Аббосийлар давлати: Абу Жаъфар Мансур хилофати (2)

0

Мансур билан Абу Муслим ўртасидаги муносабатлар таранглашиши

Мансур билан Абу Муслим ўртасида келишмовчилик кучайиб борди. Абдуллоҳ ибн Али қўзғолонига барҳам берилганидан сўнг Абу Муслим давлат ичидаги ягона қудратли мухолиф шахс бўлиб қолди. Лекин у ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат олиб борар, ўзига Мансурнинг қўли етмаслигига тиришар эди. Ўз навбатида, Мансур ҳам ундан ҳайиқа бошлаганди, унинг Хуросонга қайтиб боришини истамас эди. Чунки Абу Муслим Хуросонга қайтиб ўрнашгудек бўлса, давлат барқарорлигига путур етиши аниқ эди, давлатнинг парчаланишига ё халифанинг тахтдан ағдарилишига олиб келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмасди. Шунинг учун Мансур унга нисбатан имкон қадар ақлу ҳикмат билан иш тутишга ва овини қўлдан чиқариб юбормасликка тиришарди. У Абу Муслимга қуйидаги мактубни ёзиб юборди: “Мен сени Миср ва Шомга волий қилдим. У сен учун Хуросондан яхшироқ. Мисрга ўзинг истаган кишини юборгин-да, ўзинг Шомда истиқомат қил, шунда амирулмўъмининга яқинроқ бўласан, сен билан кўришишни истаса, тезроқ кела оласан”[1]. Абу Муслим мактубни ўқиб ғазабланди ва: “Хуросон ўзимники бўлса-ю, у мени Миср билан Шомга волий қилармишми?!”, деди. Элчи Мансурга унинг гапини ёзиб юборди. Шундан сўнг Абу Муслим халифанинг қарорига очиқ-ойдин қаршилигини изҳор қилиб, Хуросонга қараб йўлга чиқиш ҳаракатига тушди. Мансур Анбордан Мадоинга қараб юрди ва Абу Муслимни ҳам у ерга келишга чорлади. Бу билан Мансур ўзини гўё ён бергандек кўрсатди ва Абу Муслим билан келишув томонга бир қадам босди. Энди навбатдаги қадам Абу Муслимники бўлиши керак эди. Халифанинг бу юриши агар Абу Муслим унинг ёнига келмаса, у унинг Хуросонга бўлган йўлини тўсиб қўйишга қарор қилгани ҳақидаги таҳдид бўлиши ҳам мумкин эди. Абу Муслим Зобдан унга шундай мактуб йўллади: “Амирулмўъминин – Аллоҳ уни азиз қилсин – учун душман қолмади, Аллоҳ барча душманлари устидан уни ғолиб қилди. Бизга Сосон шоҳларидан ривоят қилишардики, одатда халқлар устида тинчлик-осойишталик ҳукм суриб турган даврлар вазирлар учун энг хавфли пайт бўлар экан. Бизга сизнинг яқинингизда бўлмаслик маъқул кўринмоқда. Бизнинг аҳдга вафо қилишга – агар сиз ҳам вафо қилсангиз – ва амрингизга қулоқ тутиб, итоат қилишга қароримиз қатъий. Бироқ узоқдан турибки, хавфсизлигимиз шундадир. Агар шунга рози бўлсангиз, мен сизнинг содиқ қулингизман. Агар ўз нафсингиз истагидан бошқасига кўнмасангиз, у ҳолда мен ўз жонимни асраш учун сизга берган аҳдимни бузишга мажбурман”. Абу Муслимнинг мактубида итоат изҳори билан бир қаторда ўзи истаган ишни амалга оширишга – Хуросонга қараб йўл олишга ва агар халифа ўз фикрини ўтказишга мажбурласа, унга берган байъатини бузишга қарори қатъийлиги билан таҳдид қилиш кўриниб турарди. Мансур Абу Муслимнинг мактубига шундай жавоб йўллади: “Мактубингни англадим. Сенинг сифатинг ўз шоҳларига хиёнаткор бўлган, жиноятлари кўплигидан давлатнинг яхлитлигига путур етказишни истайдиган ва ўз роҳатларини фақат жамоатнинг тартиб-низоми бузилишида кўрадиган вазирларнинг сифати эмас, сен нима учун ўзингни уларга тенглаштирасан?! Сен итоат, самимий муносабат ва ўзингга юклатилган вазифани адо этишга лаёқат устидасан. Амирулмўъминин мактубини сенга Исо ибн Мусо билан юборди, унга қулоқ солсанг осойишталикка эришасан. Аллоҳдан сўрайманки, шайтоннинг васвасаларини сендан тўссин. Зеро, шайтон сенинг ниятингни бузиш учун сенга ўзи очган эшикдан кўра яқинроқ йўл топмабди”.

Кейин аста-секин ўртадаги ёзишмалар оҳанги шиддатли тус олиб, нафслардаги яширин гаплар ташқарига чиқа бошлади. Абу Муслим Абу Жаъфарга шундай деб ёзиб юборди: “Аммо баъд, мен бир кишини Аллоҳ халқларга фарз қилган ишларда имом ва йўлбошчи қилиб ушлаган эдим, у илм давраси ичида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндошлиги яқин эди. Кейин у мени Қуръон билан адаштирмоқчи бўлди, арзимас нарсани тамаъ қилиб Қуръон оятларини ўз ўрнидан ўзгартирди, алдов йўли билан ўзгаларни паст-тубан ҳолга туширган кимсага ўхшаб қолди. У мени қилич яланғочлашга, раҳм-шафқатдан юз ўгиришга, узрни қабул қилмасликка, хатоларни кечирмасликка буюрди. Мен сизларнинг ҳукмингиз остида шундай қилдим. Сўнг мени Аллоҳ тавба билан қутқарди. Агар мени кечирса, У қадимдан кечириш сифати билан маъруф Зотдир. Агар мени азобласа, қилган гуноҳларим туфайлидир. Раббинг бандасига зулм қилувчи эмасдир”.

Абу Жаъфар Абу Муслимга шундай мактуб йўллади: “Аммо баъд, қалбларни занг босиб, гуноҳлар қоплаб олади. Кўзингни оч эй енгилтак, эс-ҳушингни топ эй ғофил, уйғон эй мастлик уйқусига чўмган кимса! Шубҳасиз, сен ўзингдан илгаригиларни ҳам алдаган дунё барзахида хомхаёллар оғушида алданиб қолибсан! “Биз улардан илгари ҳам қанча авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?!” [Марям: 98]. Албатта Аллоҳ таолодан ҳеч ким қочиб қутула олмайди, сен ўз ёнингда бўлган менинг тобеларим ва даъватим аҳли билан мағрурланиб қолмагин. Сен агар итоатдан юз ўгирсанг, жамоатдан айрилсанг ва сенга Аллоҳдан ўзинг кутмаган нарсалар етса, ўшанда мен уларнинг ҳозир сен билан бирга қандай савлат тўкиб юрган бўлсалар, сенга қарши ўшандай савлат тўкишларини кўриб тургандекман. Кўзингни оч ва ҳаддан ошиш оқибатидан ҳазир бўл, Абу Муслим! Зеро, ким ҳаддидан тажовуз қилса, Аллоҳ уни ёрдамсиз ташлаб қўяди. Ўзингдан илгари ўтганлар қаторида келгуси авлодлар учун ибратга айланиб қолишдан эҳтиёт бўл! Дарҳақиқат, сенга ҳужжат қойим бўлди, узринг соқит бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Уларга бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озувчилардан бўлиб қолди” [Аъроф: 175]”.

Абу Муслим жавобига шундай деб ёзиб юборди: “Аммо баъд, хатингни ўқидим ва ёзганларингда сени ҳақдан бурилган ва тўғриликдан узоқлашган деб кўрдим. Чунки сен унда ноўрин мисоллар келтиргансан ва менга кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни ёзгансан. Биладиган кишилар билан билмайдиган кимсалар тенг бўлмас. Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳнинг оятларидан чиқмадим. Балки мен – эй Абдуллоҳ ибн Муҳаммад – Қуръон оятларини сизлар ҳақингизда таъвил қилиб, ўша оятлар билан сизларга итоатни вожиб сановчи киши эдим. Сендан олдинги икки оға-инингни ва улардан кейин сени имом деб эргашдим, сизларга тобе бўлиб, ўзимни тўғри йўлда деб ҳисобладим. Бироқ мен таъвилда хато қилдим. Аллоҳ таоло айтган: “Қачон сизнинг олдингизга Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган зотлар келсалар: «Сизларга тинчлик бўлсин, Парвардигорингиз Ўз зиммасига раҳмат қилишни ёзгандир. Сизлардан ким билмасдан бирон ёмонлик (гуноҳ) қилса, сўнгра ўша ёмонлигининг кетидан тавба қилиб, (ўзини) тузатса, бас, (гуноҳи кечирилади), албатта (Аллоҳ) мағфиратли, меҳрибондир», деб айтинг” [Анъом: 54]. Сенинг ининг Саффоҳ ўзини Маҳдий қилиб кўрсатди, ваҳоланки ўзи залолатда эди. У мени қилич яланғочлашга, гумон билан одам ўлдиришга, раҳм-шафқатдан воз кечишга, тойилганни кечирмасликка буюрди. Мен сизларнинг ҳукмингизга бўйсуниб, дунё аҳлини итоатингизга чорладим. Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мени надоматга муваффақ этди, тавба сабабли мени қутқарди. Агар Ўзи мени кечирса ва афв этса, У тавба қилувчиларни кечирувчи Зот. Агар мени азобласа, гуноҳларим туфайлидир. Раббинг бандаларга зулм қилувчи эмасдир”.

Абу Жаъфар навбатдаги мактубини юборди: “Аммо баъд, эй итоатсиз жиноятчи! Иним ҳидоят имоми эди, очиқ ҳужжатлар билан Аллоҳга даъват қилар эди. У сенга тўғри йўлни кўрсатган ва унга йўллаган. Агар инимга эргашган бўлганингда, асло ҳақ йўлдан оғмаган ва шайтоннинг йўлига эргашмаган бўлардинг. Лекин қачон сенда икки йўлдан бирини танлаш имкони бўлса, сен тўғрисини ташлаб, залолатини танловчи бўлдинг. Фиръавнлар каби ўлдирасан, зўравонлик йўлини тутасан, жавру зулм билан бузғунчилар ҳукмини юритасан, молни исроф билан, ўз ўрнидан бошқа ерларга сарф этасан. Кейин эй фосиқ, билиб қўй, мен Хуросонга Мусо ибн Каъбни волий қилдим ва унга Найсобурни маскан тутишни амр этдим. Агар Хуросонни истасанг, у менинг лашкарбошиларим ва тобеларим билан бирга сенинг қаршингга чиқади. Мен сен билан тўқнашишга сенга бас келувчиларни чиқардим. Энди билганингни қил! Сенинг тутган йўлинг тўғри эмас. Аллоҳ амирулмўъмининга ва унга эргашганларга етарлидир, У нақадар яхши Вакилдир”.

[1] Ибн Асир, “Комил фит тарих” (4-жилд).

Изоҳ қолдиринг