Илоҳий суннатларни англаш учун ер юзида сайр қилиш (4)

0

Аллоҳнинг китобида илоҳий суннатлар – қонун-қоидалар тилга олинган оятлар бениҳоят кўп бўлиб, бу қонун-қоидалар фақат “суннатлар” сўзи билангина ифода қилинмаган. Балки Қуръонда илоҳий қонун-қоидалар маъноси кўп ўринларда зикр қилинган. Айниқса, пайғамбарлар билан уларнинг қавмлари ўртасида бўлиб ўтган қиссаларни зикр қилиш олдидан ёки мазкур қиссалар сўнгида албатта илоҳий қонун-қоидаларга ишора қилиб ўтилган. Ана шундай маънони ифода этувчи сўзлардан бири Аллоҳнинг ўтган умматлар бошига солган кўргиликлари маъносини англатувчи “Айёмуллоҳ” иборасидир.

Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссалом тўғрисида шундай дейди: “Дарҳақиқат, Биз Мусони (Бани Исроил қавмига) Ўз оятларимиз билан юбориб (унга дедик): “Қавмингни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиққин ва уларга “Айёмуллоҳ”ни эслатгин! Албатта, унда ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилгувчи киши учун оят-ибратлар бордир” [Иброҳим: 5].

“Айёмуллоҳ” (сўзма-сўз маъноси “Аллоҳнинг кунлари”) – Аллоҳ ўтган умматлар бошига солган воқеа-ҳодисалар ва улардан интиқом олган кунлар[1].

Аллоҳнинг илоҳий суннатларини изоҳлайдиган “Айёмуллоҳ” фақат ўтмишга тегишли бўлибгина қолмай, балки ҳозирги кунимизга ҳам, келажакка ҳам тегишлидир. Узоқ ўтмишда илоҳий суннатларга доир воқеа-ҳодисалар бўлиб ўтганидек, улар биз яшаб турган ҳозирги кунимизда ҳам, шунингдек, келажакда ҳам содир бўлаверади.

Аллоҳ таоло бандаларни ер юзида сайр этиб, ўтган умматларнинг аҳволидан ибрат олишга буюриши ҳам Қуръони Каримда илоҳий суннатлардан ибрат олиш маъносида келган оятлардан саналади.

Дарҳақиқат, ер юзини кезишга буюриш ва унга даъват қилиш Қуръони Каримнинг бир қанча жойларида зикр қилинган. Жумладан:

Аллоҳ таоло айтади: “Ахир улар (яъни Макка мушриклари) ер юзида сайр қилиб-айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун ақл юритадиган диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги қалблар кўр бўлур” [Ҳаж: 46].

Ушбу ояти каримада Нуҳ қавми, Од ва Самуд қавми, Иброҳим қавми, Лут қавми, Мадян аҳолиси, Мусо қавми ва золим ҳолларида ҳалок қилинган қишлоқлар аҳолисининг пайғамбарларни ёлғончига чиқаришгани тўғрисида сўз юритилгач, Аллоҳ таолонинг махлуқотларига оид илоҳий суннатларидан бири тўғрисида сўз юритилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Ахир улар ер юзида сайру саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни ёлғончи қилиб иймонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўша (ҳалок бўлган кимсалар) булардан (яъни Макка кофирларидан) кўра кучлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ҳайдаб (яъни экинзорларга айлантириб),  обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганларида, (у пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, ҳалок бўлдилар). Бас, Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади,  лекин улар (ҳақ йўлига юришдан бош тортишлари билан) ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар” [Рум: 9].

Мазкур ояти карима одамларни ер юзида сайр қилишга, улардан олдинги халқларнинг оқибатлари, уларда мавжуд бўлган куч-қудрат, улардан нишона бўлиб қолган қолдиқлар ва осори-атиқалар тўғрисида тафаккур қилишга тарғиб қилади. Дарҳақиқат, олдинги умматларга пайғамбарлар очиқ-ойдиқ ҳужжатлар билан келишган, Аллоҳ уларга зулм қилмаган, балки уларнинг ўзлари тўғри йўлдан юришдан бош тортишлари сабаб ўзларига зулм қилган эдилар. Аллоҳ таолонинг махлуқотларига оид илоҳий суннатларидан бири бўлмиш “ғалаба ва мағлубият галма-галлиги” суннати зикр қилингач, ортидан ушбу оят келади. Бу сурада ернинг энг паст нуқтасида Румнинг мағлубиятга учраши ва бир неча йиллар ўтиб мағлубиятдан сўнг ғалаба қозонишлари тўғрисида сўз юритилади. Чунки ишларнинг барчаси аввали-охир Аллоҳга хос ва Унинг қўлидадир. Кофирлар ер юзини ҳарчанд моддий жиҳатдан обод қилмасинлар, турли-туман иншоотлар қурмасинлар, модомики Аллоҳни унутсалар, зулм қилсалар Аллоҳнинг илоҳий суннати уларни буткул ҳалок қилишни, давлатларини яксон қилишни тақозо қилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар”, (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша умматлар) орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек,  залолатга ҳақли бўлган кимсалар ҳам бўлган. Бас, ер юзида сайру саёҳат қилиб, (Ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар” [Наҳл: 36].

Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг мушриклар сўзига берган жавобидан кейиноқ зикр қилинади. Мушриклар агар Аллоҳ хоҳламаганида ўзлари ҳам, ота-боболари ҳам Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаган, шунингдек, Унинг изнисиз бирон нарсани ҳаромга чиқармаган бўлишларини айтишади. Аллоҳ таоло уларнинг бу гапига жавоб берар экан, уларга қарши ҳужжат қойим бўлиши учун пайғамбарларини юборгани, улар ҳеч қандай чигаллик ёки махфийлик қолдирмайдиган таъбир билан Аллоҳга ибодат қилиш ва тоғутлардан четланишга буюрганини айтади. Пайғамбарлар келгач, одамлар икки гуруҳга бўлиниб қолдилар: бир гуруҳни Аллоҳ таоло пайғамбарларга эргашишга ҳидоят қилган бўлса, бир гуруҳ эса қайсарлиги, пайғамбарларни ёлғончига чиқаргани, кофирлиги ва ҳидоятдан юз ўгиргани боис залолатга ҳақли бўлди. Шунинг учун оят фақат ота-боболарининг сўзига эргашиб, пайғамбарлар даъватидан юз ўгирган осий қавмларнинг ҳалокат асоратлари тўғрисида тафаккур қилишга буюрди.

Бундан бошқа ҳам талай оятлар мавжудки, улар ер юзида сайру саёҳат қилишга буюради ва чорлайди. Бу оятлар айни пайтда ўтган умматларда юз берган илоҳий суннатлар моҳиятини кашф этиш, улардан бугунги кунимиз учун ибрат олиш ва улар орқали келажакни тахмин қилишга ундайди.

(Давоми бор)

[1] “Тафсирул Қуртубий” (9/342).

Изоҳ қолдиринг