Имомга эргашган киши биринчи қаъдада салавотни ўқиса нима бўлади?

0

Савол:

Бир саволимиз бор эди: тўрт ракаатли фарз намозида имомга эргашган киши иккинчи ракаатда аттаҳийётдан кейин адашиб салавотни ҳам ўқиса, имом намозни тугатгандан кейин нима қилади? Саждаи саҳв қиладими ёки намозни қайтадан ўқийдими? Олдиндан  раҳмат.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биринчидан:

Биринчи ташаҳҳуддан кейин салавот ўқиш хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Жумҳур уламолар, жумладан ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларининг фикрича, биринчи ташаҳҳуддан кейин салавот айтилмайди. Шунингдек, бу фикр Иброҳим Нахаий, Суфён Саврий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳларнинг фикридир. Имом Шофеий мазҳабидаги мўътабар фикр ҳамда имом Шаъбийнинг фикрига кўра, биринчи ташаҳҳуддан кейин салавот айтиш мустаҳабдир.

Рожиҳ фикр жумҳур уламоларнинг фикри бўлиб, унга кўра биринчи ташаҳҳуддан кейин салавот айтилмайди.

Иккинчидан:

Рожиҳ фикрга кўра бу ўринда салавот айтиш мустаҳаб эмас экан, у ҳолда адашиб салавот ўқилса саждаи саҳв қилиш лозим. Бу ўриндаги саждаи саҳвни баъзи уламолар вожиб десалар, баъзилар мустаҳаб дейишган.

Учинчидан:

Юқорида айтилган саждаи саҳв имом ёки якка ўзи намоз ўқиган кишиларга тааллуқли. Шунга кўра имомга иқтидо қилиб турган киши қилган хатолари учун саждаи саҳв қилмайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сиз қилган мазкур хатоингиз учун намозни қайта ўқиш уёқда турсин, саждаи саҳв ҳам қилмайсиз. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек имомга иқтидо қилган киши ўзи қилган хатолари учун алоҳида саждаи саҳв қилмайди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг