Умар розияллоҳу анҳу: Илму ҳикмати ва фазилатларидан намуналар (2)

0

Умар розияллоҳу анҳунинг рашки ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаннатдаги қаср билан башорат берганлари:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тушимда жаннатга кирибман. Унда Абу Талҳанинг аёли Румайсога кўзим тушди. Оёқ товушларини эшитдим. “Ким у?”, деб сўраган эдим (Жаброил): “Билол”, деди. Бир қаср кўрдим, унинг олдида бир жория турибди. “Бу кимнинг қасри?”, деб сўрадим. “Умарники”, дейишди. Унга кириб, ичини томоша қилмоқчи бўлдим-у, кейин сизнинг рашкчилигингиз эсимга тушиб қолди, эй Умар”, дедилар. Умар: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, Сиздан рашк қилармидим?!”, деди[1].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тушимда ўзимни жаннатда кўрдим. Қарасам, бир аёл бир қаср ёнида таҳорат қилаётган экан. “Бу қаср кимники?” деб сўрасам: “Умар ибн Хаттобники”, дейишди. Шунда мен Умарнинг рашкини эслаб, орқамга бурилиб кетдим”, дедилар. Шунда Умар йиғлаб: “Сиздан рашк қиламанми, ё Расулуллоҳ?!”, деди[2].

Ушбу икки ҳадис Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг фазилатини яна ҳам очиқроқ кўрсатиб бермоқдаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатда унга атаб бино қилинган қасрни кўрганларини хабар бердилар. Бу эса унинг Аллоҳ таоло наздида нақадар улуғ даража соҳиби эканини кўрсатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Абу Бакрдан кейин энг маҳбуб киши бўлгани:

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Сизга энг суюмли инсон ким?”, деб сўрадим. “Ойша”, деб жавоб бердилар. “Эркаклардан-чи?”, деб сўрадим. “Унинг отаси”, дедилар. “Ундан кейин-чи?”, деб сўрадим. “Умар ибн Хаттоб”, дедилар. Сўнг бир неча кишиларни санадилар, шундан сўнг мени энг охирига қўйишларидан қўрқиб жим бўлдим[3].

Умарга жаннат башорати:

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Мадинадаги хурмозор боғлардан бири ичида эдим, биров эшик қоқиб қолди. У зот: “Эшикни оч ва унга жаннат билан хушхабар бер”, дедилар. Қарасам, Абу Бакр экан. Унга эшикни очдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказдим. У Аллоҳга ҳамд айтди. Кейин яна бир киши эшик қоқди. У зот яна: “Эшикни оч ва унга жаннат билан хушхабар бер”, дедилар. Бориб қарасам, Умар экан. Унга эшикни очдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказдим. У Аллоҳга ҳамд айтди. Кейин яна бир киши эшик қоқди. У зот: “Эшикни оч ва унга бошига тушадиган бало-мусибат ортидан жаннат бўлиши билан хушхабар бер”, дедилар. Бориб қарасам, Усмон ибн Аффон экан. Унга эшикни очиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказдим. У Аллоҳга ҳамд айтди, сўнг: “Аллоҳ Ўзи ёрдамчи бўлсин”, деди[4].

Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликлари ва вафотлари пайтида:

Абдуллоҳ ибн Замъа айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликлари кучайган пайтда бир неча кишилар билан бирга мен ҳам у зотнинг ҳузурларида эдим. Билол намозга азон чақирди. Шунда у зот: “Айтинглар, бир киши имом бўлиб намоз ўқиб берсин”, дедилар. Ташқарига чиқиб, одамлар орасида турган Умарга кўзим тушди. Абу Бакр йўқ экан. Мен: “Туринг эй Умар, сиз имом бўлиб намоз ўқиб беринг”, дедим. Умар намозга турди. У баланд овозли киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг такбир айтган овозини эшитиб: “Абу Бакр қаерда? Аллоҳ ҳам, мусулмонлар ҳам бунга рози бўлмайдилар!”, дедилар. Шундан сўнг Абу Бакрга одам юбордилар. У Умар намозни ўқиб бўлганидан кейин етиб келди ва одамларга имом бўлиб, намоз ўқиди. Шунда Умар менга: “Ҳолингга вой бўлгур! Мени нима қилиб қўйдинг, эй Ибн Замъа?! Аллоҳга қасамки, мени имом бўлиб намоз ўқишга буюрганингда мен фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрибдилар деб ўйлабман. Бўлмаса, мен одамларга имом бўлиб намоз ўқимаган бўлардим!”, деди. Мен дедим: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бундай деб буюрмаган эдилар, лекин мен Абу Бакрнинг йўқлигини кўргач, йиғилганлар ичида сизни имомликка энг ҳақли киши деб кўрган эдим”[5].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликлари кучайгач: “Қоғоз-қалам келтиринглар, сизларга бир хат қилиб берай, шундан сўнг сизлар асло адашмайсизлар”, дедилар. Умар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғриқ ғолиб бўлди, (хат ёзиш у зотга оғирлик қилади,) ҳузуримизда  Аллоҳнинг китоби бор, шу ўзи кифоя”, деди. Бошқалар унинг гапига қарши чиқиб, ғала-ғовур кўпайди. Шунда у зот: “Туринглар бу ердан! Менинг ҳузуримда тортишиш дуруст эмас”, деб уларни чиқариб юбордилар.[6]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларига муносабати:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари хабари жуда кўп саҳобаларга жуда қаттиқ таъсир қилди. Одамлар ўзларини йўқотиб, гангиб қолдилар. Бу ҳодисага Умар ибн Хаттобнинг муносабати ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Умар ибн Хаттоб: “Айрим мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни вафот этди деб даъво қилишмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлганлари йўқ, худди Мусо ибн Имрон Рабби ҳузурига кетиб, қавмидан 40 кун йўқ бўлиб, ўлди деб гап тарқалганидан кейин қайтиб келгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Раббилари ҳузурига кетдилар. У зот албатта қайтиб келадилар ва ўзларини ўлди деб айтган кишиларнинг қўл-оёқларини кесадилар”, дея бошлади.[7]

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: Абу Бакр Сунҳдаги уйидан отлиқ тушиб келиб, масжид эшиги олдида отдан тушди. Одамларга бир оғиз ҳам гапирмай, тўғри Ойшанинг уйларига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига борди. У зот йўл-йўл матога ўраб қўйилган эдилар. Юзларини очиб, ўпди. Сўнг йиғлаб туриб: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, Аллоҳ сизга иккита ўлимни жамламайди. Сиз ўзингизга битилган ўлимни тотибсиз”, деди.

Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: Абу Бакр ташқарига чиқди. Умар одамларга гапириб турган эди. Абу Бакр унга: “Ўтиринг эй Умар!”, деди. Умар унга парво қилмай гапираверди. Шунда Абу Бакр ташаҳҳуд айтиб, гап бошлаган эди, одамлар Умарни тарк этиб, унга юзландилар. Абу Бакр шундай деди: “Аммо баъд. Сизлардан қай бир киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ибодат қилиб келган бўлса, билсинки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Сизлардан қай бир киши Аллоҳга ибодат қилиб келган бўлса, Аллоҳ ўлмайдиган барҳаёт Зотдир. Аллоҳ айтади: “Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Бас, агар у вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди” [Оли Имрон: 144]. Ибн Аббос айтади: “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, одамлар то Абу Бакр тиловат қилмагунча ушбу оятни Аллоҳ нозил қилганини гўё билмагандек, уни биринчи бор эшитиб тургандек қабул қилдилар. Кимни кўрмай, мана шу оятни ўқиётганини эшитардим”.

Ибн Мусайяб айтади: Умар деди: “Аллоҳга қасамки, Абу Бакрнинг ушбу оятни ўқиганини эшитганимдан кейингина мен унинг ҳақ эканини билдим ва оёқларимдан мадор кетиб, ерга ўтириб қолдим. Шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан вафот этганларини англадим”[8].

[1] Бухорий (3476), Муслим (2394).
[2] Бухорий (3003), Муслим (2395).
[3] Бухорий (4100), Муслим (2384).
[4] Бухорий (3290).
[5] Абу Довуд (4660). Муснад Аҳмад (18148).
[6] Бухорий (114).
[7] Ибн Ҳишом: 2/655.
[8] Бухорий, Китобул жаноиз (1242).

Изоҳ қолдиринг