Ҳожи ака ёки қори ака деб чақириш жоизми?

0

Савол:

Ҳажга бормаган ва қори бўлмаган кишиларни “ҳожи ака” ёки “қори ака” деб чақириш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Одамларни ўзи яхши кўрган лақаблар билан чақириш шариатда мустаҳаб иш саналади. Бизнинг диёримизда, шунингдек, кўпчилик ислом ўлкаларида ҳажга бориб келган кишини “ҳожи” деб чақириш одат тусига кирган. Баъзи мусулмон мамлакатларида ҳатто ҳажга бормаган бўлса-да, эҳтиром юзасидан кексаларга ҳожи деб мурожаат қилишади. Умуман олганда, модомики риёкорлик ва манманликка сабаб бўлмас экан ҳажга борган кишини “ҳожи” ёки Қуръонни ёд олган кишини “қори” дейишнинг зиёни йўқ. Агар риёкорлик ва манманликка сабаб бўлса, бундай деб чақириш жоиз эмас.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, ҳаж қилиш ёки Қуръонни ёд олиш худди намоз, рўза ва бошқа ислом рукнлари ва ибодатлари каби бир ибодат саналиб, уни холис Аллоҳ учун адо этиш лозим. Намоз ўқиган одам “намозхон ака” ёки рўза тутган одам “рўзадор ака” деб чақирилмаганидек, ҳаж ибодатини адо этган ёки Қуръонни ёд олган кишига бу ибодат бир унвон бўлиб қолмаслиги керак. Шунга биноан, имкон қадар бу сўзлар билан мурожаат қилмаслик афзалдир. Айниқса, ҳаж қилмаган ёки Қуръонни ёд олмаган кишиларга бу сўзлар билан мурожаат қилмаслик янада мақсадга мувофиқдир. Чунки бу сўзлар шаръий истилоҳ бўлиб, уни ўз ўрнида ишлатган маъқул, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг