Ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо фазилатлари ҳақида

0

Биринчи: Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу:

У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираси, у зотнинг бу дунёдаги райҳони, жаннат аҳли йигитларининг саййидларидан биридир. Онаси Фотима Заҳродир. Ҳижрий 3 йили рамазон (ёки шаъбон) ойида туғилган, 4 ё 5 йили туғилган деган сўзлар ҳам бор. Ҳижрий 50 йилда вафот этган[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Ҳасан деб номлаганлар. Али розияллоҳу анҳу айтади: Ҳасан туғилганида мен уни Ҳарб деб номладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб: “Қани, менга ўғлимни кўрсатинглар. Унга қандай исм қўйдинглар?”, дедилар. “Ҳарб”, дедим. “Йўқ, Ҳасан бўлсин”, дедилар[2]. Шундай қилиб, у зот шиддатга далолат қилувчи исмни (Ҳарб – уруш, жанг)  дилларга сурур бахш этувчи, гўзаллик маъносидаги Ҳасан исмига алмаштирдилар. Уни қўлларига олиб, ўпдилар.

Абу Рофиъ айтади: Фотима Ҳасанни дунёга келтирганида мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасаннинг қулоғига намоз азонини айтганини кўрдим[3].

Абу Рофиъ Ҳасаннинг ақиқаси ҳақида шундай деган: Фотима Ҳасанни дунёга келтирганидан сўнг: “Ўғлимга жонлиқ сўйиб, ақиқа қилайми?”, деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, сен унинг сочини ол ва сочи вазнича кумушни мискинларга садақа қил”, дедилар[4].

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  • Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдимки, елкаларига Ҳасан ибн Алини миндириб олган ҳолларида: “Эй Парвардигор! Мен уни яхши кўраман, Сен ҳам уни яхши кўргин”, дедилар[5].

  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасанга қараб: “Эй Парвардигор! Мен уни яхши кўраман, Сен ҳам уни яхши кўргин, уни яхши кўрганларни ҳам яхши кўргин”, дедилар[6].

  • Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ва Ҳасанни қўлларига олиб: “Эй Парвардигор! Мен буларни яхши кўраман, Сен ҳам уларни яхши кўргин”, дердилар[7].

  • Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда, Ҳасан ибн Али у зотнинг ёнларида эди. Бир одамларга, бир унга қараб туриб, дедилар: “Бу ўғлим саййиддир, Аллоҳ у сабабли мусулмонлардан улкан икки гуруҳ ўртасини ислоҳ қилса керак[8].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасанни саййид деб аташларида у учун буюк фахр ва юксак имтиёз бор. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратлари рост бўлиб чиқди ва Аллоҳ таоло Ҳасан розияллоҳу анҳунинг қўли билан мусулмонлар ўртасини ислоҳ қилди, қонларини тўкилишдан сақлаб қолди. Ўшанда у Муовия розияллоҳу анҳу фойдасига ўзининг халифалик ҳаққидан воз кечди. Бу воқеа ҳижрий қирқ биринчи йилда содир бўлди. Ҳасан розияллоҳу анҳу олти ой халифа бўлди. Ўша йил “жамоат (бирлашиш, бирикиш) йили”, деб ном олди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ у сабабли мусулмонлардан улкан икки гуруҳ ўртасини ислоҳ қилса керак” деган сўзларининг тасдиғи бўлди[9].

  • Саид ал-Мақбурийдан ривоят қилинади: Биз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан бирга эдик. Ҳасан ибн Али келиб, салом бериб ўтди. Биз унинг саломига алик олдик. Абу Ҳурайра уни пайқамай қолди. Биз унга: “Эй Абу Ҳурайра, Ҳасан ибн Али салом бериб ўтди”, деган эдик, Абу Ҳурайра унинг ортидан бориб: “Алайкас-салом эй саййидим”, деди. Кейин: “У саййиддир”, деди[10].

  • Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳасан ибн Алидан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшашроқ бирон киши бўлмади”[11].

  • Уқба ибн Ҳорисдан ривоят қилинади: Мен Абу Бакр розияллоҳу анҳуни кўрдимки, Ҳасанни қўлига олиб: “Отам фидо бўлсин, бу Алига эмас, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшайди”, дер, Али эса кулиб турар эди[12].

Иккинчи: Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу:

У Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари, райҳонлари ва суюклилари эди. У зотнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғли эди. Ҳижрий 4 йили туғилган (бундан бошқачароқ айтганлар ҳам бор). Ҳижрий 61 йили ошуро куни – муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ироқдаги Карбалода шаҳид қилинган. Аллоҳ ундан рози бўлсин[13].

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ва хислатлари ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  • Яъло ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳусайн мендан, мен унданман, Ҳусайнни яхши кўрганни Аллоҳ яхши кўрсин. Ҳусайннинг ўзи бир умматдир”, дедилар[14].

  • Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўришни истаса, Ҳусайн ибн Алига боқсин”, дедилар[15].

  • Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг боши Убайдуллоҳ ибн Зиёд[16] ҳузурига келтирилиб, табоққа қўйилди. Убайдуллоҳ қўлидаги чўп билан унинг юзига ниқтаб, унинг кўркамлиги ҳақида гапирди. Шунда Анас: “У улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг ўхшагани эди”, деди[17].

  • Анас розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда: Убайдуллоҳ ибн Зиёд олдига Ҳусайннинг боши келтирилганида у қўлидаги чўпни унинг тишларига теккизиб, унинг ҳуснини мақтади. Шунда мен: “Аллоҳга қасамки, мен сени хафа қиладиган гап айтаман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенинг чўпинг турган ерни ўпганларини кўрганман”, дедим[18].

Учинчи: Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг биргаликда фазилатлари ҳақида келган ҳадислар:

  • Абдураҳмон ибн Абу Нуаймдан ривоят қилинади: Бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан чивиннинг (искабтопарнинг) қони ҳақида сўради – бир ривоятда: эҳромдаги киши пашшани ўлдириши мумкинми, деб сўради, – шунда Ибн Умар: “Қайси қавм-қабиладансан?”, деб сўради. У: “Ироқликман”, деган эди, Ибн Умар: “Буни қаранглар, мендан чивиннинг қони ҳақида сўраяпти, ваҳоланки ўзлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғлини ўлдиришган! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бу иккиси – яъни Ҳасан билан Ҳусайн – менинг дунёдаги райҳонларимдир”, деганларини эшитганман”, деди[19]. Райҳон – арабча сўз бўлиб, роҳатбахш деган маънони англатади. Яъни, у зот бу иккиси менинг кўнглимга роҳат бахш этадиган, уларни кўриш билан кўзим қувониб, дилим шодликка тўладиган фарзандларимдир, дегандилар.

  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнни кўтариб, иккаласини икки елкаларига миндирганларича, ҳали унисини, ҳали бунисини ўпган ҳолда чиқиб келдилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, сиз буларни жуда яхши кўрасиз-да”, деган эди, у зот: “Ким буларни яхши кўрса, мени яхши кўрибди, ким буларни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди”, дедилар[20].

  • Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”, дедилар[21].

  • Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилаётган эдилар. Бирдан Ҳасан ва Ҳусайн эгниларида қизил кўйлак билан қоқилиб, йиқилиб кела бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб, икковларини қўлларига олдилар ва уларни олдиларга қўйдилар. Сўнг: “Аллоҳ:Сизларнинг мол-мулкларингиз ва болаларингиз фақат фитна-имтиҳондир” [Тағобун: 15], деб тўғри айтган. Мен бу икки гўдакка қарасам, қоқилиб, йиқилиб келишмоқда. Шунда сабр қилолмай, гапимни бўлиб, иккаласини кўтариб олдим”, дедилар[22].

[1] Фазоилус саҳоба (2/970). Ҳилятул авлиё (2/35).
[2] Бухорий, “Ал-адабул муфрад” (286).
[3] Сунан Абу Довуд (5105). Шайх Усмон Хамис магистрлик рисоласида ушбу ривоят санадида заифли
борлигини айтган (50-бет).
[4] Ибн Саъд, “Табақот” (1/233).
[5] Бухорий (3749).
[6] Муслим (2421).
[7] Бухорий (3747).
[8] Бухорий (3746).
[9] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (8/20). “Сияр аълом нубало” (3/144).
[10] Ҳоким, “Мустадрак” (3/169), санади саҳиҳ.
[11] Бухорий (3752).
[12] Бухорий (3750).
[13] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (8/152). “Ал-исоба” (1/331).
[14] Саҳиҳ Сунан Термизий (2970).
[15] Абу Яъло «Муснад»да ривоят қилган, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 4003)
[16] Убайдуллоҳ ибн Зиёд – Язид ибн Муовия тарафидан тайинланган Кўфа амири. Ҳижрий 76 йили қатл қилинган. “Ал-иълом” (4/193).
[17] Бухорий (3748).
[18] “Фазоилус саҳоба” (2/985). “Мажмауз завоид” (9/195).
[19] Бухорий (3753).
[20] Аҳмад, Ҳоким, Баззор ривоятлари. Албоний, “Ас-силсилатус-саҳиҳа” (2895).
[21] “Мажмауз завоид” (9/184). Албоний, “Саҳиҳ сунан ат-Термизий” (2965).
[22] “Фазоилус саҳоба (1358), санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг