Намоздаги макруҳ амаллар боби (1)

0

Усулул фиқҳ уламолари наздида макруҳ қилмаган одам савоб оладиган, қилган одам гуноҳкор бўлмайдиган амал.

Намоздаги макруҳ амаллар намознинг мукаммаллигига путур етказади, бироқ уни бузмайди. Намоздаги макруҳ амаллар кўп. Муаллиф роҳимаҳуллоҳ улардан қуйидаги икки ҳадисда келганларинигина зикр қилган.

Эллигинчи ҳадис

 

عَنْ عائِشَةَ رضي الله عنها: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: ((إذَا أُقِيمَتْ الصَّلاةُ وَحَضَرَ الْعَشَاءُ فَابْدَءُوا بِالْعَشَاءِ)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар намозга иқомат айтилган пайтда кечки таом дастурхонга қўйилса, дастлаб кечки таомдан бошланглар” [Бухорий: 5465 ва Муслим: 557] Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳам шу мазмунда ҳадис ривоят қилинган.

Шарҳ:

Дарҳақиқат, банда намозда хокисорлик билан ўзини паст олиб, фикри-зикри жамланган ҳолда туриши талаб қилинган. Чунки бу намознинг руҳи ҳисобланади. Намознинг тўкис ёки ноқислиги мазкур ишларнинг унда қай даражада бўлиш-бўлмаслигига қараб ўлчанади. Таом ёки ичимлик даструхонга қўйилган пайтда намоз вақти кириб қолса ёки жамоат намозига иқомат айтилса, еб-ичишдан бошлаш лозим. Токи намозхоннинг қорни тўйиб, фикру хаёли еб-ичишга бўлинмасин ва қалби намознинг мағзи бўлган хушуъ-хокисорликдан холи бўлмасин.  Бу қачонки намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлмаса, албатта. Борди-ю, намоз вақтининг чиқиб кетиш ёки макруҳ вақтга кириб қолиш хавфи бўлса, у ҳолда дастлаб намозни ўқиб олиш лозим бўлади. Негаки, мустаҳаб амал вожиб амални тарк қилишга сабаб бўлолмайди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Овқат ва ичимлик дастурхонга қўйилган пайтда намоз вақти кириб қолса, модомики, намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлмаса, аввал еб-ичиб олинади. Акс ҳолда, нима бўлган тақдирда ҳам дастлаб намоз ўқиб олинади.

2 – Ҳадиснинг зоҳиридан бу ҳукмда таомга эҳтиёжи бор ёки йўқ одам бирдек экани тушунилади. Лекин кўпчилик уламолар шариатнинг мақсад-ғояларидан тушунган иллат – сабабга биноан бу ҳукм еб-ичишга эҳтиёжи бўлган одамгагина хос, дейишган.

3 – Дастурхонга овқат қўйилиши қорни оч одам учун жамоат намозига чиқмасликка узр бўлади. Бироқ доимий суратда овқатланиш пайтини намоз ўқиладиган вақтга тўғирлаб олмаслик шарти билан.

4 – Банда Раббига фикри-зикри жамланган ҳолда муножат қилиши учун ундан намозда хокисорлик билан туриши ва хаёлини чалғитадиган нарсалардан холи бўлиши  талаб қилинади.

Изоҳ қолдиринг