Никоҳ шартлари: валий

0

Учинчи шарт: валий

Келин бокира ёки бева бўлишидан қатъий назар никоҳ шартномасида унинг валийси бўлиши шарт. Бу шартга далолат қиладиган талай оят ва ҳадислар бор.  Қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз:

Аллоҳ таоло айтади:  “Аёлларни ўз эрларига никоҳланишдан ман қилмангизлар” [Бақара: 232]. Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу ушбу оятнинг ўзи ҳақида нозил бўлганини айтар экан шундай дейди: “Сингилларимдан бирини бир кишига турмушга бергандим, куёвим уни талоқ қилди. Иддаси тугагач, яна қўлини сўраб келди. Шунда мен айтдим: “Мен синглимни сенга турмушга узатдим, уни сенга тўшак қилиб бердим ва шу билан сени иззат-икром қилдим. Сен бўлсанг уни талоқ қилдинг. Энди (уялмасдан) яна қўлини сўраб келдингми?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, у энди асло сенга қайтиб бормайди”. Куёвим ёмон одам эмасди. Синглим ҳам эрига қайтишни хоҳларди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Аёлларни ўз эрларига никоҳланишдан ман қилмангизлар”. Мен: “Энди ман қилмайман, эй Расулуллоҳ”, дедим”[1].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу оят никоҳ учун валий шартлиги борасидаги энг очиқ далил. Агар валий шарт бўлмаганида унинг тўсқинлик қилишида бирон маъни қолмасди. Аёл ўзини ўзи турмушга бериш ҳаққи бўлганида акасининг изнига муҳтож бўлмаган бўлур эди. Бирон ишда ихтиёр ўзида бўлган киши тўғрисида биров уни бу ишдан ман қилди дейилмайди. Ибн Мунзирнинг айтишича, саҳобаларнинг биронтаси бунга хилоф фикр билдиргани маълум эмас[2].

Абу Мусо Ашъарий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Валийсиз никоҳ дуруст бўлмайди[3].

Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қайси аёл валийларининг изнисиз турмушга чиқса, никоҳи ботилдир, ботилдир, ботилдир. (Ушбу ботил никоҳ билан эр аёлга яқинлик қилган бўлса), яқинлик қилгани сабабли аёл маҳрга ҳақли бўлади. Агар валийлар ўзаро жанжаллашиб аёлни турмушга чиқишига тўсқинлик қилсалар, у ҳолда (аёл гуёки валийсиздек саналади ва) султон валийсиз аёлнинг валийси бўлади[4].

Мазкур фикр Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумларнинг фикридир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дер эди: “Аёл ўзини ўзи турмушга бермайди, зинокор аёл ўзини ўзи турмушга беради[5].

Юқорида зикр қилинган далиллар умумий бўлиб, бокира билан бева ўртасини ажратмаган. Шу боис имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи”да қуйидагича сарлавҳа келтиради: “Валийсиз никоҳ дуруст бўлмайди” деган кишилар тўғрисидаги боб. Аллоҳ таоло айтади: “Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг иддаси тугаса, (эй аёлнинг валийлари) уларни эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг!”. Шундай қилиб бу ҳукмга бевалар ҳам, бокиралар ҳам кирди”.

Аёл киши ўзини ўзи турмушга бермаганидек, ўзга аёлни ҳам турмушга бера олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аёл аёлни турмушга бермайди. Шунингдек, аёл ўзини ҳам турмушга бермайди. Зеро, зинокор аёлгина ўзини ўзи турмушга беради[6].

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир қанча Қуръон оятлари ва ҳадислар, шунингдек, саҳобалар одати шуни кўрсатадики, аёлларни эркаклар турмушга беради. Шу пайтгача бирон бир аёл ўзини ўзи турмушга бергани маълум эмас. Бу шаръий никоҳ орқали турмушга чиққан аёл билан эркакларга жазманлик қилувчи аёллар ўртасини ажратувчи меъёрлардан биридир. Шунинг учун Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Аёл ўзини ўзи турмушга бермайди. Зеро, зинокор аёлгина ўзини ўзи турмушга беради[7].

Мавзуга доир мулоҳазалар:
(1) Шайх Муҳаммад ибн Исмоил Муқаддим ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Доно шариат мақсад ва ғояларидан бири шуки, у аёлни сурбетлик, енгилтаклик ва эркакларга мойиллик билан айбланишига сабаб бўладиган ишни қилишдан сақлади (шайх никоҳда валий шарт эканига ишора қилмоқда). Албатта, бу (яъни аёл ўзини ўзи турмушга бериши) олийжаноб ва ор-номусли кишилар ҳолатига зид ишдир[8].
(2) Агар аёл ўзини ўзи турмушга берган бўлса, бу тўғрида имом Молик шундай дейди: “Бундай никоҳ ҳар қандай ҳолатда ҳам асло тан олинмайди. Гарчи орадан узоқ вақт ўтиб, аёл эридан бир неча фарзанд кўрган бўлса ҳам. Негаки, бу никоҳ шартномасини аёлнинг ўзи тузган, бинобарин, бу иш ҳеч қачон жоиз бўлмайди[9].

Шунга кўра, баъзи мусулмон ўлкаларидаги олий ўқув юртларда рўй бераётган ишлар: талаба қизлар валийсининг рухсатисиз ўзини ўзи турмушга бериши ботил бўлиб, асло дуруст эмас. Бу ишлар худди Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтганидек зинокорнинг ишига ўхшайди.
(3) Уламолар валийларни белгилаш хусусида ихтилоф қилганлар:

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Жумҳур уламолар, жумладан, Молик, Саврий, Лайс, Шофеий ва бошқаларнинг фикрича, никоҳдаги валийлар мерос масаласидаги асабалар, яъни ота томондан бўлган қариндошлардир. Шунга кўра тоға, онанинг отаси, она бир ака-укалар ва шу каби қариндошлар никоҳда валий саналмайдилар. Ҳанафий уламоларининг фикрича, улар ҳам валийлик қила оладилар[10].

Аллома Сиддиқ Ҳасанхон ўзининг “Ар-равзатун надийя” асарида ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрини ёқлаб шундай дейди: “Менимча, бу масалада суяниш лозим бўлган фикр шундан иборатки, валийлар дегани агар аёл тенгига турмушга узатилмаган тақдирда обрў-этиборига путур етадиган унинг яқин қариндошларидир. Бу жиҳат фақат мерос масаласидаги асабаларга тегишли эмас. Балки она бир ака-ука каби шариатда меросдан муайян улуш белгиланган кишилар ёки қизнинг ўғли сингари қариндошлар ҳам аёлнинг нолойиқ кимсага турмушга чиқиши сабаб обрў-эътиборларига путур етиши ва баъзан уларга етган маънавий зарар амакивачча ва шу каби қариндошларга етган зарардан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Шундай экан, никоҳдаги валийликни фақат асабаларга, шунингдек, фақат мерос оладиган кишиларга чеклаш тўғри эмас. Кимда ким валийлик мазкур кимсаларга чекланган деб даъво қилса, у ҳолда никоҳдаги валийлик маъноси шариатда ёки араб тилида фақат ўшаларгагина чекланган эканига бирон далил келтирсин![11].

Шунга биноан, аввало жумҳур уламолар айтганидек ота томондан бўлган энг яқин қариндошлар никоҳда аёлга валийлик қилишлари лозим. Агар улардан ҳеч кимса топилмаса, у ҳолда валийлик она томондан энг яқин қариндошларга кўчиб ўтади ва бунинг бирон ножўя томони йўқ, валлоҳу аълам.
(4) Валийнинг мукаллаф, яъни балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида мусулмон бўлиши шарт қилинади. Бироқ унинг диёнатли бўлиши шартми?

Жавоб шуки, айрим уламолар валийда зоҳирий дину диёнатни шарт қилишган. Баъзи уламоларнинг айтишича, валийнинг диёнатли бўлиши шарт эмас, балки омонатдор бўлиши кифоя.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу масаладаги тўғри фикр шундан иборатки, валий турмушга узатаётган аёлга нисбатан омонат билан иш юритадиган бўлиши лозим”[12].

Кофир инсон муслима аёлга валийлик қилолмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига валий (яъни дўст ва ўзаро ёрдамчи)дирлар” [Тавба: 71]. Дарҳақиқат, Ибн Саид ибн Ос Умму Ҳабиба бинти Абу Суфёнга валийлик қилиб уни турмушга берган эди. Негаки, Умму Ҳабибанинг отаси Абу Суфён ҳаёт бўлсада, у даврда ҳануз мушрик бўлгани сабаб муслима қизига валийлиги ўтмас эди.

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар ижмо қилишича, кофир муслима қизига валийлик қилолмайди[13].
(5) Уламолар никоҳдаги валийларни қуйидаги тартибда зикр қилганлар:
1. Ота, 2. Отанинг отаси, 3. Ўғил 4. Ўғил томондан бўлган ўғил невара, эвара ёки чеваралар 5. Туғишган ака-укалар 6. Ота бир ака-укалар 7. Ака-укаларнинг ўғиллари 8. Туғишган амакилар 9. Ота бир амакилар 10. Ўғил амакиваччалар ва ҳоказо[14]

Юқорида зикр қилинган айрим валийларнинг тартибда бир биридан олдин ёки кейин туришида уламолар ўртасида ихтилоф бор.
(6) Агар аёлнинг валийлари бўлмаса, султон ёхуд мусулмонлар ҳокими унга валийлик қилади. Шунга кўра, бугунги кунда никоҳ шартномасини тузувчи диний ходим валийсиз аёлларга валийлик қилиши мумкин. Негаки, у бу хусусда ҳокимнинг ноиби ҳисобланади, валлоҳу аълам[15]. Доимий фатво қўмитасининг фикрича, мазкур ҳолатда давлатдаги шаръий қози валийсиз аёлларга валийлик қилади.
(7) Шуни билиш лозимки, гарчи қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлса ҳам унга ўгай отаси валийлик қилолмайди. Чунки ўгай ота қизнинг валийларидан саналмайди. Бироқ қизнинг валийси ўгай отасига ваколат берса, ваколат инобатга олинади ва у бошчилигида тузилган никоҳ шартномаси дуруст саналади.
(8) Айрим мусулмон жамиятларда уруғ оқсоқоли бўлади. У уруғдаги айрим қизларга нисбатан ота томондан қариндош бўлмагани учун шаръий жиҳатдан валийлик қилиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги мумкин. Бироқ уруғ ичида катта обрў-этиборга сазовор бўлгани учун уруғга мансуб оилалар қизларини оқсоқол турмушга узатишини хоҳлайдилар. Бундай ҳолатда қизнинг валийси никоҳ маросимида қатнашиши учун оқсоқолга ваколат бериши жоиз. Шунингдек, аёлнинг валийси йўқ бўлган тақдирда давлат томонидан никоҳ ўқиш учун тайинланган ходим аёлни турмушга узатиш учун ўрнига бирон кишига ваколат бериши ҳам жоиз.
(9) Агар яқин валий узоқда бўлса ва унга мурожаат қилиш имкони бўлмаса, валийлик навбатдаги валийга ўтади. Агар бошқа валий бўлмаса, у ҳолда аёлга ҳоким валийлик қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунимизда узоқда бўлган валий билан боғланиш жуда қулай бўлиб қолган. У билан замонавий алоқа воситалари орқали боғланиб фикрини билиш, ҳатто бу воситалар орқали никоҳ ўқиш ҳам жоиз. Бу ўринда унинг чиндан ҳам валий эканига ишонч ҳосил қилиш кифоя. Шундай бўлсада валийнинг никоҳ мажлисига ҳозир бўлиши имконсиз ёки сафари узоқ давом этадиган бўлса, ўрнига бирон кишини вакил қилгани афзал. Зеро, куёв танлаш суриштириш ва маслаҳатга муҳтож бўлади.
(10) Агар валий ўлимидан кейин никоҳни фалончи ўқишини васият қилиб кетса, васияти ижро этиладими? Жавоб шуки, бундай васият ижро этилмайди. Чунки валийлик ўлим билан соқит бўлади. Бироқ тирик валийлар фалончининг никоҳга бошчилик қилишини қабул қилсалар, васият дуруст бўлади. Чунки улар бу хусусда ҳақ эгалари бўлганлари боис унга бу ишни бажариши учун ваколат берган бўладилар.
(11) Бир инсон никоҳда ҳар икки томон: келин ва куёв номидан шартнома тузиши жоизми?
Жавоб: ҳа, жоиз. Бунинг бир неча кўринишлари бор:

Биринчиси: инсон шартномада бир томондан ўзи куёв бўлиб, иккинчи томондан келиннинг вакили бўлиши мумкин. Масалан, буни куёв келиннинг амакиваччаси бўлиб, келиннинг амакиваччасидан кўра яқинроқ валийси бўлмаган ҳолатда тававвур қилиш мумкин. Мазкур ҳолатда куёв никоҳ маросимида ҳозир бўлганларга шундай дейди: “Гувоҳ бўлингизким, мен амакимнинг қизи фалончига уйландим ва яна гувоҳ бўлингизким, мен уни ўзимга турмушга бердим”. Бу ҳолатнинг жоизлигига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Сафийяга уйланганлари ва маҳрига уни озод қилганларини далил қилиш мумкин.

Иккинчиси: бир киши ҳам куёв тарафидан, ҳам келиннинг валийси тарафидан вакил бўлиши. Куёв уни уйлантиришга вакил қилса, валий қизини турмушга бериш учун вакил қилади. Мазкур шахс никоҳ маросимига ҳозир бўлган гувоҳлар олдида шундай дейди: “Фалончининг қизи фалончини  фалончига турмушга бердим”.

Масала: валийнинг тўсқинлик қилиши ҳукми:

Валийнинг тўсқинлик қилиши деганда, қизи ёки қариндошига тенг ва муносиб куёв чиққанда, келин-куёв бир-бирига кўнгил қўйиб турганда уни турмушга беришдан бош тортиши, никоҳга тўсқинлик қилиши назарда тутилади.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар қиз ўзига тенг бўлган муайян бир йигитга турмушга чиқишни хоҳласа, валийси эса қизга тенг бўлган бошқа йигитга турмушга беришни хоҳласа ва қизнинг кўнгли бўлган йигитга турмушга беришдан бош тортса, валий ноўрин тўсқинлик қилган бўлади. Борди-ю,  қиз ўзига муносиб ва тенг бўлмаган йигитга турмушга чиқишни талаб қилса, у ҳолда валий унга тўсқинлик қилишга ҳақли ва мазкур ҳолатда унга ноўрин тўсқинлик қилган бўлмайди. Негаки, қиз ўзига тенг бўлмаган йигитга турмушга чиққан тақдирда валийнинг никоҳни бузишга ҳаққи бўлгач, никоҳдан олдин унга тўсқинлик қилишга янада ҳақлироқдир[16]. Никоҳда келин-куёв ўртасидаги тенглик масаласи келгусида батафсил баён қилинади, иншааллоҳ.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар қизга бирон бир йигит манзур бўлса ва йигит қизга тенг ва муносиб бўлса, у ҳолда, қизнинг акаси ёки амакиси каби валийси уни бу йигитга турмушга бериши вожиб бўлади. Агар валий қизни унга турмушга беришга тўсқинлик қилса ёки бош тортса, у ҳолда валийсидан изн сўраб ўтирмасдан навбатдаги валий ёки ҳоким қизни йигитга турмушга бериши жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Шунингдек, уламолар иттифоқ қилишганки, валий қизни ўзи хоҳламаган куёвга турмушга чиқишга мажбурлашга ҳамда ўзига тенг ва муносиб йигитга турмушга чиқишига тўсқинлик қилишга ҳаққи йўқ”[17].

Яхшиси, бу борада валийлар тартибига риоя қилиниши лозим. Барча валийлар ноўрин тўсқинлик қилган тақдирдагина ҳоким аралашиши жоиз. Чунки ҳадисда “Султон валийси йўқ аёлларнинг валийсидир”, дейилган.

[1] Бухорий (5130), Абу Довуд (2087) ва Термизий (2981) ривоят қилишган.
[2] “Фатҳул Борий” (9/187).
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (2085), Термизий (1101) ва Ибн Можа (1881) ривоят қилишган.
[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (2083), Термизий (1102), Ибн Можа (1879) ва Аҳмад (6/165) ривоят қилишган.
[5] Мазкур асарлар – саҳобалардан нақл қилинган сўзлар билан танишиш учун қуйидаги китобларга қаранг: Байҳақийнинг “Сунани кубро”си (7/111, 112), “Мусаннафи Ибн Абу Шайба “ (4/129), “Мусаннафи Абдурраззоқ” (6/200), Дорақутний (3/228).
[6] Ибн Можа (1882) ривояти. Ҳофиз Ибн Ҳажар “Булуғул маром”да ҳадис ровийларининг ишончли ровийлар эканини айтади. Ҳадисдаги охир жумладан бошқасини шайх Албоний “Ал-ирво”да саҳиҳ деган. Охирги жумланинг эса мавқуф асар, яъни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг сўзи сифатида саҳиҳ деган.
[7] “Мажмуул фатово” (32/21).
[8] “Авдатул ҳижоб” (2/355).
[9] Қаранг: “Ал-мудаввана” (2/151).
[10] “Фатҳул Борий” (9/187).
[11] “Ар-равзатун надийя” (2/19).
[12] “Аш-шарҳул мумтеъ” (5/151).
[13] “Ал-ижмоъ” (39-бет).
[14] Юқорида зикр қилинган (3) сонли мулоҳазага қаранг.
[15] Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (5/154).
[16] “Ал-муғний” (7/25).
[17] “Мажмуул фатово” (32/52-53).

Изоҳ қолдиринг