Яқинда исломга кирганман, динимни ўрганишни хоҳлайман

0

Савол:

Саволим бир қанча масалаларни ўз ичига олган. Ислом динига яқинда кирдим, кўп бўлмади. Бошида ҳар намозни қўлимдан келгунича адо қилар эдим (мен араб тилини билмайман). Бир киши менга: “Сен араб тилини билишинг шарт”, деб қолди. Мен охир-оқибат намоз ўқимай қўйдим. Мен Раббим ҳақида кунига бир неча бор фикр юритаман. Ислом кўрсатмаларига имкон қадар амал қиламан. Бироқ мен баъзи ишлардан – унинг хатолигини билсам-да, ўзимни тия олмайман. Аллоҳ таоло мени ҳидоятлаганидан буён ҳаётим анча яхши томонга ўзгарди. Ҳозир мен узоқ йиллар мобайнида яшаган ҳолимга солиштирганда жуда бахтлиман. Илгари ҳар куни маст бўлгунимча ароқ ичар эдим, ҳозир деярли ичмай қўйдим. Олдинлари бор мол-мулким билан қимор ўйнар эдим, ҳозир деярли бу ишни бутунлай ташладим. Гоҳида шундай хато ишларни қилар эканман, уни нотўғри эканини ҳис қиламан ва олдинги ҳолатимга қайтишни истамайман. Аллоҳ таоло мени ўзим билмайдиган қандайдир йўллар билан тўғри йўлга йўллаётганини ҳис қиламан. Мен гуноҳ нима эканини ҳис қилмайман, лекин нима учун бундай қилаётганимни биламан. Бирга ишлайдиган бир қанча мусулмонлардан, ҳатто интернет орқали бир киши билан мулоқот қилиб, менга тўғри намоз ўқишни ўргатишларини ва бошқа диний ишларда ёрдам беришларини сўрадим. Бироқ мен австралиялик бўлганим учун улар менинг исломга кирганимга шубҳаланиб, унга жиддий қарашмаяпди. Ўзимни ёмон одам деб биламан. Аммо олдинги ҳолатимга қараганда ҳозир анча яхшиман. Аллоҳнинг ёрдами ва ҳидояти ила муваффақиятга эришаман деб ўйлайман. Олдимда ўрганишим керак бўлган нарсалар ҳали кўп. Илтимос, менга насиҳат қилинг. Мен ёлғиз ўзим (ҳақни танишга ва динимни ўрганишга) ҳаракат қилишим вожибми ёки мусумонлардан ёрдам сўрашда давом этайми, ҳолбуки, улар афтидан менга ёрдам берадиганга ўхшашмайди.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Ҳамиша барча ҳамдлар Аллоҳга хос. Доимо ва ҳар қачон У шукр қилишга лойиқ Зот. Хоҳлаган бандасига ҳидоят беради, хоҳлаган бандасини бахтли қилади ва хоҳлаган бандасини залолатдан қутқаради. То қиёмат авлиёларига – яқин бандаларига нусрат беради.

Мусулмон биродар, ҳидоят неъматига мушарраф бўлганингиз қутлуғ бўлсин. Аллоҳ таборака ва таолодан сизни умрингиз охиригача ҳидоятда собит қилишини сўраймиз.

Дарҳақиқат, ислом динига киришга, ўзингиз ўсиб улғайган залолат ҳаётини тарк қилишга ва қайтарилган ширкдан четланишга қарор қилиб, улкан ютуқни қўлга киритибсиз. Ислом динига хуш келибсиз, ушбу веб саҳифани зиёрат қилганингиз учун сиздан миннатдормиз.

Дастлаб, сизга инсон бу дунёда қийин синовларни ва катта мусибатларни бошидан ўтказиши ҳақида эслатиб ўтмоқчимиз. Инсон то вафот этгунча бу синов ва мусибатларда сабр-матонат билан собит туришга муҳтож бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй инсон, албатта сен меҳнат-машаққат чекиб Парвардигорингга (яъни Унинг мукофот ёки жазосига) боргувчисан, бас, (бу ҳаёти дунёдан ўтганингдан сўнг) У зотга йўлиқувчисан” [Иншиқоқ: 6].

Аллоҳ таоло бандаларини намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказо фарз амаллар ҳамда ёлғон, алдов, зино, баччавозлик ва ҳоказо ҳаром амаллар билан синайди ва шу орқали Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунадиган чин мўминни Унинг тоат-ибодатидан юз ўгирувчи мунофиқ ёлғончилардан ажратиб олади. Чин мўминларни жаннатга киритади ва мунофиқ ёлғончиларни дўзахга улоқтиради.

Сиз Аллоҳ таоло буюрган ишларга амал қилиш ва ҳаром қилган нарсаларидан четланиш учун уларни билишга бор кучингизни сарфланг. Аллоҳ сизни муваффақ айласин!

Шариатимиз буюрган амаллар ўта кўп, қайтарган амаллар ҳам худди шундай. Уларни бир ерда санаб ёки изоҳлаб ўтиш имконсиз. Саволингизда зикр қилганингиздек, сиз араб тилини ўрганишингиз фарз, лекин бу араб тилини тўлиқ ўрганишингиз фарз, дегани эмас. Балки баъзи ибодатларда зарур бўлган миқдорнигина ўрганишингиз керак. Араб тилини билмаслигингиз намоз ўқимасилкка баҳона бўлмайди. Зеро, намозда эҳтиёжингиз тушадиган миқдорни қисқа муддатда ўрганишингиз мумкин. Араб тилини ўргангунча эса намозларни вақтида, қўлингиздан келгунича адо қилинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандалар зиммасига уларнинг тоқати етмайдиган нарсани юкламайди.

Сўзимиз якунида сизга насиҳатимиз шуки, шаҳрингиздаги Ислом Марказини излаб топишга ва динига амал қиладиган мусулмонлар билан бирга бўлишга ҳаракат қилинг. Ишончли веб саҳифаларни кузатиб боринг ва улардан имкон қадар фойдаланишга интилинг.
Сиз каби ўзлари учун фойдали нарсани излаб топишга ҳарис бўлган кишиларга хизмат кўрсатишдан бошимиз кўкка етади. Қўлимиздан келгунича сизларга йўлланма ва кўрсатмалар бериб турамиз. Биз билан алоқада бўлинг. Аллоҳ сизни ҳифзу ҳимоясига олсин ва саломат қилсин.

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг