Фарзанд отаси ёки онасига ўхшашининг сабаби

0

Савол:

Фарзанд гоҳида отага, гоҳида эса онага ўхшайди. Шариатимизда фарзанд нима сабабдан ота-онанинг қай бирига кўпроқ ўхшаши ҳақида бирон бир фикр борми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Фарзанд ўғил ёки қиз бўлиши ҳамда отаси ёки онасига ўхшашлиги тўғрисида қуйидаги ҳадислар келган:

Биринчи ҳадис: Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар аёлнинг уруғи эркакнинг уруғидан устун келса, фарзанд тоғаларига ўхшайди. Агар эркакнинг уруғи аёлнинг уруғидан устун келса, фарзанд амакиларига ўхшайди” – деганлар (Муслим (314) ривояти).

Иккинчи ҳадис: бу ҳадис Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Эркакнинг уруғи оқ, аёлники эса сариқ бўлади. Эр-хотин яқинлик қилганида эркакнинг уруғи аёлнинг уруғидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила фарзанд ўғил бўлади. Агар аёлнинг уруғи эркакнинг уруғидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила фарзанд қиз бўлади” (Муслим (315) ривояти).

Юқоридаги ҳар иккала ҳадисда ҳам эркак билан аёлнинг уруғи бир-биридан устун келиши айтилган. Лекин биринчи ҳадисга кўра, бу устунлик натижасида бола ўғил ёки қиз бўлиши, иккинчи ҳадисда эса амаки ёки тоғаларига ўхшаши айтилган. Сиртдан қараганда бир-бирига қарама-қарши бўлиб кўринган бу икки ҳадисни мувофиқлаштириш мақсадида уламоларимиз турлича фикр билдирганлар. Хулоса ўрнида Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтиришни маъқул деб топдик. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен айтиб ўтган фикр, яъни Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисидаги устунликни (уруғнинг биринчи ажралиб чиқиши деб) таъвил қилиш тўғрироқдир. Савбон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида айтилган устунлик эса асл маъносида қолади. Шунга кўра, уруғнинг биринчи ажралиб чиқиши фарзанднинг ўғил ёки қиз бўлишига, серуруғлик эса фарзанд кимга ўхшашига сабаб бўлади. Ана шунда ишкал бартараф бўлади. Фарзанд кимга ўхшашига сабаб бўладиган серуруғлик бир томоннинг уруғи иккинчи томоннинг уруғидан кўп бўлиши, бинобарин, бўлажак фарзанднинг серуруғ томонга ўхшаши назарда тутилган кўринади. Шундай қилиб бунинг олти кўриниши бор:

1) Эркакнинг уруғи биринчи ажралиб чиқади ва аёлникидан кўп бўлади. Шунда фарзанд ўғил ва отага ўхшаш бўлади;

2) Аёлнинг уруғи биринчи ажралиб чиқади ва эркакникидан кўп бўлади. Шунда фарзанд қиз ва онасига ўхшаш бўлади;

3) Эркакнинг уруғи биринчи ажралиб чиқади, лекин аёлнинг уруғи эркакникидан кўп бўлади. Шунда фарзанд ўғил ва онага ўхшаш бўлади;

4) Аёлнинг уруғи биринчи ажралиб чиқади, лекин эркакнинг уруғи аёлникидан кўп бўлади. Шунда фарзанд қиз ва отага ўхшаш бўлади;

5) Эркакнинг уруғи биринчи ажралиб чиқади ва уруғлар тенг бўлади. Шунда фарзанд ўғил бўлиб, ота-онанинг айнан бирига ўхшамайди;

6) Аёлнинг уруғи биринчи ажралиб чиқади ва уруғлар тенг бўлади. Шунда фарзанд қиз бўлиб, ота-онанинг айнан бирига ўхшамайди” (иқтибос тугади).

Юқоридаги ҳадисдан, шунингдек, уламоларимизнинг бу ҳадислар шарҳида айтган сўзларидан шуни билиб оламизки, фарзанднинг ота-онанинг  қай бирига кўпроқ ўхшаши кимнинг уруғи кўп бўлишига боғлиқ бўлади, валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг