эса Маккага етиб боргач, тавофул қудум ва саъй қиладилар. Шундан сўнг то ҳаж ибодатлари ниҳоясига етмагунча эҳромдан чиқмайдилар. Улар иккисига ҳаж ибодатларини бажариш асносида Сафо ва Марва (тоғлари) ўртасида иккинчи бор саъй қилиш вожиб бўлмайди.

(3) Мутаматтеъ қурбонлик сўйиши вожиб. Қурбонлик деганда битта қўй ёки туя ва молнинг еттидан бири назарда тутилади[2]. Агар қурбонлик топилмаса, ҳажда уч кун, юртига қайтиб боргач эса етти кун рўза тутиб беради. Ҳажда тутиши лозим бўлган уч кунлик рўзани ташриқ кунлари (зулҳижжанинг 11-13 кунлари) тутиш ҳам жоиз. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ташриқ кунларида фақат қурбонлик топмаган кишилар учун рўза тутишга рухсат берилди[3] [Бухорий ривояти].

Қолган етти кунлик рўзани қаерда тутиши хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Баъзи уламоларнинг фикрича, инсон бу рўзани ватанига қайтиб боргач тутади. Бу жумҳур уламолар фикри. Айрим уламоларнинг фикрича, инсон ҳаж ибодатларини тугатиб, Маккада тушган жойи (меҳмонхона, такяхона ва ҳоказо)га қайтиб келгач рўза тутишни бошлаши жоиз. Чунки Аллоҳ таоло: “Уч кун ҳажда ва етти кун қайтганингизда”, деган. Демак, оятда ҳаждан қайтиш назарда тутилган. Ҳолбуки, ҳаждан қайтиш сафар анжомларини қўйган жойига қайтиши билан бошланиб, то ватанига кириб боргунча давом этади. Албатта, бу ҳам кучли фикр. Шунга қарамай, жумҳур уламоларга оид биринчи фикри рожиҳдир. Чунки Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари шунга далолат қилади: “Кимда ким қурбонлик топмаса, у ҳолда уч кун ҳажда ва етти кун оиласига қайтиб боргач рўза тутсин[4].

Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятдаги “қайтганингизда”, деган сўзни “шаҳарларингизга қайтганингизда[5], деб тафсир қилган.

Таматтуъ ҳажжи учун қурбонлик қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ким ҳажга қадар таматтуъ қилган бўлса (яъни ҳаж мавсумида аввал умра амалларини бажариб, эҳромдан чиқиб, сўнгра ҳажга эҳром боғлаган бўлса),  муяссар бўлган бирон қурбонлик сўйсин” [Бақара: 196]. Уламолар ҳажжи қирон қилган киши учун қурбонлик қилиш ҳукмида, яъни қурбонлик унга вожибми ёки йўқлигида ихтилоф қилганлар. Эҳтиёт жиҳатидан ва ҳар эҳтимолга қарши зиммадаги вожибни соқит қилиш учун қурбонлик қилган афзал[6].

(4) Қурбонлик қилишнинг ўзига хос аҳкомлари бор. Бу аҳкомлар кези келганда баён қилинади, иншааллоҳ.

(5) Умра қилиб бўлгач, тарвия куни ҳажга эҳром боғлашдан олдин қурбонлик қилиш жоизми? Бу хусусда уламолар ўртасида ихтилоф бор[7].

Рожиҳ фикрга кўра, қурбонлик – ҳаж амалларига киришгач ва қурбонлик қилишга қодир бўлсагина вожиб бўлади. Агар қурбонлик топа олмаса, рўза тутиш фарз бўлади. Чунки Аллоҳ таоло: “Ким ҳажга қадар таматтуъ қилган бўлса”, дейди. Бундан маълум бўладики, қурбонлик вожиб бўлиши учун таматтуъга киришган бўлиши керак. Бинобарин, унга қадар ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Демак, қурбонликнинг вожиб бўлиш вақти ҳажга киришиш вақти экан. Шундай бўлсада қурбонликни Наҳр куни (зулҳижжанинг ўнинчи куни) сўяди.

(6) Аллоҳ таолонинг: “Ушбу ҳукм аҳли-оиласи Масжидул Ҳаромда бўлмаган кишилар учундир”, деган сўзининг рожиҳ тафсири шундан иборатки, Маккада истиқомат қиладиган инсонлар гарчи таматтуъ қилсалар ҳам уларга қурбонлик қилиш ёки рўза тутиш вожиб бўлмайди.

(7) Агар кишининг ўзи Макка ҳарамида истиқомат қилса-ю, бироқ оиласи у ерда истиқомат қилмаса, у ҳолда бундай инсон ҳам қурбонлик қилиши ёки рўза тутиши вожиб бўлади. Сабаби, унинг оиласи Макка аҳолисидан эмас.

(8) Агар ҳажда уч кун рўза тутмаса, у ҳолда баъзи уламоларнинг фикрича, унинг қазосини тутиши вожиб. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бундай кишидан рўза соқит бўлади. Агар ожизлик сабабли рўза тутолмаган бўлса, зиёни йўқ, борди-ю, қасддан тутмаган бўлса, тавба қилиши вожиб бўлади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам қолган етти кунлик рўзани тутиши вожиб.

(9) Агар қурбонлик топмагани боис рўза тутишни бошлаган ёки уч кун рўза тутган бўлса, сўнг қурбонлик қилиш учун имконият туғилса, қурбонлик қилиш шарт бўлмай, рўза тутаверади.

(10) Агар ҳаж ойларида умра қилса-ю, сўнг жорий йилнинг ўзида ҳаж қилиш ниятидан қайтмаган ҳолида сафар қилиб Маккадан чиқса, мутаматтеъ ҳисобланадими, йўқми?

Мазкур масалада уламолар ихтилоф қилишган. Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган фикрга кўра, агар ватанига қайтиб борса, мутаматтеъ бўлмайди. Агар бошқа мамлакатга сафар қилса, мутаматтеълигича қолаверади.

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, ҳар қандай ҳолатда: ватанига сафар қиладими ёки бошқа мамлакатгами, мутаматтеъ бўлаверади. Мазкур фикр рожиҳ фикрдир. Чунки бу ўринда ватанига сафар қилиши билан бошқа мамлакатга сафар қилиши ўртасини ажратиш учун бирон далил йўқ, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (1562) ва Муслим (1211).
[2] Қурбонлик қилишга тааллуқли тафсилотлар ўз бобида тўлиқ зикр қилинади, иншааллоҳ.
[3] Бухорий (1998), Ибн Абу Шайба (3/155) ва Байҳақий (4/298) ривоят қилишган.
[4] Бухорий (1692).
[5] Бухорий муаллақ ҳолда (3/433) ривоят қилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “Исмоилий ҳадис санадини туташ ҳолда зикр қилган”. Шунингдек, ҳофиз Ибн Ҳажар “Талхисул ҳабийр” китобида (2/234) шундай дейди: “Ибн Абу Ҳотим ҳадис санадини туташ ҳолатда зикр қилган”.  Ундан ташқари Байҳақий (5/23) ҳам мазкур ҳадис санадини туташ ҳолатда зикр қилган.
[6] Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (7/101).
[7] Ўрни келганда мазкур ихтилофни зикр қиламиз, иншааллоҳ.

Изоҳ қолдиринг