Али розияллоҳу анҳунинг суннатга нақадар эргашганига мисоллар

0

Амирулмўъминин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаёти давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилиб ўтди. Унинг амалий ҳаёти бунга очиқ далилдир. Қуйида унинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга барча ишларда, катта ва кичик деб ажратмасдан тўла эргашганига айрим мисоллар келтирамиз:

  • Уловга минишда:

Абдурраззоқ ривоят қилади: Менга Али розияллоҳу анҳуни уловга минаётган пайтда кўрган киши хабар беришича, у узангига оёқ қўйган пайтда “Бисмиллаҳ” деди. Эгарга ўрнашиб олгач: “Алҳамду лиллаҳ, субҳаналлазий саххара лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн, ва инна ила роббина ламунқолибуун”, деди (маъноси: Бизларга бу от-уловни бўйсундириб қўйган Зот барча айбу-нуқсондан покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз бизлар Парвардигоримизга қайтувчидирмиз). Сўнг уч марта ҳамд, уч марта такбир айтди. Кейин: “Аллоҳумма ла илаҳа илла анта, золамту нафсий, фағфир лий, иннаҳу ла яғфируз зунууба илла анта” деб дуо ўқиди (маъноси: Эй Аллоҳ, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Мен ўз жонимга зулм қилдим, мени кечиргин, зеро гуноҳларни фақат Сен кечирувчисан). Кейин кулди. “Нега кулаяпсиз эй амирулмўъминин?”, деб сўралганида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдимки, мен қилгандек қилдилар, мен ўқиган дуоларни ўқидилар, сўнг кулдилар. “Нега кулаяпсиз, эй Расулуллоҳ?”, деб сўралганида: “(Парвардигор банданинг сўзларидан хурсанд бўлиб, деди:) “Банданинг иши қизиқ! У: “Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Мен ўз жонимга зулм қилдим, мени кечиргин, зеро гуноҳларни фақат Сен кечирувчисан” деб дуо қилди. У гуноҳларни фақат Аллоҳ кечиришини билади”, дедилар”[1].

  • Тик туриб ва ўтириб сув ичишда:

Ато ибн Соиб Зодондан ривоят қилади: Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу тик турган ҳолда сув ичди. Одамлар унинг бу ишини ёқтирмагандек қарадилар. Шунда у: “Нега бундай қарайсизлар?! Тик туриб ичган бўлсам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тик туриб ичганларини кўрганман. Ўтириб ичган бўлсам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўтириб ичганларини кўрганман”, деди[2].

  • Али Расулуллоҳ қандай таҳорат олганларини таълим беради:

Абду Хайрдан ривоят қилинади: Али розияллоҳу анҳу бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини ўргатди. Аввал ғулом унинг қўлларига сув қуйди ва у қўлларини ювди. Кейин сув идишга қўлини солиб, уч марта оғиз-бурнини чайқади ва юзини ювди. Кейин билакларини икки тирсакларигача уч марта ювди. Сўнг қўлларини ҳўллаб, икки кафти билан бошига бир марта масҳ тортди. Сўнг оёқларини тўпиқларигача уч марта ювди. Сўнг ҳовучида озроқ сув олиб, ичди. Сўнг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай таҳорат қилардилар”, деди[3].

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алини бир неча ишлардан қайтарганлари:

Абдуллоҳ ибн Ҳунайн отасидан ривоят қилишича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени тилла узук тақишдан, ипак аралаштириб тўқилган, заъфарон рангига бўялган кийимлар кийишдан, рукуда Қуръон ўқишдан қайтардилар. Менга ипак қўшиб тўқилган кийимлик мато ҳадя қилгандилар, ўшани кийиб чиқсам: “Эй Али, мен уни кийишинг учун бермагандим”, дедилар. Шундан сўнг мен уни Фотимага олиб кирдим-да, бир четини унинг қўлига ушлатиб, матони йиртиб, иккига бўлдим. Фотима: “Бу нима қилганингиз, қўлингиз тупроққа белансин эй Ибн Абу Толиб?”, деган эди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кийишдан мени қайтардилар. Сен ўзинг кий ва аёлларингга бер”, дедим[4].

  • Гуноҳ ва мағфират ҳақида:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким дунёда бир гуноҳ қилиб, унинг жазосини олган бўлса, Аллоҳ бандасига иккинчи марта жазо беришдан одилроқ зотдир. Ким дунёда бир гуноҳ қилган бўлса-ю, Аллоҳ уни яширган ва афв қилган бўлса, энди У Ўзи афв қилган нарсага яна қайтишдан улуғроқ зотдир”[5].

  • Итоат фақат яхши ишларда:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини бир қўшинга амир қилиб юбордилар. У гулхан ёқиб: “Шу гулхан ичига киринглар!”, деб буюрди. Шунда баъзилар ўтга кирмоқчи бўлдилар, бошқа баъзилар эса: “(Ўтдан (дўзахдан) қочганмиз-ку ўзи!”, деб ўтга киришдан бош тортишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда айтилганда у зот ўтга кирмоқчи бўлган кишиларга: “Агар кирганларингда, то қиёмат ўт ичида қолган бўлардинглар”, дедилар. Наригиларга эса яхши сўзлар айтдилар. “Аллоҳга осийлик бўладиган ишда (ҳеч кимга) итоат қилинмайди, итоат фақат маъруф-яхши ишларда бўлади”, дедилар[6]. Ушбу ҳадис ҳокимларга итоат Аллоҳ ва Расулининг итоатига боғлиқ эканини, мутлақ итоат фақат Аллоҳ ва Расулига бўлишини баён қилади.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига барака тилаб дуо қилганлари:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга йўлга чиқиб, Ҳаррадаги Саъд ибн Абу Ваққосга қарашли сув (қудуқ) бор жойга етиб келдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таҳоратга сув келтиринглар!”, дедилар. Таҳорат қилиб, ўрниларидан турдилар, қиблага юзланиб, такбир айтдилар. Сўнг: “Эй Аллоҳ, Иброҳим Сенинг банданг ва халилинг эди. У Макка аҳлига барака сўраб дуо қилганди. Мен Сенинг банданг ва расулинг Муҳаммадман, Сендан Мадина аҳли учун уларнинг муд ва соъларида (сиғим ўлчовлари) Макка аҳлига барака берганингдек барака беришингни сўрайман. Бир баракага икки барака қўшиб бергайсан”, деб дуо қилдилар[7].

  • Бошга мушкул тушганда ўқиладиган дуо:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бошимга иш тушган пайтда ўқийдиган дуони ўргатдилар: “Ла илаҳа иллаллоҳул ҳалиймул карийм, субҳаналлоҳ, ва табарокаллоҳу роббул аршил азийм, валҳамду лиллаҳи роббил аламийн”[8] (маъноси: Ҳалим ва Карим бўлган бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Аллоҳ барча айбу нуқсондан пок Зотдир, буюк Аршнинг Рабби бўлган Аллоҳ олий ва баракотли Зотдир, ҳамду санолар бутун оламнинг Рабби бўлмиш Аллоҳгадир). Ушбу ҳадис қалбни ёлғиз Аллоҳга боғлашга, Унгагина суяниш ва дуо-илтижо қилишга йўлламоқда. Ғам-ташвиш ва мусибатларни фақат Аллоҳ аритади. Қийин аҳволга тушган кишининг дуосини фақат уни яратган Зот ижобат қилади. Аллоҳдан ўзга паноҳ берувчи йўқдир. Бунда мусулмон кишини ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат Аллоҳга суянишга ўргатиш ва йўллаш бордир.

  • Менга одамлар яшираётган бирон гапни яширинча айтмаганлар:

Абу Туфайлдан ривоят қилинади: Биз Али розияллоҳу анҳуга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга яширинча айтган сирлардан бизга ҳам айтиб беринг”, деган эдик, у: “У зот менга одамлар яшираётган бирон нарсани сир қилиб айтмаганлар. Лекин мен у зотнинг шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ бўғизлаган кимсани Аллоҳ лаънатласин, жиноятчини паноҳига олган кимсани Аллоҳ лаънатласин, ота-онасини лаънатлаган кимсани Аллоҳ лаънатласин, ерга қўйилган белги (чегара)ни ўзгартирган кимсани Аллоҳ лаънатласин”[9]. Аллоҳнинг лаънатидан мурод – Унинг раҳматидан қувилиш ва ҳайдалишдир.

  • Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни яхши кўради:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ ҳар бир ишда ҳалимликни яхши кўрувчи ҳалим Зотдир. У ҳалимликка қаттиққўлликка бермаган (мукофотлар)ни беради”[10].

  • Закотни вақтидан илгари чиқариш:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аббос ибн Абдулмутталиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан закотини вақтидан илгари чиқаришга рухсат сўраган эди, у зот рухсат бердилар”[11].

  • Рамазоннинг охирги ўн кунлигида:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг охирги ўн кунлигида аҳли оилаларини уйғотар ва белларини боғлар эдилар”[12].

[1] Муснади Аҳмад (930).
[2] Муснади Аҳмад (1128), санади ҳасан.
[3] Муснади Аҳмад (876), саҳиҳ лиғойриҳ, санади ҳасан.
[4] Муснади Аҳмад (710), санади ҳасан.
[5] Муснади Аҳмад (1365), исноди ҳасан.
[6] Муснади Аҳмад (724), исноди ҳасан.
[7] Муснади Аҳмад (936), исноди саҳиҳ.
[8] Муснади Аҳмад (701), санади саҳиҳ.
[9] Муснади Аҳмад (855), санади қувватли.
[10] Муснади Аҳмад (902).
[11] Муснади Аҳмад (822), санади ҳасан.
[12] Муснади Аҳмад (1116), исноди ҳасан.

Изоҳ қолдиринг