Усмон розияллоҳу анҳу: Давлат бошқарувидаги асосий манбалар

0

Усмон Зуннурайн ўзининг давлат бошқарувидаги асосий манбаси Аллоҳнинг китоби, Пайғамбарининг суннати ва ўзидан олдинги икки халифанинг йўлларига эргашиш эканини эълон қилиб: “Билиб қўйинглар, мен эргашувчиман, (динда) янгилик пайдо қилувчи эмасман. Билиб қўйинглар, менинг зиммамда Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг Суннатидан кейин сизларнинг учта ҳақингиз бор: сизлар иттифоқ қилган ва йўл тутган ишларда ўзимдан олдингиларнинг йўлларига эргашиш…”, деди[1].

  • Биринчи манба: Аллоҳнинг Китоби

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик” [Нисо: 105]. Аллоҳнинг Китоби ҳаётнинг барча жабҳаларига тегишли шаръий ҳукмларни, одамзот ҳаётини ислоҳ қиладиган асосий йўлланмалар ва қатъий ҳукмларни ўз ичига олган.

  • Иккинчи манба: Пайғамбар суннати

Исломнинг асосий манбаларидан иккинчиси суннати мутаҳҳара бўлиб, исломий дастур ўз асл-асосларини ундан олади, у орқали Қуръон ҳукмларининг татбиқий ва ижроий кўриниши билинади.

  • Аввалги икки халифага эргашиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мендан кейинги икки кишига – Абу Бакр ва Умарга эргашинглар!”, деганлар[2].

Зуннурайннинг бошқаруви шариатга бўйсунди, унда ислом шариати барча тартиб ва қонунлардан устун бўлди. Исломий жамиятда шариат қонунлари барча учун баробар бўлиб, унга ҳоким ҳам, маҳкум ҳам бирдек бўйсунади. Халифага итоат унинг Аллоҳга итоатига қараб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Гуноҳ ишларда итоат қилинмайди, итоат фақат маъруф-яхши ишлардадир[3].

Давлатни шариат бошқариши исломий халифалик давлатининг асосий хусусиятларидан биридир. Рошид (тўғри йўлдаги) халифалик ҳукумати бошқа ҳукуматлардан бир неча хусусиятлари билан ажралиб туради. Жумладан:

Ҳукуматнинг (яъни халифанинг) ихтисоси умумий, яъни у диний ва дунёвий ишларни бирдек такомиллаштириш вазифасини бажаради;

Халифалик ҳукумати шариат ҳукмларини ижро қилишга мажбур;

Халифалик ислом оламининг бирлигини қарор топтиради.[4]

  • Умматнинг халифани муҳокама қилиш ҳаққи:

Шубҳасиз, халифанинг ҳукмронлиги мутлақ эмас, балки икки қайдга чекланган:

Биринчиси: Қуръон ва Суннатда келган очиқ далил-ҳужжатга зид келмаслиги, бошқарувда тутган йўли шариат руҳи ва мақсадларига мувофиқ бўлиши;

Иккинчиси: Ислом уммати иттифоқ қилган нарсаларга хилоф бўлмаслиги ё уммат иродасига қарши чиқмаслиги.

Бунга асос шуки, халифа умматдан ноибдир, ўз ҳукмронлигини умматнинг қўлловидан олади, ҳукмронлиги чегараларини белгилашда умматга қайтади. Уммат халқ манфаатидан келиб чиқиб ва Аллоҳнинг амру фармонларини ўз ўрнига келтиришга кафолат ўлароқ, ўзи тўғри деб кўрган ишларда ҳар вақт халифанинг ҳукмронлигини кенгайтириб, торайтириб, унга айрим чекловлар қўйишга қодир бўлади. Бу эса умматнинг олий кенгаш мажлиси орқали амалга ошади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу умматнинг халифани назорат қилиш ҳаққини эътироф этиб: “Агар Аллоҳнинг Китобида менинг оёқларимга кишан солиш лозимлигини топсанглар, оёқларимга кишан солинглар”, дейди[5]. У нафақат тилда, амалда ҳам умматнинг бу ҳаққини тан олди ва унга бўйин эгди. Бир тоифа кимсалар халқ номидан унга қарши чиқиб, унинг ишларини тергов қилиш талаби билан чиққанида Усмон розияллоҳу анҳу уларнинг истакларига бўйсунди ва уларнинг ушбу ҳақларини инкор қилмади, ўзи йўл қўйган бўлиши мумкин бўлган хатоларини ислоҳ  қилишга ҳозирлигини кўрсатди[6].

  • Шўро (олий кенгаш)

Исломий давлатнинг асосий қоидаларидан бири давлат раҳбарлари ва ҳокимларнинг мусулмонлар билан кенгашиши ва уларнинг фикрлари ва розиликларини олиши, ҳукм низомини шўро асосида юритиши шартлигидир.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Пайғамбар), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб иш қилувчиларни севади” [Оли Имрон: 159].

Аллоҳ таоло айтади: “Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” [Шўро: 38].

Дарҳақиқат, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу давлат бошқарувида муҳожир ва ансорлардан иборат катта саҳобалардан ташкил топган шўро мажлисига суянди. У амалдор ва ҳокимлардан: “Аммо баъд… Сизлар Умардан ажралган ҳолингизда нима устида бўлсангиз, ўша ишда давом этинглар, бошқа нарсага ўзгартирманглар! Қандай муаммо чиқса, бизга мурожаат қилинглар, биз уммат билан кенгашиб, сизларга жавоб айтамиз”, деб талаб қилган эди[7]. Унинг волий ва лашкарбошилари ҳам бу тизимга оғишмай амал қилдилар. Ғазот ва жанговар юришлар олдидан албатта ундан изн сўраб мактуб йўллашар, у ҳам ўз навбатида катта саҳобаларни йиғиб, уларнинг фикрларини олар, шундан кейингина керакли қарор ва фармонларни чиқарар эди[8]. Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳнинг Африкага ғазот қилишдан олдин ундан изн сўраб мактуб йўллагани, шунингдек, Муовия ибн Абу Суфён Қибрисни фатҳ қилиш олдидан ундан изн сўрагани каби воқеаларни бунга мисол келтириш мумкин. Шунингдек, Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлаш масаласида саҳобалардан маслаҳат олгани, Убайдуллоҳ ибн Умарнинг Ҳурмузонни қатл этиши борасида ўзаро маслаҳатлашув бўлгани ва бундан бошқа бир қанча муҳим ишлар устида бўлиб ўтган кенгаш ва маслаҳатлашувлар ҳам бунга мисол бўладики, уларни ўз ўрнида айтамиз.

  • Адолат ва тенглик

Исломий ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бири мусулмон жамиятини барпо қилишда муҳим рол ўйнайдиган ислом низоми қоидаларини ўрнатишга ҳаракат қилишдир. Ушбу қоидалар ичида энг муҳимлари адолат ва тенгликдир. Усмон Зуннурайн турли диёрлар аҳлига ёзган мактубида: “Бир-бирингизни яхшиликка буюринг, ёмонликдан қайтаринг! Мўмин киши ўзини хорликка ташламасин! Заиф киши, агар мазлум бўлар экан, мен кучлига қарши у билан биргаман, иншооллоҳ”, деб ёзган[9].

Унинг бошқаруви адолатнинг энг юксак кўринишига қурилган эди. У Кўфа волийси бўлмиш (ўзининг она бир иниси) Валид ибн Уқбанинг ичкилик ичганига гувоҳлар гувоҳлик бергач, унга шаръий ҳад (жазо) урдирди, сўнг шу сабабли волийликдан бўшатди, бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритамиз. Унинг ўрнига Саид ибн Осни қўймоқчи бўлганида Кўфа аҳолиси рози бўлмагач, Абу Мусо Ашъарийни волийликка тайинлади. Ривоят қилинишича, Усмон розияллоҳу анҳу бир куни хизматкоридан ранжиб, унинг қулоғини қаттиқроқ бураб қўяди, кейин қилган ишидан пушаймон бўлиб, шу кеча ухлолмайди ва хизматкорни ётоғига чорлаб, унинг ҳам қулоғини бураб, қасосини олишини буюради. Хизматкор аввал кўнмайди, бироқ Усмоннинг талабидан сўнг унинг айтганини қилиб, қасосини олади[10].

  • Эркинликлар

Шахс эркинлиги хулафои рошидинлар даврида ҳукумат жиддий эътибор қаратган меъёрлардан бири эди. Бу меъёр барча одамларнинг умумий эркинликларини исломий шариат чегаралари доирасида ва унга зид келмайдиган кўринишда кафолатлашни тақозо қилади. Исломнинг одамларга – барча одамларга – эркинлик беришга чақириши тарихда мисли кўрилмаган кенг кўламдаги даъват бўлди. Ҳозирги давримизда ҳаммага маълум бўлган диний эътиқод эркинлиги, кўчиш ва ҳаракатланиш эркинлиги, шахсий хавфсизлик эркинлиги, уй-жойга эга бўлиш эркинлиги, мулк эркинлиги, фикр эркинлиги каби умумий эркинликлар хулафои рошидин даврида ҳам маълум ва амал қилинган эркинликлар эди[11].

[1] Тарихи Табарий (5/443).
[2] Саҳиҳи сунанит термизий (3/200).
[3] Имом Бухорий (7145).
[4] Санҳурий, “Фиқҳул хилофат” (80-бет).
[5] Муснад Имом Аҳмад (524).
[6] Доктор Фатҳий Абдулкарим, “Ад-давла вас сиёда” (268 ва 379-бетлар).
[7] Тарихи Табарий (2/602).
[8] Футуҳ Миср (83-бет).
[9] Тарихи Табарий (4/414).
[10] Ҳамад Муҳаммад Самад, “Низомул ҳукм фий аҳди хулафои рошидин” (149-бет).
[11] Юқоридаги манба (157-158-бетлари).

Изоҳ қолдиринг