Нажосат теккан оёқ кийим ва этакни тозалаш

0

(3) Нажосат теккан оёқ кийимни тозалаш:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар биронтангиз оёқ кийими билан нажосатни босиб олган бўлса, тупроқ уни тозаловчидир[1].

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар биронтангиз масжидга келса, оёқ кийимини ағдариб қарасин. Агар унда бирон нажосатни кўрса, уни ерга ишқалаб, сўнг у билан намоз ўқийверсин[2].

Мазкур ҳадислар шунга далолат қиладики, нажосат теккан оёқ кийим ёки маҳсини тозалаш учун уни тупроққа ишқалаш ва ундаги нажосат асоратини кетказиш кифоя.

(4) Нажосат теккан кийим этагини тозалаш:

Аёл киши баданидан бирон жойи кўриниб қолмаслиги учун узун кийим кийиши вожибдир. Баъзан кийимининг этагига ердаги нажосатлар тегиши мумкин. Шундай ҳолатларда нима қилиш лозим?

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда, бир аёл Умму Салама розияллоҳу анҳога шундай дейди: “Мен куйлагимнинг этаги узун бўлган ҳолимда нопок жойлардан юришимга тўғри келади. Этагимга теккан нажосат нима бўлади?”. Умму Салама унга деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: Кийимнинг этагига теккан нажосатни (нопок ердан) кейинги (пок) ер тозайди[3]. Мазкур ҳадисга биноан, этагига нопок ердан нажосат теккан аёл ундан кейин пок ерда юриши этагидаги нажосатни тозалайди.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (385) ривояти. Шайх Албоний “Мишкотул масобийҳ”да (503) саҳиҳ деган.
[2] Саҳиҳ. Абу довуд (650) ва Аҳмад (3/92) ривоят қилишган. Қаранг: “Саҳиҳул жомеъ” (461).
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (383), Термизий (143) ва Ибн Можа (531) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг