Насроний билан суҳбат

0

Исонинг ҳам, бошқа пайғамбарларнинг ҳам рисолати тавҳидга (яккахудоликка) чақириш эди

Савол:

Сизлар нима учун ҳақиқатга тик боқмайсизлар, Исони Худонинг ўғли демасдан, пайғамбар деб айтасизлар?! Ахир Исо Худонинг ёлғиз ўғли ва бу мутлақ ҳақиқат-ку!

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ…

Савол учун ташаккур, сиз бу саволингиз билан ўзаро суҳбатлашиш ва фикр алмашишга имконият яратиб бердингиз, барчамиз билишга муҳтож бўлган масаланинг ҳақиқати теварагида инсоф доирасида баҳс-мунозара олиб боришга, сўнг шу пайтгача фикрларимиз ва эътиқодларимиз нечоғли хилма-хил бўлган бўлмасин, ҳақиқат зоҳир бўлгач, унга эргашишга қулай фурсат туҳфа этдингиз. Зотан, ҳақни билиш ва унга эргашиш билангина хато ва гуноҳларимиздан қутуламиз. Сизларнинг муқаддас китобингизда айтилгани каби: “Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади” [Юҳанно: 8/32]. Келинг, сиз билан муқаддас китобингиз айтгани каби (унинг ўзгартириб, бузиб юборилган эканига кўз юмган ҳолда) ҳақиқатни билишга уриниш мақсадида қисқагина суҳбатлашамиз.

Исо Масиҳ алайҳиссалом келтирган даъват Масиҳнинг ва бутун оламнинг Рабби бўлган ягона Аллоҳнинг ибодатига чақириш бўлган:

Абадий ҳаётга эга бўлиш учун Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак” [Юҳанно: 17/3].

Шунда бошлиқлардан бири Исодан сўради: «Валинеъмат Устозим, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?». Исо унга жавобан деди: «Нега менга валинеъмат деб мурожаат қиляпсиз? Ягона Аллоҳдан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас!” [Луқо: 18/18, 19].

Кейин Иблис уни баланд бир тоққа олиб чиқиб, бир лаҳзада дунёнинг барча мамлакатларини кўрсатди-да, шундай деди: “Бу шоҳликларнинг устидан бутун ҳокимиятни ва уларнинг ҳашаматини сенга бераман. Зеро бу ҳокимият менга берилган ва мен уни кимга хоҳласам, шунга бераман. Агар менга сажда қилсанг, буларнинг барчаси сеники бўлади”. Исо унга жавобан деди: “Даф бўл, эй шайтон! Муқаддас Ёзувларда: “Тангринг бўлмиш Худога сажда қиласан ва фақат Унга ибодат қиласан”, дейилган” [Луқо: 4/5-8].

Тавҳид – Аллоҳни ягона ҳақ илоҳ деб эътиқод қилиш Исо Масиҳ келтирган энг буюк таълимот эди. Барча пайғамбарларнинг энг буюк таълимоти ҳам шу эди:

Ўша ердаги уламолардан бири уларнинг мунозарасини ва Исонинг саддуқийларга яхши жавоб берганини эшитиб, Исога яқинлашди ва ундан: «Қайси амр барча буйруқлар ичида энг муҳими ҳисобланади?», деб сўради. Исо унга шундай жавоб берди: «Энг муҳим амр: “Тингла эй Исроил, Аллоҳимиз Яҳова — ягона ҳақ илоҳдир. Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун онгинг ва бутун куч-қувватинг билан сев”. Иккинчи амр эса: “Яқин кишингни ўзингни севгандай сев”. Бу икки амрдан муҳимроқ амр йўқ». Уламо унга шундай деди: «Сиз ҳақсиз, Устоз. Сизнинг: “Аллоҳ ягонадир ва Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ” деган сўзларингиз айни ҳақиқатдир. Тўғри, Худони бутун қалб, бутун онг ва бор куч билан севиш керак. Шунингдек, яқин кишини ўзини севгандай севиш лозим. Бу эса куйдириладиган ва сўйиладиган ҳар қандай қурбонликлардан афзалроқдир». Шунда Исо у кишининг оқилона жавоб берганини кўриб: «Сиз Худонинг шоҳлигига (раҳматига) яқинсиз», деди. Шундан кейин Исога ҳеч ким савол беришга журъат этмади” [Марк: 12/28-34].

Бу икки амр фақат Исроилга ё унинг халқига хос деб ўйламанг! Йўқ, бу шариатнинг ва барча пайғамбарлар таълимотининг асл-асосидир. Ушбу икки амр “Матто” Инжилида ҳам шунга яқин ибораларда келади, ортидан: “Таврот шариати ва пайғамбарлар таълимотлари ушбу иккита амрга асосланган”, дейилади [Матто: 22/40].

Айни шу тавҳид барча пайғамбарларнинг рисолатидир.

Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: “(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз” [Анбиё: 25].

 Исос Масиҳ унга чақирган ва унга қарши чиқишдан огоҳлантирган асл-асос ҳам айни шудир. Аллоҳ таоло айтади: “«Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, парвардигорим ва парвардигорин­гиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!», деган. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилгай ва борар жойи дўзах бўлгай. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас” [Моида: 72].

Барчамиз унда якдил бўлишимиз ва иттифоқ қилишимиз керак бўлган асл-асос шудир. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад): “Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлармиз — ягона Аллоҳга итоат қилувчилармиз», деб айтингиз!” [Оли Имрон: 64].

Барча пайғамбарлар келтирган ва сизларнинг муқаддас китобингизда ҳам очиқ айтилган, хусусан Тавротда эътироф этилган тавҳид ақидаси билан сизлар эътиқод қиладиган “учлик”дан иборат ақидани бирлаштиришга муваффақиятсиз уринишлар ҳақиқий насронийликка бегонадир.

 “Америка энциклопедияси” илмий оммабоп нашрида шундай дейилади: “Тавҳид (яккахудолик) ақидаси – диний таълимот сифатида – эски тарих давридан бошланган. Дарҳақиқат, бу ақида масиҳийликдаги “учлик” ақидасидан кўп йиллар муқаддам ўртага чиққан. Масиҳийлик яҳудийлик динининг давомчиси, яҳудийлик эса айни тавҳидни тамсил этувчи диндир. Масиҳ издошларининг илк собори (йиғилиши) бўлиб ўтган Ўршалим (Қуддус)дан бошланиб, (325 мелодийда Исо Масиҳнинг аслида ва азал-абадда Аллоҳ билан тенглиги ҳақидаги эътиқод расман қабул қилинган) Никеядаги Бутун Жаҳон Христиан Соборигача етиб келган йўлни мутлақ тўғри йўл деб айтиб бўлмайди. Тўртинчи мелодий асрда расман қабул қилинган учлик (учхудолик) ақидаси Худо тўғрисидаги илк масиҳий таълимотни ўзида акс эттирмайди, аксинча бу таълимотдан оғиш саналади. Шу боис у тоза тавҳид (яккахудолик) ақидасига зид эътиқод ўлароқ ривожланди” (27/294).

Сизларнинг “учлик”ка асосланган эътиқодингиз ақлга ҳам, соф табиатга ҳам, зеҳнга ҳам тўғри келмайдиган чигал эътиқоддир. Қизиғи, уни ўзларингиз ҳам тушунмайсизлар. Ундан ҳам қизиқроғи, тушуниш имконсиз нарсага иймон келтиришга чақирасизлар.

Бизнинг ақидамиз очиқ-равшан, тушунарли эътиқоддир. Бу ақиданинг ҳақлиги келажакда, еру осмонлардаги сир-синоатларнинг пардалари очилиб боргани сари яна ҳам аниқроқ очилиб бораверади, деб умид қиламиз.

Келажакда, қиёмат кунида сизларга ҳам ҳақиқат бизга бугун аён бўлганидек аён бўлади. У куни Аллоҳ пайғамбарларни йиғиб, уларни ўз халқлари устида гувоҳ қилади. Аллоҳ таоло айтади:

“Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат ва ҳикмат эгасидирсан». Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни қиёмат куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага қодирдир” [Моида: 116-120].

Аллоҳ билувчироқ.

Мақола IslamQA (Ислом: савол ва жавоб) саҳифасидан таржима қилинди.

 

Изоҳ қолдиринг