Никоҳ шартлари: келин-куёв розилиги

2

 Иккинчидан: никоҳ шартномасининг шартлари:

Никоҳ шартномасининг рукнлари бўлганидек, унинг шартлари ҳам бор. Улар қуйидагилар:

Биринчи шарт: келин-куёвга аниқлик киритиш:

Келин-куёв шахси исм, сифат ёки ишора ёрдамида аниқланиши мумкин. Масалан, “қизим фалончини турмушга бердим” дея уни исми билан аташи ёки “қизларимдан каттасини турмушга бердим” дея уни сифати билан танитиши ёки “мана бу қизимни” дея унга ишора қилиб кўрсатиш орқали келин шахсини аниқлаш мумкин. Шунингдек, инсоннинг бор-йўғи битта қизи бўлса, шунчаки “қизимни турмушга бердим” дейиши ҳам дуруст.

Иккинчи шарт: келин-куёв розилиги:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аййим (бева аёл) то ўзи рози бўлиб, буюрмагунча, бокира аёл эса то изни олинмагунча никоҳланмайди”. Одамлар айтдилар: “Эй Расулуллоҳ, (бокиранинг) изни қандай олинади?”. У зот айтдилар: “(Изни) сукут қилишидир[1].

Мазкур ҳадисдаги “аййим” сўзидан “бева аёл” кўзда тутилган, чунки у бокиранинг муқобилида зикр қилинмоқда[2].

Дарҳақиқат, уламолар аёл кишидан изн олишни унинг ҳолатига қараб уч ҳолатга бўлганлар:

(А) Балоғатга етмаган қиз.

Баъзи уламолар балоғатга етмаган қизни отаси унинг изнисиз турмушга беришини жоиз деганлар. Негаки, балоғатга етмаган қиз ўз манфаатини яхши билмайди. Бироқ бу ҳуқуқ фақат қизнинг отасига берилади, ундан бошқа валийларнинг бундай қилишга ҳаққи йўқ. Бошқа бир гуруҳ уламолар (зоҳирийлар)нинг фикрича, аёл киши ёшми, каттами, балоғатга етганми, етмаганми, валий унинг отасими ёки бошқасими, қандай бўлишидан қатъий назар турмушга бериш учун ундан изн олиниши керак.

Ибн Мунзир айтади: “Биз билган уламоларнинг ижмо қилишларича, ота балоғатга етмаган ёш қизини ўз тенгига турмушга бериши жоиздир[3].

Бунга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “қизи Ойша розияллоҳу анҳони олти ёшида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга бергани ва тўққиз ёшида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқинлик қилгани” [Муттафақун алайҳи] тўғрисидаги ҳадис далил қилинади.

Мавзуга доир айрим мулоҳазалар:
(1) Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қиз балоғатга етса (турмушга бериш учун) изни сўраладиган кишилардан бўлиши, қолаверса, никоҳ сабабли зиммасига бир қанча мажбуриятлар тушиши боис ота қизини то балоғатга етмагунча турмушга бермаслиги мустаҳабдир[4].
(2) Балоғатга етмаган ёш қизни турмушга бериш жоизлигининг ҳикмати шундаки, ота қизини тенгига узатиш билан унинг фойдасини кўзлайди ва муносиб куёвни қўлдан бой бермаслик учун қизининг балоғатга етишини кутиб ўтирмаслиги мумкин[5].
(3) Балоғатга етмаган ёш қизни турмушга узатиш жоиз бўлсада, бироқ жинсий яқинлик қилишга жисмонан лаёқатли бўлмагунча куёвнинг унга яқинлик қилишига йўл қўйилмайди[6]. Албатта, бунинг учун қиз боланинг балоғатга етиши шарт эмас, муҳими жинсий яқинлик қилишга яроқли ёшга етган бўлиши кифоя[7].

(Б) Балоғатга етган бокира қиз:

Юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан бокира қизни турмушга бериш учун ундан изн сўралади. Валий отаси бўладими ёки ундан бошқаси бўладими, мажбурлаб турмушга берилмайди. Дарҳақиқат, имом Муслим ривоятида шундай дейилади: “Ота бокира қизини турмушга бериш борасида ундан изн сўрайди”. Уламолар мазкур изн сўраш хусусида ихтилофлашганлар: изн сўраш никоҳ дуруст бўлиши учун шартми ёки у шунчаки қизнинг кўнглини кўтариш учунми? Рожиҳ фикрга кўра, никоҳ дуруст бўлиши учун изн сўраш шарт. Бу фикр имом Абу Ҳанифанинг фикри, шунингдек, имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоят бўлиб, уни Ибн Таймия ҳам тўғри деб билган[8].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хулоса шуки, балоғатга етган бокира қиз турмушга мажбурланиши жоиз эмас, унинг розилигисиз турмушга берилмайди. Борди-ю, мажбурлаб турмушга берилса, никоҳ шартномаси дуруст бўлмайди. Бу Авзоий, Саврий, ҳанафий мазҳаби ва бошқа уламоларнинг фикри. Термизий нақл қилишича, бу аксар илм аҳлининг фикридир[9].

Шунингдек, мазкур фикрни Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди. Унда шундай дейилади: “Бир киши бокира қизини унинг изнисиз турмушга беради. Қиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (шикоят қилиб) келади ва у зот никоҳни бекор қиладилар[10].

Мавзуга доир мулоҳазалар:
(1) Бокира қизнинг изни сукут қилиши билан билинса, бева розилик ёки рад этишга далолат қиладиган бирон нарса дейиши шарт.
(2) Ибнул Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бокира қизга унинг сукути изн эканини билдириб қўйиш мустаҳаб. Бироқ жумҳур уламолар наздида никоҳдан кейин “сукут қилишим изн эканини билмабман”, дейиши билан никоҳ шартномаси бузилмайди[11].
(3) Агар бокира қиз кулса ёки йиғласа розиликка далолат қиладими, йўқми? Албатта, бу борада ҳолатга қараб хулоса чиқариш лозим. Аксар ҳолатларда кулгу ва табассум розиликка далолат қилсада, баъзан масхара ва истеҳзога далолат қилиши ҳам мумкин. Йиғи эса баъзан норозилик белгиси, баъзан бошқа нарсани ҳам ифода этиши мумкин. Демак, ҳар ҳолатга қараб алоҳида хулоса қилиш лозим.
(4) Бокира қизнинг “ҳа, розиман”, деган сўзи, албатта, изн ва розилик саналади. Бу жумҳур уламоларнинг фикри. Ибн Ҳазм кўпчилик уламоларга хилоф ўлароқ, ғалати фикрни билдирган. Унинг фикрича, ҳадиснинг зоҳирига биноан бокира қиз фақат сукут қилсагина розилик билдирган бўлади! албатта, бу ғаройиб фикр. Чунки бокира қиз сукутдан бошқа йўл билан ўз розилигини билдирган бўлса, демак, мақсад ҳосил бўлди. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “бокира қиз сукут қилмаса, сўзи инобатга олинмайди” демадиларку?! Аксинча, имом Муслимга оид баъзи ривоятларда: “Бу унинг сукут қилган пайтдаги изнидир”, дейилади. Бундай тушуниш мумкинки, бокира қиз сукут қилмаслиги, балки нутқ билан розилигини ифодалаши ҳам жоиздир.
(5) Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ота-она ёки улардан бири фарзандни ўзи хоҳламаган кишига уйланишга мажбурлаши жоиз эмас. Бу ҳолатда фарзанд бош тортса, ота-онасига оқ бўлмайди. Ҳеч кимса бировни кўнгли тусаган нарсаларни ейишга имконияти бўлатуриб, кўнгли тортмаган нарсаларни ейишга мажбурлашга ҳаққи йўқ экан, никоҳ ҳам шундай, балки никоҳга мажбурлаш тақиқланишга янада ҳақлироқдир[12].
(6) Агар қиз бола ота-онаси танлаган куёвни рад қилса, оқ бўладими?

Жавоб: бу билан оқ бўлмайди, чунки бу қиз боланинг ҳаққидир[13].

(В) Балоғатга етган бева хотин:

Балоғатга етган бева хотинни изнисиз турмушга бериш жоиз эмас. Бунинг учун у “ҳа” дейиши ёки розиликка далолат қиладиган бирон сўз айтиши лозим. Шунингдек, бу борада валийнинг ота ёки бобо ёки улардан бошқа бири бўлиши баробардир.

Ҳофиз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар бева аёл розилигисиз турмушга берилган бўлса, бундай никоҳни бузиш жоизлигига уламолар ижмо қилишган. Бунга хилоф ўлароқ, фақат Ҳасан Басрийдан нақл қилинган гап борки, унинг фикрича, ота гарчи норози бўлсада бева қизини мажбурлаб турмушга бериши жоиздир[14].

Зеро, Хансо бинти Хидом Ансорийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис ҳам юқорида зикр қилинган ижмони қўллаб-қувватлайди. Ҳадисда айтилишича, Хансони отаси бева ҳолида мажбурлаб турмушга беради. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб борганида у зот никоҳни қайтарадилар[15].

Ибнул Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар ижмо қилишганки, ота бева қизини унинг розилигисиз турмушга бериши жоиз эмас[16].

Мавзуга доир мулоҳазалар:
(1) Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадис (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган собиқ ҳадисни назарда тутмоқда) балоғатга етмаган бева аёлни мажбурлаб турмушга бериш жоиз эмаслигига далил қилинади. Негаки, у ҳам (бева бўлгани боис) ҳадисда зикр қилинган “турмушга чиқиш борасида валийсидан ҳақлироқдир” деган ҳукмнинг умумига дохил. Ҳадис яна шунга далолат қиладики, гарчи зино йўли билан бўлса ҳам жинсий яқинлик туфайли қизлик пардасини йўқотган қизни на отаси ва на бошқа валийлари мажбурлаб турмушга бериши жоиз эмас. Чунки улар ҳам ҳадисдаги “бева турмушга чиқиш борасида валийсидан ҳақлироқдир” деган умумий ҳукмга кирадилар. Абу Ҳанифа айтади: “Бундай (яъни жинсий яқинлик туфайли қизлик пардасини йўқотган) қиз бокира ҳукмидадир”. Бироқ ҳатто имомнинг икки шогирди (Абу Юсуф ва Муҳаммад) ҳам унга зид фикр билдирганлар[17].
(2) Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “(Турмушга чиқишга розилигини билиш учун) нутқи эътиборга олинадиган бева аёл ҳалол ёки ҳаром йўл билан бўлишидан қатъий назар жинсий яқинлик қилинган аёлдир[18].

Яна шундай дейди: “Агар қизлик пардаси сакраш, кучли ҳайз кўриш, бармоқ ёки чўп каби бирон нарса воситасида жинсий яқинликсиз йиртилган бўлса, у ҳолда бокира қизлар ҳукмида бўлади[19].

[1] Бухорий (5136), Муслим (1419), Насоий (6/86) ва Термизий (1107) ривоят қилишган.
[2] Қаранг: “Фатҳул Борий” (9/192).
[3] Қаранг: “Ал-муғний” (6/487), “Найлул автор” (6/136) ва Ибнул Мунзирнинг “Ал-ижмоъ” (39-бет) китоби.
[4] Қаранг: “Ал-мажмуъ” (15/58).
[5] “Ҳижобнинг қайтиши” (2/330).
[6] Қаранг: “Найлул автор” (6/137).
[7] “Доимий қўмита фатволари” (18/124), 18734-сонли фатво, Дувайш тартиби.
[8] Қаранг: “Мажмуул фатово” (322/ 22-28).
[9] Қаранг: “Зодул маод” (5/95).
[10] Дорақутний (3/233), Байҳақий (7/117) ва Насоий “Кубро”да (5384) ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар (“Фатҳул Борий”, 9/196) айтади: “Ҳадис ривоятлари бир бирини қўллаб-қувватлайди”.
[11] “Фатҳул Борий”дан (9/193) нақл қилинди.
[12] “Мажмуул фатово” (32/30).
[13] Домий қўмита фатволари (18/130), 18254-сонли фатво, Дувайш тартиби.
[14] “Фатҳул Борий” (9/194).
[15] Бухорий (5138), Абу Довуд (2101), Насоий (6/86) ва Ибн Можа (1873) ривоят қилишган.
[16] “Ал-ижмоъ” (39-бет).
[17] “Фатҳул Борий” (9/193).
[18] “Ал-муғний” (6/494).
[19] “Ал-муғний” (6/494).

Discussion2 fikr

Изоҳ қолдиринг