Умар розияллоҳу анҳунинг илму ҳикмати ва фазилатларидан баъзи намуналар (1)

0

Амирулмўъминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу афзалликда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейинги ўринда туради. У бутун башарият ичра пайғамбарлардан ва Абу Бакр Сиддиқдан кейин мутлақ энг афзал шахсдир. Ҳар бир мусулмон унинг фазли ва даражаси ҳақида ана шундай эътиқодда бўлмоғи лозим бўлади. Зеро, нажот топувчи тоифа бўлмиш аҳли суннат вал жамоатнинг эътиқоди шудир.

Форуқ розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида бир қанча ҳадислар ва машҳур хабарлар келган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  • Иймони, илми ва дини:

Абдуллоҳ ибн Ҳишомдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис Умар розияллоҳу анҳунинг иймони нақадар комиллик даражасига етганидан хабар беради: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик, у зот Умар ибн Хаттобнинг қўлидан ушлаб турган эдилар. Умар: “Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўз жонимдан бошқа барча нарсадан суюмлироқсиз”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, то сизга ўз жонингиздан ҳам суюмлироқ бўлмагунимча (иймонингиз комил бўлмайди)”, дедилар. Шунда Умар: “Аллоҳга қасамки, сиз энди менга ўз жонимдан ҳам суюмлироқсиз”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ана энди (тўғри бўлди), эй Умар”, дедилар[1].

Мана бу ҳадис эса Форуқнинг илмда энг устун кишилардан бўлганига далолат қилади:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тушимда менга бир коса сут келтирилди. Қониб ичдим, қониш то тирноқларимгача сизиб бораётганини кўриб турардим. Кейин ортганини Умар ибн Хаттобга бердим”, дедилар. Саҳобалар: “Буни нимага йўйдингиз, ё Расулуллоҳ?” дейишган эди: “Илмга”, дедилар[2]. (Муттафақун алайҳ).

Сутни илмга таъбир қилишлари ҳар иккиси манфаати кўплиги ва солиҳликка сабаб бўлиши жиҳатидан бўлиб, сут бадан озуқаси, илм эса маънавий озуқа саналади. Ҳадис Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатига далолат қилади… Ҳадисдаги илмдан мурод – валлоҳу аълам – одамларни Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннати асосида бошқариш илмидир. Умарнинг бу фазилатга хосланишига сабаб, унинг давлат бошқаруви муддати Абу Бакр Сиддиқ бошқарувидан узоқроқ муддат бўлгани учун эди. Зеро, Абу Бакрнинг халифалик муддати жуда қисқа бўлиб, унинг бошқаруви даврида фатҳлар нисбатан кам бўлган, демакки ихтилофлар ҳам деярли зоҳир бўлмаган эди. Умар розияллоҳу анҳу узоқ вақт халифа бўлиб тургани ҳолда, унинг сиёсати ва илму ҳикмат билан бошқаруви туфайли ихтилофлар чиқишига деярли йўл қўйилмади. Ихтилофлар ва фитналар асосан унинг вафотидан сўнг зоҳир бўлди.

Бу ҳадис эса Умарнинг диндаги даражасини кўрсатиб беради:

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тушимда кўрдимки, одамлар менга рўпара қилиндилар. Эгниларида кўйлак бўлиб, баъзилариники кўкракларига етар, баъзилариники ундан пастроқда эди. Менга Умар ибн Хаттоб рўпара қилинди, унинг кўйлаги ерга судралиб борарди”, дедилар. “Буни нимага йўйдингиз, ё Расулуллоҳ?”, деб сўрашган эди: “Динга”, деб жавоб бердилар[3].

Умарнинг ҳайбати, шайтон ундан қўрқиши:

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига киришга ижозат сўради. Ҳузурларида қурайшлик аёллар бўлиб, улар у зотга овозларини баралла қўйиб, бемалол гапиришаётган эди. Умар ибн Хаттоб киришга изн сўрагач, улар ҳижобларига ёпишдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бердилар. Умар кирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулаётган эдилар. “Аллоҳ сизни кулдирсин, ё Расулуллоҳ”, деди Умар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен манави ҳузуримдаги хотинлардан ажабланиб кулаяпман. Сизнинг овозингизни эшитишлари билан ҳижобларига ёпишиб қолишди”, дедилар. Умар: “Ҳайбатланишларига сиз ҳақлироқсиз, ё Расулуллоҳ”, деди, сўнг хотинларга қараб: “Эй ўз жонига душманлар, мендан ҳайиқасизлар-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайиқмайсизларми?!”, деди. Улар: “Ҳа, сиз қўрс ва қўполсиз, Расулуллоҳ ундай эмаслар”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўяверинг, эй Ибн Хаттоб, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизнинг йўлингиздан чиқиб қолса, албатта бошқа йўлга юриб кетади”, дедилар[4].

Бу умматнинг илҳом ато этилган кишиси:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан илгариги умматлар ичида муҳаддас (ҳақни сўзлашга илҳом берилган) кишилар бўлган. Агар менинг умматимда ҳам шундай одам бўлса, у Умардир”, дедилар[5].

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадисда Умар розияллоҳу анҳунинг улкан салоҳият ва фазилат эгаси экани уқтирилмоқда. Уламолар “муҳаддас”дан мурод нималиги ҳақида турли фикрларни айтганлар. Баъзилар “илҳомлантирилган” деб маъно берган, баъзилар: “Қасдсиз ҳолда тилига тўғрилик жорий бўладиган киши” дейишган, “Пайғамбар бўлмагани ҳолда фаришталар қулоғига сўзлайдиган киши”, деган, “ўта фаросатли инсон” маъносида деб айтганлар ҳам бор. Умарни бу улуғ сифатга хослашлари сабаби, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир неча ҳолатларда Умардан содир бўлган сўз ва ишларни қувватлаб Қуръони Каримда оятлар нозил бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳам ундан бир неча кароматлар содир бўлган[6].

Барча саҳобалар ичидан Умарнинг бу улуғ мақтовли сифатга хосланишидан унинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ҳам афзаллиги келиб чиқмайди. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Умар розияллоҳу анҳунинг бу сифатга хосланиши унинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан афзаллигига далолат қилади, деб ўйламанг. Аксинча, ушбу сифат Сиддиқнинг энг буюк хислатларидан бўлиб, у нубувват ҳовузидан қониб-қониб симиргани ва рисолат кўкрагидан тўйиб эмгани боис илмни илҳом ё бошқа йўл билан олишга эҳтиёжи йўқ эди”[7].

Унинг тортишидек сув тортадиган полвон кўрмадим:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Тушимда кўрдимки, бир қудуқ ёнида эканман, унинг устида бир челак бор экан. Шунда мен қудуқдан Аллоҳ хоҳлаганича сув тортдим, кейин челакни Абу Бакр олиб, ундан бир-икки челак сув тортди, унинг тортишида бироз заифлик бор эди, Аллоҳ уни Ўзи кечиргай. Кейин у катта челакка айланиб қолди ва уни Умар ибн Хаттоб қўлига олди. Мен Умар ибн Хаттобнинг тортишидек сув тортадиган биронта ҳам полвонни кўрмаганман, ҳатто одамлар туяларини суғориб, қўраларига қайтариб кетишди.[8].

Имом Муслим ривоятида: “Кейин Ибн Хаттоб келиб, челакни ундан олди, сув тортишда ундан кўра кучлироқ бирон кишини кўрмадим, ҳатто одамлар (сувга қониб) қайтиб кетишди, ҳовуз эса лиммо-лим турарди[9].

Имом Нававий ҳадис шарҳида айтади: “Уламоларнинг айтишларича, ушбу туш Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифалик даврларида бўлиб ўтадиган ишлар, бу икковларининг гўзал сийратлари ва одамларнинг улардан фойдаланишларининг очиқ мисоли-намунасидир. Буларнинг ҳаммаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зотнинг баракалари ва суҳбатлари таъсиридан бўлганди. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг боши ва эгаси эдилар, у зот ишни мукаммал адо этдилар, Исломнинг асос-пойдеворларини ўрнатдилар, унинг усулу фуруъларини баён қилиб бердилар, одамлар Аллоҳинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб келишди. Аллоҳ таоло: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим” [Моида: 3] оятини нозил қилди, сўнг у зот вафот этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу икки йилу бир неча ой халифалик қилдилар, “бир-икки челак” деган сўзларидан мурод шу эди. У кишининг халифалик даврларида  муртадларга қарши жанг бўлиб, уларни бартараф этилди, Ислом кенгайиб борди. У кишининг вафотларидан кейин Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар, у кишининг замонларида Ислом кўп ўлкаларга ёйилди, Исломнинг ҳукмлари мисли кўрилмаган даражада татбиқ этилди. Қудуқнинг таъбири мусулмонларнинг ишлари бўлиб, ундаги сувдан мурод уларнинг ҳаётлари ва салоҳиятларидир. Уларнинг амирларини суғорувчига ўхшатилди, уларга сув етказиб беришлари эса ишларини чиройли бошқаришлари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақларида “унинг сув тортишида бироз заифлик бор эди” дейишлари билан Абу Бакрнинг фазилатини пастлатиш ва Умарнинг фазилатини ундан кўтариш тушунилмайди. Балки бу фақат уларнинг халифалик муддатлари ҳақида, Умарнинг халифалик даври узоқроқ бўлгани, унинг даврида Ислом кўпроқ ўлкаларга тарқалгани, ғалабалар, ўлжа ва мол-дунёлар кўп бўлгани учун ундан одамлар кўпроқ фойдаланишлари ҳақида хабар бериш эди, холос. “Аллоҳ уни кечиргай” деган сўзлари Абу Бакрни камситиш ёки унинг гуноҳига ишора бўлмай, шунчаки, мусулмонлар ўз сўзларини қувватлаш учун ишлатадиган бир иборадир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда келганидек, бу мусулмонлар ишлатадиган иборалардан бўлиб: “Фалон ишни қилгин, Аллоҳ сени мағфират қилсин”, дейишарди[10].

[1] Бухорий (6632). “Ас-саҳиҳ ал-муснад фий фазоилис саҳоба” (66).
[2] Муттафақун алайҳ. “Фатҳул Борий” (7/46).
[3] Муслим (2390).
[4] Бухорий (3683), Муслим (2386).
[5] Бухорий (3689), Муслим (2398).
[6] “Фатҳул Борий” (7/51).
[7] “Мифтоҳ дорус саода” (1/255).
[8] Муттафақун алайҳ.
[9] Муслим (2393).
[10] “Шарҳ Нававий ала Муслим” (15/161).

Изоҳ қолдиринг