Али розияллоҳу анҳунинг ҳижрат ва Аҳзоб ғазоти оралиғидаги фаолиятидан

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб ўрнашганларидан сўнг исломий давлат устунларини мустаҳкамлашга киришдилар. Дастлаб муҳожирлар билан ансорларни биродарлаштирдилар, сўнг масжид бино қилдирдилар, яҳудлар билан ўзаро битимлар туздилар, атрофга сарийялар (қўшинлар) юбора бошладилар, янги жамиятда иқтисод ва таълим-тарбия соҳасида бунёдкорлик ишларига аҳамият қаратдилар. У зотнинг барча фаолиятларида Али розияллоҳу анҳу доим ёнларида, хизматларига камарбаста бўлиб турарди.

Сарийялар ҳаракати

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчилигида Мадинада мустаҳкам қарор топишлари билан тез орада давлатнинг ҳайбатини ичкарида ва ташқарида ёйиш, мусулмонларга қасд қилаётган айрим қабилаларнинг кўзини очиб қўйиш ва бадавийларнинг попукларини пасайтириб қўйиш мақсадида сарийялар юбориш ҳаракатлари бошланиб кетди. Бу билан у зот асҳобларини келгусида юз беражак катта урушларга тайёргарлик устида тарбиялашни ва келажакдаги улкан фатҳлар учун тажрибали қўмондонларни етиштириб чиқаришни мақсад қилгандилар. Бадр ғазотидан олдин ва кейин бўлиб ўтган ушбу сарийяларнинг аксарида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам иштирок этди. Қуйида улардан айримларини айтиб ўтамиз:

  • Ушайра ғазоти:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг Шомга йўл олган карвонига қарши ғазотга отландилар, ушбу карвоннинг Маккадан чиққани ҳақида хабар келган эди. Мадинага Абу Салама ибн Абдуласад ал-Махзумийни бош қилиб кетдилар. Зул-ушайра деган жойга етганларида карвон бир неча кун олдин ўтиб кетгани маълум бўлди. Бу – Шомдан қайтишида мусулмонлар унинг йўлига чиққан ва катта Бадр ғазотига сабаб бўлган карвон эди.

Ибн Исҳоқнинг сўзларига қараганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлга чиқишлари жумодул-улонинг охирларида, қайтишлари эса жумодул-охиранинг бошларида бўлди.

Ушбу сафарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Мудлиж ва уларнинг иттифоқчилари Бану Зомра қабилалари билан урушмаслик ҳақида битим туздилар. Кейин жангсиз Мадинага қайтдилар[1].

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ўзининг ушбу ғазотда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан бирга иштироки ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Зул ушайра ғазотида мен Алига ҳамроҳ бўлгандим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дам олишга тушган жойларида Бану Мудлиж қабиласидан бўлган бир неча киши хурмоларини суғориб юришган экан. Али менга: “Эй Абу Яқзон, истайсанми, бориб, анавиларнинг ишларини кузатамиз”, деди. Сўнг биз улар яқинига бориб, ишлашларини кузатиб ўтирдик. Сўнг бизни уйқу босиб, Али билан иккимиз бир хурмо тагида тупроқли юмшоқ ерга чўзилиб, ухлаб қолдик. Бир вақт қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни оёқлари билан туртиб уйғотаётган эканлар. Тупроқли жойда ётганимиз учун устимиз тупроққа беланган эди. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибни устида тупроқ кўриб: “Эй Абу Туроб” (Тупроққа беланган), деб чақиргандилар. Сўнг у зот: “Сизларга энг бадбахт икки инсон ҳақида айтиб берайми”, деб сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтиб беринг, эй Расулуллоҳ”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бири Солиҳ алайҳиссалом туясини сўйган қизғиш башарали кимса, иккинчиси – эй Али – сенинг мана бу ерингга (тиғ) урадиган кимса, – деб қўлларини Алининг бошига қўйдилар ва: – ундан мана бу (қонга) беланади”, – деб соқолига ишора қилдилар[2]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алини бошқа муносабатларда ҳам Абу Туроб деб чақирганлари ривоят қилинган, бу ҳақда ўз ўрнида айтилади.

  • Биринчи Бадр ғазоти:

Ҳижрий 2 йил рабеул-аввал ойида Курз ибн Жобир ал-Феҳрий бошлиқ мушрикларнинг кичик бир гуруҳи Мадина яйловларига босқин уюштириб, чорва молларидан бир қисмини ҳайдаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етмиш киши ҳамроҳлигида унинг ортидан қувиб чиқдилар ва Бадр тарафдаги Сафавон водийсигача бордилар. Бироқ Курзнинг гуруҳини топа олмай, жангсиз қайтдилар. Бу ғазот биринчи Бадр ғазоти деб аталади.

Ушбу ғазотларида Мадинага Зайд ибн Ҳорисани бошлиқ қилиб қўйиб кетдилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу кўтариб олганди[3].

  • Бадр ғазоти:

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Муаррихлар Али розияллоҳу анҳунинг Табукдан ташқари барча ғазотларда, шунингдек Бадр ғазотида ҳам иштирок этганига иттифоқ қилганлар ва бир қанча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни унга берганини айтганлар”[4].

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Бадр ғазотида қатнашган мужоҳидлардан эди. Ушбу ғазотдаги воқеалар ҳақида унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрдан кўз-қулоқ бўлиб тургандилар. Мушрикларнинг келаётгани хабари келгач, у зот Бадрга қараб қўшин тортдилар. Бадр қудуқ номи эди. Биз унга мушриклардан олдин етиб бордик. У ерда мушриклардан икки нафарини учратдик, бири қурайшлик бир киши, яна бири Уқба ибн Абу Муайтнинг мавлоси (озод қилган қули) эди. Қурайшлик қочиб кетди, Уқбанинг мавлосини қўлга туширдик. Ундан: “Қавмнинг сони қанча?”, деб сўрадик. У: “Худо ҳаққи, улар жуда кўпчилик ва ўта қудратли”, деб жавоб берди. Яна сўрасак, яна шундай жавоб бергач, мусулмонлар уни ура бошладилар. Сўнг уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб келдилар. У зот ундан: “Қавмнинг сони қанча?”, деб сўрадилар. У: “Худо ҳаққи, улар жуда кўпчилик ва ўта қудратли”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан уларнинг аниқ сонини айтишни талаб қилдилар, бироқ у айтишдан бош тортди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кунига нечтадан туя сўйишяпти?”, деб сўраган эдилар, у: “Ҳар куни ўнтадан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қавм минг кишидан иборат экан. Битта туя юз кишига етади”, дедилар. Тунда шаррос ёмғир қуйиб ўтди. Биз дарахтлар ва қалқонларимиз билан ёмғирдан паналандик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунни Раббиларига дуо-ю илтижо билан ўтказдилар. У зот дуоларида: “Эй Раббим, агар бугун бу жамоа ҳалок бўлса, Сенга ибодат қилинмай қўйилади”, дер эдилар. Тонг отгач, намозга чорладилар. Одамлар дарахтлар панасидан келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга имом бўлиб намоз ўқидилар, сўнг жангга тарғиб қилиб сўзладилар. Сўнг: “Қурайш мана бу силлиқ тошли қизил тепалик остига жамланади”, дедилар. Душман яқин келган ва жангга саф тортиб турган пайтимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар орасида нималардир деб, айланиб юрган қизил туяли бир кишига кўзлари тушди. “Эй Али, Ҳамзани чақир!”, дедилар, у мушрикларга яқинроқ ўринда эди, сўнг: “Қизил туя эгаси ким, у уларга нималарни гапириб юрибди?”, деб сўрадилар. Сўнг: “Агар қавм ичида яхшиликка буюрувчи бирон киши бўлса, шу қизил туя эгаси бўлади, деб ўйлайман”, дедилар. Ҳамза келиб, у кимсанинг Утба ибн Рабеа эканини, у одамларни жангдан қайтараётганини ва уларга хитоб қилиб: “Эй одамлар, мен ўлимга тик боқувчи қавмни кўрмоқдаман, сизлар улар билан олишиб, ҳеч нарсага эришолмайсизлар. Ортингизга қайтинглар. Майли, мени қўрқоқ деб атанглар, аслида менинг қўрқоқлардан эмаслигимни яхши биласизлар”, деяётганини айтди. Абу Жаҳл Утбанинг сўзларини эшитгач: “Ҳали сен шу гапни айтаяпсанми?! Қасамки, агар сендан бошқа биров шундай деганида, отасининг фалон нарсасини оғзига солиб қўйган бўлардим. Сенинг қўрқувдан ўпканг шишиб кетибди!”, деди. Утба унга: “Сен мени уялтирмоқчи бўлдингми ҳали, ҳой кетида ҳуштак чаладиган?! Мен қўрқоқми, сенми, бир оздан сўнг билиб оласан!”, деди. Сўнгра Утбанинг ҳамияти қўзиб, иниси Шайба ва ўғли Валид ҳамроҳлигида ўртага чиқиб келиб, яккама-якка олишувга талабгор чорлади. Уларга ансор йигитларидан олтитаси талабгор бўлиб чиқди. Утба уларни рад қилди ва ўз уруғларимиз бўлмиш Бану Абдулмутталибдан талабгор истаймиз, деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Убайда ибн Ҳорис, сиз туринг! Эй Ҳамза, сиз туринг! Эй Али, сиз туринг!”, дедилар. Сўнг Аллоҳ таоло Утба, Шайба ва Валидни ҳалок қилди, Убайда жароҳат олди. Шу куни улардан етмиш кишини ўлдирдик, етмиштасини асир олдик. Ансорлардан паст бўйли бир киши Аббос ибн Абдулмутталибни асирга тушириб олиб келди. Шунда Аббос: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мени бу одам асир олмади, мени асирга туширган одам ялтирбош, гўзал юзли, чавкар от минган киши эди, уни бу ерда кўрмаяпман”, деди. Ансорий: “Уни мен асир олдим, ё Расулуллоҳ” деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жим бўл, Аллоҳ сени улуғ фаришта билан мададлади”, дедилар. Биз Бану Абдулмутталиб уруғидан Аббос, Ақил ва Навфал ибн Ҳорисни асирга олдик[5].

[1] Ибн Саъд, “Табақот” (2/10).
[2] “Фазоилус саҳоба” (2/855).
[3] “Сийра Ибн Ҳишом” (2/601). Заҳабий, “Тарихул ислом” (2/48).
[4] “Таҳзибул асмо вал луғот” (1/245).
[5] Муснади Аҳмад (948), санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг