Исломни қабул қилмоқчиман, арабча билмайман

0

Савол:

Исмим Даниел. Веб саҳифангизда мусулмон бўлмаган кишиларнинг бир қанча саволларига берилган жавобларни ўқидим. Мен ҳам Аллоҳнинг ҳақ илоҳ эканига ва пайғамбари Муҳаммаднинг сўнгги пайғамбар эканига қаноат ҳосил қилдим. Саволим шуки, бу динга қандай кираман, қандай қилиб намоз ўқийман, арабча билмайман-ку? Кейин исмимни ҳам ўзгартиришим керакми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аввало, айтишим керакки, бугун келган саволлар ичида мени энг қувонтирган сизнинг саволингиз бўлди. Ахир қувонмай бўладими, ҳақни таниган ва унга иқрор бўлган, Исломга кирмоқчи бўлиб, бунинг йўлини қидираётган бир кишига қандай бағримизни очмайлик, унинг мурожаатини қандай хуш қабул қилмайлик?!

Энди саволингизга келсак, сизнинг муаммонгиз қийин эмас, уни осонлик билан ечиш мумкин. Масалани битта-битта олиб кўрайлик:

Биринчидан, сиз ушбу сатрларни ўқир экансиз, Исломга кириш учун қилишингиз керак бўлган иш аввало тилингиз келганича икки шаҳодат калимасини айтишингиз бўлиб, уларни мукаммал арабча талаффуз билан айтишингиз шарт эмас. Биз сизга ушбу калималарни инглизча ҳарфларда ёзиб берамиз, шуни талаффуз қилишингиз ҳам кифоя қилади. Шаҳодат калимасини айтганингиздан сўнг чўмилиб покланинг ва қайси намоз вақтида турган бўлсангиз, ўша намозни ўқишга ошиқинг.

Иккинчидан, намозни қандай ўқишни билиб олгач – биз сизни веб саҳифадаги шу мавзудаги боғичларга йўллаймиз – намозни бошлаш пайтида ва намоз ичидаги ҳар бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишда “Аллоҳу акбар” деб айтасиз. Сўнг қиём (тик туриш), руку (эгилиш), сажда (ерга бош қўйиш) ва ўтиришда “Субҳаналлоҳ, валҳамду лиллаҳ, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деб айтасиз. Сўнг аввал ўнг тарафга, кейин чап тарафга “Ассалому алайкум” деб салом берасиз. Бундай намоз ўқиш сизга то намозда ўқиладиган дуо ва оятларни тўла ўрганиб олгунингизга қадар вақтинчалик жоиздир.

Учинчидан, исмингизни ўзгартиришингиз шарт эмас. Бир қанча уламолар ва мусулмон тарихчилар Даниел (Дониёл) пайғамбарлардан бирининг исми эканини айтганлар.

Аллоҳдан Ўзи сизга мададкор бўлишини ва ниятингизга эриштириб, сизни Исломга мушарраф этишини ва унда саботли қилишини сўраб дуо қилиб қоламан. Сизга бу йўлда қўлимиздан келган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишдан мамнунлигимизни изҳор қиламан.

Муҳаммад Солиҳ Мунажжид

IslamQA веб саҳифасидан таржима қилинди.

Изоҳ қолдиринг